• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“ЎЗБЕКИСТОН — 2030” СТРАТЕГИЯСИ ДОИРАСИДА ТАҲЛИЛИЙ ҲАМКОРЛИКНИ ЙЎЛГА ҚЎЙИШ ТАКЛИФ ЭТИЛДИ

Жорий йил 14 сентябрь куни “Тараққиёт стратегияси” марказида Марказ ижрочи директори Элдор Туляков ва Швециянинг Халқаро ҳамкорлик ва олий таълим бўйича фонди бош илмий ходими, доктор Саид Ирандуст ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида Элдор Туляков меҳмонни Марказ фаолияти, унинг асосий иш йўналишлари ҳамда “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг мазмун-моҳияти ва устувор мақсадлари билан таништирди.

Саид Ирандуст айни вақтда Марказий Осиё мамлакатлари стратегиялари бўйича илмий тадқиқот олиб бораётгани ҳамда Швециядан Ўзбекистонга инвестиция жалб қилиш ва швед тадбиркорларининг мамлакатимизга қизиқишини ошириш имкониятларини ўрганаётганини маълум қилди.

Учрашувда Марказ билан қўшма лойиҳалар, илмий тадқиқотлар ва тадбирларни амалга ошириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Хорижий эксперт Марказнинг давлат ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистонда таълим соҳасида фаолият юритувчи давлат идоралари билан ҳамкорлик ўрнатишда Марказ кўмагидан фойдаланиш истагини билдирди.

Суҳбат давомида “Ўзбекистон — 2030” стратегиясига алоҳида эътибор қаратилди. Саид Ирандуст стратегиянинг мақсад ва устувор йўналишлари бўйича Марказ билан ҳамкорликда таҳлилий ишлар олиб бориш ҳамда улар асосида тегишли соҳаларни ривожлантиришга қаратилган таклифларни ишлаб чиқишга тайёрлигини таъкидлаб ўтди.

Учрашув якунида томонлар илмий-тадқиқот ва таҳлилий йўналишларда ҳамкорлик қилиш, қўшма лойиҳалар ва тадбирларни амалга ошириш имкониятларини биргаликда ишлаб чиқишга келишиб олдилар.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Матбуот хизмати