• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ФАРҒОНАДА “ЎЗБЕКИСТОН – 2030” СТРАТЕГИЯСИ ИЖРОСИ ЮЗАСИДАН МОНИТОРИНГ ЎТКАЗИЛМОҚДА

“Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан 13–17 июль кунлари Фарғона вилоятида “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастурида  белгиланган вазифалар ижросини ўрганишга қаратилган мониторинг тадбирлари ўтказилмоқда.

Мониторингдан кўзланган асосий мақсад – ҳудудларда белгиланган вазифаларнинг қандай амалга оширилаётганини ўрганиш, давлат дастурлари ижроси устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишдан иборат.

Тадбирлар доирасида Фарғона вилояти ҳокимлигида давлат ташкилотлари раҳбарлари иштирокида амалий мулоқот ташкил этилди. Унда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков, вилоят ҳокимлиги масъуллари ва ҳудудий давлат ташкилотлари раҳбарлари қатнашди.

Иштирокчиларга “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг асосий ғояси, устувор йўналишлари ҳамда мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиётини таъминлашга қаратилган мақсадлари юзасидан маълумот берилди. Шунингдек, Стратегияда белгиланган вазифаларни амалга оширишда давлат органлари, маҳаллий ҳокимликлар ва жамоатчиликнинг ўзаро ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Мулоқот чоғида ҳар бир ҳудуднинг ривожланиш кўрсаткичлари, аҳолини қийнаётган масалалар ва уларни ҳал этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳокама марказида бўлди. Шунингдек, давлат органлари фаолиятини натижага йўналтириш, ижрони мунтазам баҳолаш ва мониторинг натижалари асосида аниқ чоралар белгилаб бориш зарурлигига эътибор қаратилди.

Тадбирда жамоатчилик назоратини кучайтириш орқали давлат дастурлари ижросининг очиқлиги ва самарадорлигини таъминлаш, аҳоли билан мулоқотни янада фаоллаштириш ҳамда жойларда аниқланаётган муаммоларни тизимли равишда бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш юзасидан ҳам фикр юритилди.

Учрашув якунида мониторинг тадбирлари давомида шакллантириладиган таклиф ва тавсиялар тегишли давлат органларига киритилиши, улар асосида ҳудудлардаги ислоҳотлар ижросини янада такомиллаштириш бўйича амалий чоралар ишлаб чиқилиши белгиланди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати