• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ЎЗБЕКИСТОН ВА РОССИЯ ЭКСПЕРТЛАРИ СТРАТЕГИК РЕЖАЛАШТИРИШ БЎЙИЧА ТАЖРИБА АЛМАШДИ

2026 йил 16 октябрь куни Марказий Осиё халқаро институти ҳамда Россиянинг “Учинчи Рим” тармоқлараро экспертиза маркази ҳамкорлигида “Стратегик режалаштиришнинг замонавий ёндашувлари: Ўзбекистон ва Россия тажрибаси” мавзусида онлайн семинар ташкил этилди.

Тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков иштирок этиб, Ўзбекистонда стратегик режалаштириш тизимини такомиллаштириш, давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва уларнинг ижросини таъминлаш борасидаги тажриба юзасидан сўз юритди.

Семинар давомида стратегик режалаштиришнинг замонавий ёндашувлари, узоқ муддатли ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш механизмлари ҳамда бу борада Ўзбекистон ва Россия тажрибаси муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, технологик ўзгаришлар жадаллашиб, жаҳон иқтисодиётида трансформация жараёнлари кучайиб бораётган бугунги шароитда барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлаш ва давлат сиёсатининг устувор йўналишларини самарали амалга оширишда стратегик режалаштиришнинг аҳамияти тобора ортмоқда.

Элдор Туляков стратегик режалаштириш самарадорлиги, аввало, давлат устувор вазифаларининг жамият эҳтиёжлари билан уйғунлигига боғлиқ эканини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан, стратегик ҳужжатларни ишлаб чиқишда экспертлар ва жамоатчилик иштирокини таъминлаш, аҳоли фикрини ўрганиш ҳамда уларнинг ижросини тизимли мониторинг қилиб бориш муҳимлиги қайд этилди.

Хусусан, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси давомида 3 564 та таклиф келиб тушгани, шундан 2 153 таси асосли деб топилгани мисол сифатида келтирилди. Шунингдек, 2026 йилги Давлат дастури лойиҳаси муҳокамаси натижасида қарийб 1 000 та конструктив таклиф лойиҳага киритилгани таъкидланди.

Мазкур кўрсаткичлар стратегик ҳужжатларни шакллантириш жараёнида жамоатчилик иштироки ва таклифларини инобатга олиш борасидаги амалий тажрибани акс эттириши қайд этилди.

Семинар якунида иштирокчилар давлат стратегияларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ўзаро тажриба алмашишнинг аҳамиятини таъкидлаб, Ўзбекистон ва Россия эксперт ташкилотлари ўртасидаги профессионал мулоқотни давом эттириш масалаларига эътибор қаратдилар.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати