
Инобат Хакимова
“Тараққиёт стратегияси”
маркази бош мутахассиси
Кейинги йилларда маҳалла институтини ислоҳ қилиш, уни аҳоли ҳаётига яқин ва самарали тизимга айлантириш бўйича кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий чоралар амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-209-сонли Фармони билан “маҳалла еттилиги” ижтимоий ёрдам ва субсидияларни аҳолини камбағалликдан чиқаришга мақсадли-манзилли йўналтириш, қарорлар қабул қилишда очиқлик, ҳаққонийлик, ижтимоий адолат ва шаффофлик тамойилларига риоя этилишини таъминлаш учун масъул этиб белгиланди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-402-сон қарори билан Маҳаллалар уюшмаси ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашлар тизими ташкил этилди ва шу орқали “маҳалла еттилиги” маҳаллани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимига институционал жиҳатдан интеграция қилинди.
Мазкур ислоҳотлар Вазирлар Маҳкамасининг бир қатор қарорлари билан изчил давом эттирилди. Жумладан, 2024 йил 15 мартдаги “Маҳаллабай ишлашга масъул бўлган шахслар фаолиятини ва ҳамкорлигини самарали таъминлаш ҳамда «Маҳалла еттилиги» фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 137-сон қарор билан “маҳалланинг еттилиги” фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг намунали тузилмасига киритилди. 2024 йил 18 майдаги “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 291-сонли ва «Маҳалла еттилиги» фаолиятини самарали ташкил этиш ҳамда ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспектори фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича баҳолашда маҳалла раисининг иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 292-сонли қарорлар билан маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолияти ҳамда “маҳалла еттилиги” аъзолари фаолиятини KPI асосида баҳолаш тартиби белгиланди. 2024 йил 13 июндаги “Маҳаллалар фаолиятини тартибга солишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 334-сонли қарор билан эса “маҳалла еттилиги” томонидан аҳолини хабардор қилиш ва фуқаролар йиғини олдида оммавий ҳисобдорлик тартиби жорий этилди.
Маҳаллада “еттилик” тизимининг жорий этилиши натижасида кредит, субсидия, компенсация, моддий ёрдам ажратиш каби 100 дан зиёд хизматлар маҳалла даражасига туширилди. Бу эса аҳоли муаммоларини жойнинг ўзида ҳал этиш, манзилли ишлаш механизмларини кучайтириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини бевосита фуқароларга яқинлаштириш имконини берди. Ана шу ёндашув натижасида 8,5 миллиондан зиёд одам камбағалликдан чиққани, ишсизлик даражаси эса 2 баробар қисқаргани қайд этилмоқда. Шунингдек, 3,5 минг маҳалла қиёфаси замонавий кўринишга келди.
Шу билан бирга, манзилли ишлар кўламининг кенгайиши ҳисобига халқ қабулхоналари ва ҳокимликларга ижтимоий хизмат ҳамда ёрдам масалалари бўйича мурожаатлар 35 фоизга камайган.
Маълумот учун: Бугунги кунга келиб Ўзбекистон Республикасида 9 мингдан ортиқ маҳаллла фуқаролар йиғини ҳамда 60 минг нафардан зиёд “маҳалла еттилиги” вакиллари ва масъул ходимлари фаолият олиб бормоқда.
Ижтимоий хизматлар қамровини кенгайтириш мақсадида барча ҳудудларда “Инсон” марказлари ташкил этилди ва маҳаллаларда 102 та ижтимоий хизмат йўлга қўйилди.
Тизимнинг институционал барқарорлигини таъминлаш нуқтаи назаридан маҳалла раисларининг ваколат муддати 3 йилдан 5 йилга узайтирилди. Шунингдек, улар бошчилигида “еттилик”нинг вертикал тизими шакллантирилиб, унинг самарали фаолият юритиши учун зарур шароит, ресурс ва ваколатлар яратилди. Маҳалладаги мавжуд имкониятларни аниқлаб, уларни амалий лойиҳаларга айлантириш ва янги иш ўринлари яратиш мақсадида маҳаллаларга банкирлар ва солиқ органлари ходимлари бириктирилди, инфратузилмани ривожлантириш учун эса алоҳида маблағлар ажратилмоқда.
2025 йилдан бошлаб маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш ишларига банк тизими кенг жалб этилди. Туман ва шаҳарларда банкларнинг маҳаллабай ишлаш бўлимлари ташкил қилиниб, уларга «маҳалла банкирлари» бириктирилди. Уларнинг вазифалари аҳолининг даромад манбаларини аниқлаш, тадбиркорлик лойиҳаларини ишлаб чиқиш, кредит ресурсларидан фойдаланишга кўмаклашиш ва янги иш ўринларини яратишни қамраб олди.
Маҳалла институтини янада ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари ва уларга эришиш босқичлари “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳамда «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш» йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури ўз ифодасини топган.
«Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш» йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури ижроси доирасида маҳаллада аҳоли ташаббусларини қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари амалиётга татбиқ этилмоқда. Бугунги кунга келиб фуқароларнинг маҳаллий даражадаги қарорлар қабул қилиш жараёнидаги иштирокини кенгайтириш мақсадида “Маҳаллам – лойиҳам” дастури амалиётга жорий этилди ҳамда “Рақамли маҳалла” платформасида унинг махсус модули ва мобил иловаси ишга туширилди. Ушбу дастур доирасида “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)” мақоми бериладиган 33 та туман (шаҳар)даги 1 609 та маҳаллада “маҳалла еттилиги” ва фаоллар иштирокидаги муҳокамалар натижасида 1 390 та лойиҳа шакллантирилиб, ғолиблар бевосита аҳоли овози асосида аниқланди. Овоз беришда жараёнида қарийб 45 минг нафар фуқаро иштирок этиб, 33 та лойиҳа ғолиб деб топилди. Улар асосан спорт майдончалари, қуёш батареяли кўча ёритгичлари, болалар майдончалари, таълим муассасалари ва кутубхоналарни жиҳозлаш, пиёдалар йўлакчалари, мини парклар ва дарахтзорлар барпо этишга қаратилган.
Ислоҳотлар натижасида маҳалла аҳоли яшаш жойида давлат хизматлари, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва жамоатчилик бошқарувини уйғунлаштирган кўп функцияли институтга айланди. Маҳалла институтининг халқаро амалиётдаги ўрнини белгилаш учун хорижий қуйи бўғин моделларини уч ёндашув кесимида қиёслаш мақсадга мувофиқ: давлат бошқаруви вертикалига интеграция қилинган модель (Хитой), давлат қўллаб-қувватлайдиган жамоат тармоқлари модели (Сингапур) ва вакилликка асосланган маҳаллий ўзини ўзи бошқариш моделлари (Қозоғистон, Янги Зеландия, Франция). Бу танлов қуйи бўғин институтларининг тузилиши, таркиби, кадрлар тайёрлаш ва фаолиятни баҳолаш тартибини турли бошқарув анъаналарида солиштириш имконини беради.
Хитой. Хитой Халқ Республикасида аҳоли яшаш жойидаги қуйи бўғиндаги жамоавий ўзини ўзи бошқариш институтлари сифатида шаҳарларда — аҳоли қўмиталари, қишлоқларда эса — қишлоқ аҳолиси қўмиталари фаолият юритади. Ушбу тузилмалар аҳолининг ўзини ўзи бошқариши, ўзини ўзи тарбиялаши ва ўз эҳтиёжларига хизмат қилишига асосланган бошланғич оммавий ўзини ўзи бошқариш ташкилотлари ҳисобланади.
Иккала қўмитанинг умумий вазифалари: жамоат ишларини ташкил этиш, ижтимоий фойдали тадбирлар ўтказиш, низоларни ҳал этишга ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга кўмаклашиш, аҳоли фикр ва таклифларини халқ ҳукуматига етказиш, Конституция, қонунлар ва давлат сиёсатини тарғиб қилиш, жамоат мулкини асрашга ундаш.
Фарқлари ҳам бор. Шаҳар қўмитаси асосан жамоат саломатлиги, оилани режалаштириш, ижтимоий ёрдам ва вояга етмаганлар тарбияси масалаларида халқ ҳукуматига кўмаклашади. Қишлоқ қўмитаси бундан ташқари кооператив ва иқтисодий фаолиятни қўллаб-қувватлайди, ишлаб чиқаришни мувофиқлаштиради, жамоа ери ва мол-мулкини бошқаради, табиий ресурслар ва экологияни муҳофаза қилади, маданият, таълим, илмий билимларни ривожлантириш, гендер тенглигини таъминлаш ва қишлоқлараро ҳамжиҳатликка хизмат қилади.
Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Девони ва Давлат кенгаши Девонининг 2024 йил 1 октябрдаги жамоа ходимлари таркибини мустаҳкамлаш ҳақидаги фикрларида жамоа ходимлари атамаси бўлиб унга қуйидагича таъриф берилган: Улар асосан жамоа партия ташкилоти аъзолари, жамоа аҳолиси қўмитасининг штатдаги аъзолари (жамоа “икки қўмита”сининг штатдаги аъзолари) ва махсус жамоа ходимларидан иборат. Уларни шаҳар ёки туман даражасида ягона тартибда ишга қабул қилиш, кўча/посёлка даражасида бошқариш ва жамоалар бўйича тақсимлаш назарда тутилган. Унинг асосий фаолияти аҳоли муаммоларини жойида аниқлаш ва ҳал қилиш, уйма-уй ишлаш, ижтимоий ёрдамга муҳтожларни қўллаб-қувватлаш, мурожаатлар билан ишлаш, низоларни юмшатиш, жамоани сафарбар қилиш ва давлат қарорларини қуйи бўғинда амалга оширишдан иборат. Шунинг учун у оддий маслаҳатчи тузилма эмас, балки жамоада кундалик бошқарув ва хизматни амалга оширадиган амалий институт ҳисобланади.
Ходимлар танлов асосида қабул қилинади, сиёсий ва ахлоқий жиҳатдан сараланади, мунтазам ўқитилади ва қайта тайёрланади. Жамоа партия ташкилоти котиби ва жамоа қўмитаси раиси ҳар йили камида бир марта, бошқа жамоа ходимлари эса ҳар 3 йилда камида бир марта ўқитилиши белгиланган. Шунингдек, устоз-шогирд тизими, кейслар асосида ўқитиш ва ўзаро ўрганиш механизмлари назарда тутилган.
Сингапур. Лекин маҳаллий жамоатни бирлаштириш, ҳудудий даражада ишни ташкил этиш ва ички вазифаларни тақсимлашга доир айрим тартиблар 1960 йилги Халқ уюшмаси тўғрисидаги қонун ҳамда “Халқ уюшмаси (Жамоатни ривожлантириш кенгашлари) тўғрисида”ги қоидаларида назарда тутилган.
Халқ уюшмасининг ваколатлари бошқарув кенгаши орқали амалга оширилади. Унинг мақсадлари — аҳолининг ижтимоий, маданий, таълимий ва спорт фаолиятидаги иштирокини рағбатлантириш, кўп миллатли жамоага мансублик туйғусини мустаҳкамлаш ва етакчиликни тарбиялаш; у жамоат марказлари, клублар ва институтларни ҳам бошқаради.
Маҳаллага энг яқин бўғинлар — Аҳоли қўмиталари, Аҳоли тармоқлари ва Маҳалла қўмиталари. Улар қўшничилик ва миллатлараро яқинликни мустаҳкамлайди, аҳоли билан давлат ўртасида боғловчи бўлади, муҳит ва хавфсизлик масалаларида давлат идоралари билан ҳамкорлик қилади.
Ўзига хослиги шундаки, вазифалар битта бўғинда жамланмаган: юқорироқ ҳудудий бўғин сифатида Жамоатни ривожлантириш кенгашлари аҳоли эҳтиёжларини аниқлайди ва давлат, мактаб, жамоат ҳамда хусусий шериклар имкониятларини бирлаштириб, ҳудуд муаммоларини ҳал қилади. Шунинг учун Сингапур модели ҳуқуқий жиҳатдан марказий жамоат институти + маҳалла даражасидаги қуйи тузилмалар + ҳудудий ривожланиш кенгашлари шаклида ишлайди, деб баҳолаш мумкин.
Маҳалла қўмиталарига шу ҳудудда яшайдиган фуқаролар ёки доимий яшовчилар қўшилиши мумкин; номзодларни аҳолининг ўзи тавсия этади. Демак, маҳаллийлик ва ҳудудга боғлиқлик Сингапурда амалдаги асосий талаблардан бири сифатида қўлланади.
Жамоат етакчилари ва Халқ уюшмаси ходимлари Миллий жамоа етакчилиги институтида алоҳида ўқув тизими асосида тайёрланади.
Қозоғистон. Қозоғистонда маҳаллий ўзини ўзи бошқариш соҳасида функция жиҳатидан аҳоли иштирокини таъминлайдиган асосий институт — маҳаллий жамоат ҳамжамияти тизими ҳисобланади. Унинг асосий шакллари маҳаллий ҳамжамият йиғини ва маҳаллий ҳамжамият йиғилиши ҳисобланади. Ушбу институтнинг конституциявий асоси Қозоғистон Республикаси Конституциясининг 89-моддасида белгиланган бўлиб, унда маҳаллий ўзини ўзи бошқариш маҳаллий аҳамиятга эга масалаларни аҳоли томонидан мустақил ҳал этишини таъминлаши қайд этилган. Бу соҳадаги асосий тармоқ қонуни “Қозоғистон Республикасида маҳаллий давлат бошқаруви ва ўзини ўзи бошқариш тўғрисида”ги Қонун ҳисобланади. Ушбу қонунда маҳаллий ҳамжамият, маҳаллий ҳамжамият йиғини ва маҳаллий ҳамжамият йиғилиши тушунчалари, уларнинг шаклланиши ҳамда ваколатлари назарда тутилган. Қонунга кўра, маҳаллий ҳамжамият жиналыси маҳаллий ҳамжамият йиғини томонидан юборилган вакиллардан шакллантирилади ва маҳаллий аҳамиятга молик жорий масалаларни кўриб чиқади. Ушбу институтни ташкил этишнинг амалий тартиби “Маҳаллий ҳамжамият йиғилишини ўтказишнинг намунавий регламенти” орқали белгиланган. Мазкур намунавий регламентга мувофиқ, йиғилиш таркиби маҳаллий ҳамжамият йиғини томонидан шакллантирилади, аъзолар сони эса аҳоли миқдорига қараб белгиланади. Намунали тартибга кўра, 10 минг нафаргача аҳоли бўлган ҳудудларда жиналыс 5–10 аъзодан, 10–15 минг аҳолида 11–15 аъзодан, 15–20 минг аҳолида 16–20 аъзодан, 20 мингдан ортиқ аҳолида эса 21–25 аъзодан иборат бўлиши мумкин.
Йиғилиш аъзолари бевосита давлат органи томонидан штат ходими сифатида тайинланмайди. Уларни шакллантириш тартиби “Маҳаллий ҳамжамиятнинг алоҳида йиғинларини ўтказиш бўйича намунавий қоидалари”да назарда тутилган. Унга кўра, қишлоқ, кент ёки қишлоқ округи ҳудуди алоҳида участкаларга бўлинади, ҳар бир алоҳида йиғинда маҳаллий ҳамжамият йиғинида иштирок этиш учун вакиллар сайланади. Шу вакиллар кейинчалик йиғилиш таркибининг шаклланишида иштирок этади. Демак, институтнинг таркиби вакиллик механизми орқали ташкил этилади.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Қозоғистонда маҳаллий ҳамжамият комиссияси маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этиш учун ажратилган бюджет маблағлари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш даромад манбаларидан фойдаланиш юзасидан мониторингни қишлоқ, поселка, қишлоқ округи ёки туман аҳамиятидаги шаҳар ҳокими аппарати тақдим этган материаллар асосида амалга оширади. Комиссия режалаштирилган ва амалда эришилган кўрсаткичларни, дастурлар бўйича харажатлар, тушум ва сарфлар ҳажмини, маблағлардан мақсадли ҳамда самарали фойдаланиш ҳолатини таҳлил қилади, мониторинг натижалари бўйича ҳисобот тайёрлайди ва уни маҳаллий ҳамжамият йиғилиш муҳокамасига киритади, йиғилиш эса шу асосда тегишли тавсиялар қабул қилади.
Шунингдек, маҳаллий ҳамжамият йиғилиши маҳаллий аҳамиятга молик жорий масалалар бўйича дастурий ҳужжатлар ва маҳаллий ривожланиш дастурлари лойиҳаларини, бюджет лойиҳаси ва унинг ижроси ҳақидаги ҳисоботни, коммунал мулкни бошқаришга оид қарорларни, шунингдек бюджет ижроси мониторинги натижаларини муҳокама қилади. Бу ерда эътибор якка ходим кўрсаткичига эмас, маҳаллий ҳудуднинг умумий аҳволи ва натижасига қаратилган.
Янги Зеландия. Янги Зеландияда маҳаллий ҳамжамият кенгаши (community boards) маҳаллий ҳокимият тизими доирасида муайян ҳудуд манфаатини ифода этадиган вакиллик органи ҳисобланади. Янги Зеландия тажрибасининг эътиборга лойиқ жиҳати шундаки, маҳаллий ҳамжамият кенгаши қонунчиликда нафақат жамоа манфаатини ифода этадиган орган сифатида, балки ҳудудда кўрсатилаётган маҳаллий хизматлар устидан умумий кузатув олиб бориш, ўз ҳудуди бўйича харажатлар ва бюджетга доир таклифлар киритиш, жамоа учун аҳамиятли масалаларни расман кўриб чиқиш, маҳаллий ташкилотлар ва манфаатдор гуруҳлар билан алоқа қилиш ваколатига эга мустақил вакиллик тузилмаси сифатида ҳам мустаҳкамланган. Шунингдек, унинг таркиби, сайланадиган ва тайинланадиган аъзолар нисбати ҳамда фаолиятини маъмурий жиҳатдан таъминлаш тартиби қонун даражасида аниқ белгилангани мазкур моделнинг институционал жиҳатдан барқарор ва тартибга солинган эканини кўрсатади.
Аъзолари таркиби қонунда белгиланган бўлиб, маҳаллий ҳамжамият кенгаши сайланган аъзолардан ва, агар назарда тутилган бўлса, тегишли ҳудудий кенгаш томонидан тайинланадиган аъзолардан иборат бўлиши мумкин. Бу тузилма қайси соҳа вакилларидан тузилиши шартлиги қонунда белгиланмаган. Яъни таълим, тиббиёт, ички ишлар ёки бошқа идоралардан мажбурий квота йўқ. Қонун фақат аъзолар сайланиши ёки тайинланишини назарда тутади. У жамоавий тарзда ишлайди, чунки қонун уни алоҳида аъзолардан тузилган кенгаш сифатида белгилайди ва унинг вазифалари ҳам кенгаш сифатида амалга оширилади. Шу маънода у якка вакил эмас, балки жамоавий тузилмадир. Аъзоларнинг ўзи қонунда штатдаги ходим сифатида эмас, сайланган ёки тайинланган аъзо сифатида назарда тутилган. Бироқ тегишли ҳудудий кенгаш маҳаллий ҳамжамият кенгашига зарур маъмурий ва бошқа ёрдамни таъминлаши керак.
Франция. Франциянинг Маҳаллий ҳудудий жамоалар умумий кодексига мувофиқ, 80 000 ва ундан ортиқ аҳолига эга коммуналарда муниципал кенгаш коммуна таркибидаги ҳар бир кварталнинг чегарасини белгилайди. Ҳар бир квартал учун квартал кенгаши (conseils de quartier) тузилади. Мазкур кенгашнинг номи, таркиби ва фаолият юритиш тартиби муниципал кенгаш томонидан белгиланади.
Қонунда квартал кенгашларининг вазифаси қуйидагича белгиланган: улар мэр томонидан маслаҳат учун жалб қилиниши мумкин, шунингдек квартал ёки шаҳарга оид ҳар қандай масала юзасидан мэрга таклиф киритиш ҳуқуқига эга. Шу билан бирга, мэр уларни кварталга дахлдор чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва баҳолаш жараёнига, айниқса шаҳар сиёсати доирасида олиб бориладиган ишларга жалб қилиши мумкин.
Қонунга кўра, муниципал кенгаш квартал кенгашларига хона (local) ажратиши ва уларнинг фаолияти учун ҳар йили маблағ ажратиши мумкин. Шунингдек, қонунда 20 000 дан 79 999 нафаргача аҳолига эга коммуналар ҳам ушбу қоидаларни қўллаши мумкинлиги назарда тутилган. Қонунда фақат уларнинг таркиби ва иш тартиби муниципал кенгаш томонидан белгиланиши кўрсатилган.
Таҳлил шуни кўрсатадики, институционал тузилиши жиҳатидан “маҳалла еттилиги” Хитойдаги жамоа ходимлари тизимига энг яқин модель ҳисобланади. Ҳар икки тизимда ҳам аҳоли муаммолари уйма-уй ўрганилади, ижтимоий ёрдам манзилли кўрсатилади, давлат қарорлари қуйи бўғинда ижро этилади ва ходимлар штатли асосда фаолият юритади. Сингапур, Янги Зеландия ва Франция моделларида эса қуйи бўғин тузилмалари асосан сайланадиган ёки жамоатчилик тавсиясига кўра шаклланадиган коллегиал органлардир ва уларнинг таркибида соҳалар бўйича мажбурий вакиллик назарда тутилмаган. Шу билан бирга, кўриб чиқилган моделлар учта умумий хусусиятга эга. Биринчиси, қуйи бўғин кадрлари махсус ўқув тизими орқали тайёрланади (Хитой, Сингапур). Иккинчиси, маҳаллий маблағлар сарфи устидан ҳисобдорлик юритилади (Қозоғистон). Учинчиси, аҳоли ўз ҳудудига оид масалалар бўйича таклиф киритиш ва бюджетга таъсир кўрсатиш ҳуқуқига эга (Янги Зеландия).
Хорижий тажрибадаги ушбу умумий хусусиятлар маҳалла тизимини ривожлантиришга доир миллий ҳужжатларимизда ҳам ўз аксини топган.
«Ўзбекистон — 2030» стратегиясида маҳаллани ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, у 74-мақсад сифатида мустақил устувор вазифа тарзида белгиланган. Унга кўра маҳалла аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва ҳудудлардаги кундалик масалаларни ҳал этишда жамоатчилик билан давлат органлари ўртасидаги «таянч кўприк»ка айлантирилади. Бу мақсад доирасида аҳоли ташаббуси асосида маҳаллалар инфратузилмасига ажратиладиган маблағларни 2030 йилгача 16 трлн. сўмдан 24 трлн. сўмга, маҳаллалардаги интерактив киосклар орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари сонини 50 мингтадан 1 миллионтага етказиш белгиланган. Бундан ташқари, стратегия маҳаллада 3 940 та хотин-қизлар бандлиги ва саломатлик марказларини ташкил этиш, камида 5 мингта спорт майдончаси барпо этиш, туризм маҳаллалари сонини 140 тага етказиш ҳамда аҳолини маиший чиқиндиларни олиб чиқиш хизматлари билан маҳалла кесимида 90 фоиз қамраб олишни назарда тутади. Бу мақсадлар амалга ошиши натижасида, аҳоли кўплаб масалаларини узоққа бормасдан, ўз маҳалласида ҳал қила олади. Хусусан, болалар учун спорт майдончалари пайдо бўлади, маълумотнома ёки бошқа давлат хизматини олиш учун туман марказига қатнаш шарт бўлмайди. Ҳар бир вазифа учун аниқ рақам ва масъул идора белгилангани эса нима қилинганини ва нима қилинмаганини кўриш имконини беради. Айниқса, маҳаллаларда очиладиган хотин-қизлар бандлиги ва саломатлик марказлари уй-рўзғор ва бола тарбияси билан банд аёлларга уйидан узоқлашмасдан касб ўрганиш, ишга жойлашиш ва соғлиғига эътибор қаратиш имкониятини яратади. Энг муҳими, бу ишлар аҳолининг ўзи билдирган таклиф ва эҳтиёжларга таяниб бажарилса, маҳалла одамлар учун ўзлари иштирок этадиган ва ўзгаришни сезадиган маконга айланади.