• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“Ўзбекистон – 2030”: ислоҳотлар мазмуни ёшлар билан муҳокамада

Жорий йил 6 август куни Тошкент шаҳридаги Беларусь–Ўзбекистон қўшма тармоқлараро амалий техник квалификациялар институти (SBUMIPTK)да “Тараққиёт стратегияси” маркази вакиллари иштирокида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мазмун-моҳияти ва унда белгиланган устувор йўналишларга бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков сўзга чиқиб, Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиёт йўналишларини белгилаб берувчи муҳим дастурий ҳужжат эканини таъкидлади.

Қайд этилганидек, стратегияда инсон қадрини юксалтириш, кучли ва рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш, замонавий таълим ва сифатли тиббий хизматларни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, экологик барқарорликни таъминлаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш ҳамда самарали ва халқпарвар давлат бошқарувини шакллантириш каби устувор вазифалар белгиланган.

Шунингдек, стратегияни амалга оширишнинг янги механизмлари, жумладан, мақсадли кўрсаткичлар асосида натижадорликни баҳолаш, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда ислоҳотларнинг жойлардаги ижросини мониторинг қилиш тизими ҳақида маълумот берилди.

Учрашув давомида “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан амалга оширилаётган таҳлилий ва мониторинг ишлари, стратегия мазмун-моҳиятини аҳолига содда ва тушунарли шаклда етказиш борасидаги ахборот-тушунтириш фаолияти ҳам алоҳида таъкидланди. Иштирокчиларга стратегияда назарда тутилган мақсад ва вазифаларнинг мазмуни, уларнинг фуқаролар ҳаётига бевосита таъсири ҳамда мамлакатни барқарор ривожлантиришдаги аҳамияти юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилди.

Тадбир якунида институт профессор-ўқитувчилари ва талабалари ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг амалий ижроси, унда ёшларнинг ўрни, таълим тизимини ривожлантириш ҳамда замонавий касб-ҳунар эгаларини тайёрлашга қаратилган устувор вазифалар юзасидан фикр алмашдилар.

Учрашув очиқ мулоқот шаклида ўтиб, иштирокчиларга “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифалар, уларнинг амалий аҳамияти ҳамда ислоҳотлар жараёни ҳақида қўшимча маълумот олиш имконини берди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати.