• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

АНДИЖОН ВИЛОЯТИДА МАҲАЛЛИЙ ННТЛАРНИНГ ДАВЛАТ ДАСТУРЛАРИДАГИ ИШТИРОКИНИ ОШИРИШ МАСАЛАЛАРИ

“Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан 21–25 сентябрь кунлари Андижон вилоятида “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда давлат дастурларида белгиланган мақсад ва вазифаларнинг амалга оширилиш ҳолати ўрганилмоқда. Ўрганишлар доирасида белгиланган вазифалар ижроси, мавжуд муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсиялар таҳлил қилинмоқда.

Ушбу жараёнда давлат дастурларини амалга оширишда иштирок этаётган маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаоллигини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу мақсадда, Андижон вилояти ҳокимлигида “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгаши ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси билан ҳамкорликда давра суҳбати ташкил этилди.

Унда “Тараққиёт стратегияси” маркази масъул ходимлари, Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгаши депутатлари, вилоят адлия бошқармаси масъуллари, маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатида маҳаллий ННТларни давлат дастурлари ижросини ўрганиш жараёнларига кенг жалб қилиш, уларнинг фаоллигини ошириш ҳамда бу йўналишда иштирок этаётган ташкилотлар сонини босқичма-босқич ошириб бориш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи Тўлқин Турсунов маҳаллий ННТларнинг давлат дастурлари ҳамда стратегик режалаштириш ҳужжатларини амалга оширишдаги иштирокини кенгайтириш ва ролини кучайтиришнинг долзарблиги ҳақида маъруза қилди.

Таъкидланганидек, ННТларнинг давлат дастурлари ижросини ўрганиш жараёнларидаги иштироки жамоатчилик назоратини кучайтириш, ҳудудлардаги соҳавий муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқишда муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан маҳаллий нодавлат ташкилотларининг бу борадаги фаоллигини ошириш зарурлиги қайд этилди.

Андижон вилояти адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Акмалжон Азимов давлат дастурлари амалга оширилишини ўрганишда ННТларни жалб қилиш ва уларнинг фаоллигини ошириш масалалари юзасидан фикр билдирди.

Мулоқот давомида давлат органлари ва ННТлар вакиллари ўртасида фикр-мулоҳазалар алмашилиб, савол-жавоблар ўтказилди. Тадбир якунида соҳадаги ҳамкорликни янада кучайтириш, шунингдек, ННТлар фаоллигини оширишга қаратилган таклиф ва тавсиялар билдирилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати