• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ ИСЛОҲОТЛАР САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРАДИ

Наманганда давлат дастурлари ва стратегик режалаштириш ҳужжатларини амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирокини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази, Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси Наманган вилояти бўлинмаси ҳамкорлигида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда “Тараққиёт стратегияси” маркази раҳбарияти ва масъул ходимлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, Кенгаш котибияти ва адлия бошқармаси вакиллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга оширишда давлат органлари, маҳаллий Кенгашлар ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков таъкидлаганидек, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва инсон қадрини юксалтиришдан иборат.

— Аҳоли фаровонлигини ошириш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва давлат бошқарувида очиқликни таъминлаш фақат давлат органларининг саъй-ҳаракатлари билан чекланиб қолмаслиги керак. Бу жараёнда аҳоли, вакиллик органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштироки муҳим аҳамиятга эга, — деди Элдор Туляков.

Мулоқотда “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг 83-мақсади доирасида нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг давлат дастурлари ижросидаги иштирокини кенгайтириш ҳамда жамоатчилик назорати механизмларини такомиллаштириш масалаларига тўхталиб ўтилди.

Таъкидланганидек, стратегик мақсадларга эришишда жамоатчилик ташаббуслари ва фуқаролик жамияти институтларининг иштироки ислоҳотларнинг манзиллилиги ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Шу боис маҳаллий даражада нодавлат нотижорат ташкилотлари билан давлат органлари ва Кенгашлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳим.

Давра суҳбати давомида давлат органлари, маҳаллий Кенгашлар ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, жамоатчилик иштирокини кенгайтириш ҳамда “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати