• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ” МАРКАЗИ ВАКИЛИ ТУРКИЯДАГИ ХАЛҚАРО ОЛИЙ ТАЪЛИМ ДАСТУРИДА ИШТИРОК ЭТМОҚДА

Анқара шаҳрида Хориждаги турклар ва қардош жамоатлар бошқармаси (YTB) ташаббуси билан “Туркий дунё олий таълимида ҳамкорлик” (ORTAK) дастури бўлиб ўтмоқда. 7–11 сентябрь кунлари давом этадиган халқаро дастурда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Шимолий Кипр Турк Республикаси ва Венгриядан олий таълим соҳаси вакиллари, олимлар ҳамда экспертлар иштирок этмоқда.

Тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи Жамшид Шарипов ҳам қатнашмоқда. Дастур доирасида туркий давлатлар ўртасида олий таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, академик алоқаларни мустаҳкамлаш, илмий-тадқиқот ва технологик шерикликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинмоқда.

Тадбирнинг очилиш маросимида YTB раҳбари Абдулҳади Турус, Туркия–Ўзбекистон парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси, депутат Усмон Местен, Туркия Фанлар академияси (TÜBA) президенти, профессор доктор Музаффар Шекер ҳамда ORTAK дастурининг академик координатори, Ҳажеттепе университети Таълим факультети декани, профессор доктор Шефика Шуле Эрчетин иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар туркий дунё мамлакатлари ўртасидаги тарихий ва маданий яқинликни таълим ва илмий ҳамкорлик орқали янада мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади. Хусусан, олий таълим соҳасида умумий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, илмий салоҳиятни бирлаштириш ва инсон капиталини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

ORTAK дастури “тилда, фикрда, ишда бирлик” тамойили асосида туркий дунё мамлакатлари ўртасида таълим ва академик ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган. Унда иштирокчилар ўзаро тажриба алмашиши, қўшма илмий-таълимий лойиҳаларни шакллантириши ҳамда узоқ муддатли ҳамкорлик механизмларини муҳокама қилиши кўзда тутилган.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати