• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ПEКИНДА ЎЗБEКИСТОН МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ 35 ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНГАН ФОТОКЎРГАЗМА ОЧИЛДИ

Жорий йилнинг 21 июль куни Пекин шаҳридаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош қароргоҳида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ташкил этилган «Ўзбекистон тараққиёти» фотокўргазмасида «Тараққиёт стратегияси» маркази делегацияси фахрий меҳмон сифатида иштирок этди. Тадбирда давлат идоралари, эксперт-таҳлилий марказлар ҳамда дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари ҳам қатнашди.

Фотокўргазмани Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги Элчихонаси маслаҳатчи-вакили Саидкамол Агзамходжаев очиб берди ва Ўзбекистоннинг Хитойдаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Фарҳод Арзиевнинг мурожаатини ўқиб эшиттирди.

Мурожаатда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида илгари сурилган ғоялар изчил амалга оширилаётгани, мамлакатда Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётгани ҳамда икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган ташқи сиёсатнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.

Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан ШҲТ Бош котиби Нурлан Ермекбаев Ўзбекистон ташкилот фаолиятига йиллар давомида муносиб ҳисса қўшиб келаётганини қайд этиб, мамлакатнинг ШҲТ доирасидаги изчил ва конструктив сиёсатини юқори баҳолади. Шунингдек, у 2022 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилган ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилиши кўп қиррали ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб берган муҳим воқеа бўлганини таъкидлади.

Шунингдек, «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков нутқ сўзлаб, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган устувор мақсад ва вазифалар ҳақида батафсил маълумот берди. Хусусан, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, рақамлаштириш, мамлакатнинг транзит салоҳиятини ошириш ҳамда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди.

Расмий маросимдан сўнг меҳмонларга Ўзбекистон тарихи, маданияти ва замонавий тараққиётини, шунингдек, Ўзбекистон–Хитой ўртасидаги «ҳар қандай шароитдаги ҳар томонлама стратегик шериклик» муносабатларининг ривожини ҳамда мамлакатимизнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги фаолиятини ёритувчи 60 га яқин фотосурат тақдим этилди. Шунингдек, Тошкент шаҳрида очилган Ислом цивилизацияси марказига бағишланган видеоролик намойиш қилинди.

Тадбир якунида Ўзбекистон Республикасининг Хитойдаги дипломатик ваколатхонаси томонидан ШҲТ Котибиятига «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» китоб-альбомлари, шунингдек, «Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан хитой тилида нашр этилган «Ўзбекистон – 2030» стратегияси тўплами совға қилинди.

«Тараққиёт стратегияси» маркази
Ахборот хизмати