• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ХАЛҚАРО ПАРЛАМEНТАРИЗМ КУНИ: СEНАТДА ХАЛҚЧИЛ ПАРЛАМEНТ ИСТИҚБОЛЛАРИ МУҲОКАМА МАРКАЗИДА

Жорий йилнинг 30 июнь куни Олий Мажлис Сенатида Халқаро парламентаризм кунига бағишланган “Янги Ўзбекистонда халқчил парламент: ислоҳотлар, ташаббуслар ва ривожланиш истиқболлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар шароитида парламентнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни, парламент дипломатиясини ривожлантириш, қонун ижодкорлиги сифатини ошириш, парламент назорати самарадорлигини кучайтириш ҳамда халқаро парламент ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков маъруза билан иштирок этиб, халқчил парламентни шакллантириш, парламент назорати самарадорлигини ошириш, жамоатчилик иштирокини кенгайтириш ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга оширишда парламентнинг ўрни ва масъулияти масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

“Халқчил парламент – бу фақат қонун қабул қиладиган орган эмас. Парламент, энг аввало, халқ овозини давлат сиёсатига айлантирадиган, жамиятдаги эҳтиёж ва муаммоларни сезиш, таҳлил қилиш ҳамда уларга самарали ечим топишга хизмат қиладиган муҳим демократик институтдир”, — деди Элдор Туляков.

Шунингдек, у парламент фаолиятида шаффофлик, ҳисобдорлик, инклюзивлик ва фуқаролар иштирокини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этиб, парламентнинг кучи унинг қонун қабул қилиш ваколатида эмас, балки халқ билан доимий мулоқотни олиб боришида намоён бўлишини таъкидлади.

Маърузада “Ўзбекистон – 2030”  стратегиясини амалга оширишда парламент назоратининг аҳамиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилганидек, стратегияда белгиланган мақсадларга эришиш учун ислоҳотлар ҳаётий эҳтиёжлар, аҳоли фикри, экспертлар ва фуқаролик жамияти институтлари таклифлари билан бойитилиши зарур.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати