• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ХИТОЙДА “ЎЗБЕКИСТОН ТАДҚИҚОТЛАР МАРКАЗИ” ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Хитойнинг Чжэцзян провинцияси Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиёнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига бағишланган IX халқаро симпозиум доирасида “Ўзбекистон тадқиқотлар маркази” ташкил этилди. Янги марказ Ўзбекистонда кечаётган ижтимоий-иқтисодий жараёнлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижаларини илмий ўрганишга ихтисослашади.

Шу муносабат билан “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан янги ташкил этилган тадқиқот марказига Ўзбекистондаги ислоҳотлар, стратегик ривожланиш йўналишлари ва эришилган натижаларга оид адабиётлар ҳамда таҳлилий нашрлар тақдим этилди.

Чжэцзян минтақавий ва мамлакатшунослик тадқиқотлари ассоциацияси ҳамда Чжэцзян молия ва иқтисодиёт университети ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро анжуманда Хитой, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан олимлар, давлат идоралари вакиллари, экспертлар ва ишбилармон доиралар иштирок этди.

“Марказий Осиё билан танишув: рақамлаштириш шароитида инновацион ривожланиш йўллари ва Хитой–Марказий Осиё ҳамкорлигини ривожлантириш” мавзусидаги мазкур симпозиумда рақамли трансформация, инновациялар, инвестициявий шериклик ва минтақавий ҳамкорликнинг истиқболлари муҳокама қилинди.

Халқаро тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков “Ўзбекистонда рақамли давлат бошқаруви: давлат сиёсатидаги ислоҳотлар ва Хитой билан ҳамкорлик истиқболлари” мавзусида маъруза қилди.

У ўз чиқишида Ўзбекистонда рақамлаштириш давлат бошқарувини модернизация қилиш, давлат хизматлари сифатини ошириш ва фуқаролар учун қулайликлар яратишнинг устувор йўналишларидан бирига айланганини таъкидлади.

Хусусан, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида бошланган ислоҳотлар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 2026–2030 йилларга мўлжалланган янгиланган мақсадларида изчил давом эттирилаётгани қайд этилди. Стратегиянинг 77-мақсадида белгиланган “сервис давлат” тамойили давлат хизматларини фуқаролар эҳтиёжларига мослаштиришда муҳим аҳамият касб этишига эътибор қаратилди.

Маърузада бу борадаги ўзгаришлар аниқ рақамлар мисолида кўрсатиб берилди.

Жумладан, my.gov.uz ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги давлат хизматлари сони 2024 йилдаги 525 тадан 2026 йил август ҳолатига кўра 905 тага етган. Бу икки йилдан камроқ вақт ичида хизматлар сони 380 тага ёки қарийб 72 фоизга кўпайганини англатади.

Шунингдек, БМТнинг 2024 йилги Электрон ҳукумат тадқиқотида Ўзбекистон 193 та мамлакат орасида 63-ўринни эгаллаб, 2022 йилдаги натижасига нисбатан 6 поғона юқорилаган.

2030 йилга қадар эса давлат хизматларининг 90 фоиздан ортиғини онлайн шаклга ўтказиш, камида 400 та интеграциялашган ва проактив хизматни жорий этиш ҳамда электрон ҳукумат ривожланиши бўйича дунёнинг етакчи 30 мамлакати қаторига кириш мақсад қилинган.

Элдор Туляков рақамли давлат бошқарувининг самарадорлиги фақат технологияларни жорий этиш билан эмас, балки фуқароларнинг рақамли хизматларга бўлган ишончи билан ҳам бевосита боғлиқ эканини таъкидлади.

Шу нуқтаи назардан, шахсий маълумотларни ишончли ҳимоя қилиш, аҳоли учун тушунарли ёрдам механизмларини шакллантириш, давлат органлари қарорлари устидан шикоят қилиш имкониятларини таъминлаш ҳамда сунъий интеллектдан фойдаланишда масъулият чегараларини белгилаш муҳим вазифалар сифатида кўрсатилди.

Ўзбекистон ва Хитой ўртасида рақамли ҳамкорликни кенгайтириш бўйича учта амалий ташаббус илгари сурилди.

Биринчи йўналиш — ҳаётий вазиятларга асосланган интеграциялашган давлат хизматлари бўйича пилот лойиҳаларни амалга ошириш;

Иккинчи йўналиш — “Электрон ипак йўли” ташаббуси доирасида савдо ҳужжатларини электрон алмашиш имкониятларини ўрганиш;

Учинчи йўналиш — давлат бошқаруви соҳасидаги мутахассислар салоҳиятини ошириш мақсадида икки мамлакат университетлари ва таҳлил марказлари иштирокида қўшма ўқув дастурларини йўлга қўйиш.

Шунингдек, симпозиумнинг пленар сессиясида “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи Фаррух Хакимов рақамли технологиялар ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига бағишланган муҳокамаларда иштирок этди. Тақдимотда сунъий интеллект ва рақамли технологиялар Ўзбекистон–Хитой муносабатларини икки томонлама ва кўп томонлама форматларда ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари сифатида қайд этилди.

Умуман олганда, Ханчжоудаги халқаро симпозиум Марказий Осиё ва Хитой илмий-эксперт доиралари ўртасида тажриба алмашиш, қўшма ташаббусларни муҳокама қилиш ҳамда рақамли иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш учун мулоқот майдони бўлди.

“Ўзбекистон тадқиқотлар маркази”нинг ташкил этилиши эса Ўзбекистондаги ислоҳотларни халқаро илмий доираларда чуқур ўрганиш ва икки мамлакат таҳлил марказлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар яратади.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати