
Жамшид ШАРИПОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази
бўлим бошлиғи
Сўнгги йилларда Ўзбекистон барқарор иқтисодий ўсиш ва камбағаллик даражасининг сезиларли қисқаришини намоён этиб, янада барқарор ривожланиш моделига ўтиш учун қулай макроиқтисодий замин яратмоқда. Хусусан, 2025 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 7,7 фоизни ташкил этган бўлса, аҳоли жон бошига кўрсаткич 5,6 фоизга ошди. Шу билан бирга, камбағаллик даражаси 2024 йилдаги 8,9 фоиздан 2025 йилда 5,8 фоизгача камайиб, қарийб 1,5 миллион кишининг камбағалликдан чиқишига имкон яратди.
Бироқ айни пайтда энергия истеъмолининг ортиши, тариф сиёсатининг ислоҳ қилиниши ва ҳаво сифати билан боғлиқ экологик вазиятнинг ёмонлашуви каби таркибий муаммолар ҳам кучаймоқда. Бир вақтнинг ўзида кечаётган ушбу жараёнлар бир-бирига ўзаро таъсир кўрсатиб, “яшил ривожланиш”нинг комплекс кун тартибини шакллантирмоқда.
Мазкур таҳлил 2025 йил ҳамда 2026 йил январь–февраль ойларида ўтказилган “Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” тадқиқоти натижаларига асосланган бўлиб, унда хонадонларнинг ислоҳотларга муносабати, уларнинг хулқ-атвор реакциялари, шунингдек, энергетика ва экологик трансформация шароитида дуч келаётган чекловлари акс эттирилган.
Энергетика ислоҳотлари ва экологик сиёсат соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга қарамай, барқарор иқтисодиётга ўтиш суръатлари чекланганлигича қолмоқда. Бу технологиялар ёки инвестициялар етишмаслиги билан боғлиқ анъанавий изоҳлардан ташқарига чиқадиган чуқур ва кўзга ташланмайдиган тўсиқлар мавжудлигидан далолат беради.
1. Энергетика трансформациясининг молиявий чекловлари
Энергетика секторини ислоҳ қилиш тарифларнинг ошиши билан бирга кечмоқда, бу эса аҳолининг фаровонлигига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Сўров натижаларига кўра, хонадонларнинг 20–29 фоизи электр энергияси ва газ учун тўловларни амалга оширишда қийинчиликларга дуч келмоқда. Шу билан бирга, хонадонларнинг аксарияти энергия самарадорлигини ошириш харажатларни камайтиришнинг самарали механизми бўлиши мумкинлигини англайди. Хонадонларнинг 54 фоизи энергия истеъмолини, асосан, маблағларни тежаш мақсадида қисқартирган.
Бироқ энергия самарадорлигини ошириш зарурлигини англаш ҳар доим ҳам реал инвестицияларга олиб келмайди: сўров натижаларига кўра, сўнгги беш йил давомида хонадонларнинг атиги 22 фоизи энергия самарадорлигини ошириш мақсадида уй-жойини модернизация қилган. Бундай ҳолат мослашувга бўлган эҳтиёж билан уни амалга ошириш имкониятлари ўртасида тизимли тафовут мавжудлигини кўрсатади.
Мазкур тафовутнинг асосий сабаби молиявий чекловлардир. Хонадонларнинг 60 фоиздан ортиғи молиявий кўмакнинг мавжуд эмаслигини энергия самарадорлигини оширувчи ечимларни жорий этишдаги асосий тўсиқ сифатида кўрсатган. Уй-жойни иссиқликдан изоляция қилиш, ускуналарни алмаштириш ёки замонавий технологияларни ўрнатиш учун талаб этиладиган юқори бошланғич харажатлар, айниқса тариф юкламаси ошиб бораётган шароитда, бундай инвестицияларни аҳолининг катта қисми учун имконият доирасидан ташқарида қолдирмоқда.
Шу билан бирга, энергия самарадорлигини ошириш салоҳияти юқорилигича қолмоқда. Масалан, хонадонларнинг қарийб 36 фоизи ўз уйларининг иссиқлик изоляцияси етарли эмаслигини баҳолаган бўлиб, бу энергиянинг 30–40 фоизгача йўқотилишига олиб келмоқда.
2. Аҳолининг етарли даражада хабардор эмаслиги
Яшил ривожланишнинг яна бир муаммоси аҳоли учун мавжуд давлат кўмагининг амалдаги механизмлари тўғрисидаги ахборотдан фойдаланиш имкониятининг етарли эмаслиги билан намоён бўлмоқда.
Тадқиқот маълумотларига кўра, аҳолининг қарийб 45 фоизи энергия самарадорлигини рағбатлантириш бўйича амалдаги дастурлардан бехабар. Бу амалга оширилаётган сиёсий чора-тадбирларнинг қамрови ва самарадорлигини сезиларли даражада чекламоқда.
Шу билан бирга, 2025 йил 1 июлдан бошлаб ҳукумат хонадонларга энергия аудитларини ўтказиш ва энергия самарадорлигини оширувчи ускуналарни жорий этиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар тақдим эта бошлади. Хусусан, қуёш панеллари ва қуёш сув иситкичлари қийматининг 20 фоизигача, иссиқлик насослари қийматининг 40 фоизигача субсидиялаш, шунингдек, уй-жойларнинг энергия аудитини ўтказиш харажатларининг бир қисмини қоплаш назарда тутилган. Бироқ ахборот қамровининг чекланганлиги ушбу қўллаб-қувватлаш механизмларининг самарадорлигини пасайтириб, энергия самарадорлигини оширувчи ечимларнинг кенг тарқалишини чекламоқда.
Аҳолининг экологик хабардорлик даражасининг пастлиги ҳам муҳим чеклов бўлиб қолмоқда. Экологик хатарлардан хавотирланиш даражаси юқори бўлишига қарамай, хонадонларнинг атиги 18 фоизи ҳаво сифати тўғрисидаги маълумотларни фаол излайди. Шу билан бирга, аҳолининг салмоқли қисми бундай ахборотни олишга эҳтиёж билдираётгани ахборот сиёсати ва экологик огоҳлантириш тизимларининг ҳали тўлиқ ишга солинмаган салоҳиятидан далолат беради.
Яна бир муаммо ифлосланиш манбаларининг аҳоли томонидан қабул қилиниши билан уларнинг амалдаги таркиби ўртасидаги тафовутдир. Аҳоли ҳаво сифатининг ёмонлашувини кўпинча чиқиндиларни очиқ ёқиш ва транспорт билан боғлайди. Бироқ тадқиқотлар энергетика, саноат ва иситиш тизимларининг ҳам сезиларли роль ўйнашини кўрсатмоқда. Ушбу тафовут давлат сиёсатининг самарадорлигини пасайтиради, чунки жамоатчилик қўллаб-қувватлаши нисбатан камроқ аҳамиятга эга йўналишларга жамланаётган бир пайтда, ифлосланишнинг асосий манбалари етарли даражада тартибга солинмай қолмоқда.
3. Хулқ-атвор тўсиқлари
Яшил ўтиш жараёнини секинлаштираётган қўшимча омиллардан бири хулқ-атвор хусусиятларидир. Хонадонларнинг қарийб 74 фоизи ҳаво ифлосланишини жиддий хавф деб ҳисобласада, уларнинг 43 фоизи унинг салбий таъсирини камайтириш учун ҳеч қандай чора кўрмайди.
Ҳатто чора кўраётганлар орасида ҳам кўпроқ қисқа муддатли ва кам харажат талаб қиладиган чоралар, масалан, очиқ ҳавода бўлиш вақтини чеклаш ёки ниқоблардан фойдаланиш устунлик қилади. Бу инертлик, узоқ муддатли режалаштириш имкониятларининг чекланганлиги ва мавжуд ресурсларга боғлиқ хулқ-атвор тўсиқлари мавжудлигидан далолат беради. Умуман олганда, ушбу омиллар “паст даража тузоғи”ни шакллантиради, бунда юқори даражадаги хавотир хулқ-атвор ва инвестицияларда тизимли ўзгаришларга олиб келмайди.
Умуман, аниқланган омиллар Ўзбекистонда яшил ўтиш тўсиқлари тизимли ва ўзаро боғлиқ хусусиятга эга эканини кўрсатмоқда. Молиявий чекловлар инвестицияларни амалга оширишга тўсқинлик қилса, хабардорлик даражасининг етарли эмаслиги давлат сиёсатининг самарадорлигини пасайтиради, хулқ-атвор хусусиятлари эса барқарор ечимларга бўлган талабни чеклайди. Ушбу омилларнинг ўзаро таъсири энергия самарадорлиги паст ва ифлосланиш даражаси юқори бўлган барқарор ривожланиш траекториясини шакллантиради. Уни ўзгартириш эса комплекс ёндашувни талаб этади.
4. Давлат сиёсатининг устувор йўналишлари
Аниқланган тўсиқларни бартараф этиш молиявий, ахборот ва хулқ-атвор чекловларини биргаликда бартараф этишга қаратилган комплекс ёндашувни талаб қилади.
Асосий йўналиш энергия самарадорлигини оширувчи ечимларни молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш, жумладан, имтиёзли кредитлашни ривожлантириш, инвестицияларни субсидиялаш ва хусусий капитални жалб этишдан иборат бўлиши лозим. Бу юқори бошланғич харажатлар билан боғлиқ асосий тўсиқни бартараф этиш имконини беради.
Шу билан бирга, тариф ва ижтимоий сиёсатни интеграция қилиш талаб этилади. Тарифларни ислоҳ қилиш аҳолининг заиф қатламларини манзилли қўллаб-қувватлаш билан бирга олиб борилиши лозим. Бу ижтимоий хатарларни камайтириш ва ислоҳотларнинг барқарорлигини ошириш имконини беради.
Ахборот сиёсатини кучайтириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ҳаво сифати тўғрисидаги маълумотларнинг шаффофлигини ошириш ва ахборот етказиш каналларини кенгайтириш аҳолининг жараёнлардаги иштирокини кучайтириш ҳамда ифлосланиш манбаларининг қабул қилинишини тўғрилаш имконини беради.
Энергия истеъмолини янада оқилона ташкил этиш ва энергия самарадорлигига инвестицияларни рағбатлантиришга қаратилган хулқ-атвор воситаларидан фойдаланиш орқали қўшимча самарага эришиш мумкин.
Ниҳоят, экологик сиёсатнинг асосий йўналишлари сифатида саноат чиқиндиларини назорат қилиш, энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш, барқарор транспортни ривожлантириш ҳамда ҳаво сифатини комплекс бошқаришга ўтиш устувор бўлиб қолади.
Таҳлил шуни кўрсатадики, Ўзбекистонда яшил ривожланиш технологик чекловлардан кўра, молиявий, институционал ва хулқ-атвор билан боғлиқ яширин тўсиқлар мажмуаси сабабли кўпроқ секинлашмоқда.
Шу билан бирга, аҳолининг ўзгаришларга юқори даражада тайёрлиги ҳамда энергия истеъмоли ва ифлосланишни камайтиришнинг сезиларли салоҳияти яшил ривожланишни жадаллаштириш учун мустаҳкам асос яратмоқда. Хусусан, хонадонларнинг 80 фоиздан ортиғи энергия самарадорлигини харажатларни камайтириш воситаси сифатида кўриб чиқишга тайёр, 82 фоизи эса ҳаво сифатини яхшилаш бўйича чора кўришга тайёрлигини билдирган.