• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

АВРАСИЯ ТАДҚИҚОТЛАРИ МАРКАЗИ БИЛАН ЭКСПЕРТЛИК МУЛОҚОТИНИ КЕНГАЙТИРИШ МАСАЛАЛАРИ КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

Анқара шаҳрида Ўзбекистон делегациясининг Туркиянинг Аврасия тадқиқотлари маркази (AVİM) директори, элчи Алев Килич билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Туркия таҳлил марказлари ўртасидаги илмий-амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, минтақавий жараёнлар бўйича қўшма тадқиқотлар олиб бориш, экспертлик мулоқотларини кенгайтириш ҳамда академик нашрлар ва конференциялар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар Марказий Осиё ва Туркия ўртасидаги муносабатларнинг бугунги динамикаси ҳамда уларнинг келгуси ривожланиш тенденциялари ҳақида фикр алмашдилар. Суҳбат давомида иқтисодий интеграция жараёнлари, минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва барқарор тараққиётга хизмат қилувчи ҳамкорлик механизмларига алоҳида эътибор қаратилди.

Қайд этилганидек, глобал ва минтақавий миқёсдаги ўзгаришлар Марказий Осиё, Туркия, Жанубий Кавказ ҳамда Евроосиё маконида кечаётган жараёнларни ҳар томонлама таҳлил қилишни тақозо этмоқда. Бу эса долзарб масалалар бўйича илмий асосланган ёндашувлар ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишда таҳлил марказларининг ўрнини янада кучайтирмоқда.

Учрашув давомида таҳлил марказлари ўртасида барқарор ҳамкорлик механизмларини шакллантириш, қўшма тадқиқот лойиҳалари, экспертлар алмашинуви, давра суҳбатлари ва илмий-амалий тадбирларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Мулоқот якунида томонлар ўзаро манфаатли шерикликни изчил ривожлантириш, билим ва тажриба алмашиш кўламини кенгайтириш ҳамда келгусида қўшма ташаббусларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирдилар.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати