HARAKATLAR STRATEGIYASI MARKAZI
"TARAQQIYOT STRATEGIYASI"
MARKAZI
Muhokamalar
“Фаол инвестициялар ва...
“Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури лойиҳасининг экспертлик муҳокамаси бўлиб ўтди
0 | 136 | 11 Янв. 2019 г.

2019 йил 11 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб номланган 2019 йилги Давлат дастури лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан “Тараққиёт стратегияси” маркази билан биргаликда ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, “Буюк келажак” халқаро ноҳукумат ташкилоти экспертлари, “Тараққиёт стратегияси” маркази, “Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришнинг илмий асослари ва муаммолари” илмий-тадқиқот маркази вакиллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, кенг жамоатчилик вакиллари, ОАВ ходимлари иштирок этдилар.

Сўзга чиққанлар томонидан қайд этилганидек, 253 та бандни ўз ичига олган Давлат дастури лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг 28 декабрдаги Олий Мажлисга мурожаатномасида келтирилган асосий ғоялар ва таклифлар, шунингдек 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ўз аксини топди. Хусусан, ҳужжатда давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат олиб бориш каби йўналишларда жорий йилда қўйиладиган қадамлар акс этган. Давра суҳбати давомида 2019 йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳасининг барча жиҳатлари муҳокама этилди.

Жумладан, Йил дастурига кўра, Ҳукумат аъзоларини Олий Мажлис томонидан, ҳудудий давлат органлари раҳбарларини эса тегишли халқ депутатлари Кенгашлари томонидан тасдиқлаш амалиётини жорий этиш таклиф этилмоқда. Давра суҳбати иштирокчилари томонидан қайд этилишича, бундай амалиёт вазирлар ва жойлардаги мансабдор шахсларнинг парламент ва жамоатчилик олдидаги жавобгарлигини оширишга эришиш имконини беради. Бунинг устига, янги механизмнинг жорий этилиши юқори лавозимларга номзодларни тайёрлайдиган партиялар демократик жараёнларда фаолроқ иштирок  этади. Шу муносабат билан тадбир иштирокчилари томонидан жорий этилаётган механизм самарали ишлаши ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Муҳокама этилаётган ҳужжатда иқтисодиётни ривожлантириш ва фаол инвестицияларни жалб қилиш соҳасига алоҳида эътибор қаратилгани давра суҳбатида таъкидланди. Хусусан, мамлакатимиз иқтисодиётини тубдан модернизациялашга, бюджетлараро муносабатлар изчиллигини, истеъмол товарлар нархлари барқарорлигини таъминлашга, тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестициялар жалб қилишнинг янги механизмларини жорий этишга, олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар назарда тутилган. 2020 йил 1 январдан Миллий ҳисобларнинг замонавий тизимини тўлиқ жорий этиш, 2019 йил 1 сентябргача эса солиқлар бўйича имтиёз ва преференцияларни бекор қилишни назарда тутган Солиқ кодекси янги таҳририни, Рақамли иқтисодиёт миллий концепциясини ишлаб чиқиш, суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва жадал ривожлантириш, “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳририни ишлаб чиқиш шулар жумласидандир.

Шунингдек, Дастурда “яширин иқтисодиёт” га қарши курашиш ва унинг ЯИМдаги улушини кескин камайтириш орқали мамлакатимизнинг халқаро суверен кредит рейтингини ошириш ва Глобал рақобатбардошлик рейтингига кириш бўйича ишлар назарда тутилганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Бундан ташқари, банк-молия тизимини янада ривожлантириш, иқтисодиётда давлат улушини камайтириш ҳисобига тадбиркорлик муҳитини соғломлаштириш, жаҳон бозорига интеграциялашув йўли билан мамлакатимиз экспорт салоҳиятини кучайтириш ва ҳудудларнинг мустақиллигини мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ қилиш орқали ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, илғор технологиялар жорий қилиб, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ишлари амалга оширилиши давра суҳбати иштирокчилари томонидан қўллаб-қувватланди.

Ўзбекистон Республикасида 2019-2025 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш концепциясининг муҳимлиги таъкидлаб ўтилди. Ҳужжат мамлакатимизда туризм инфратузилмасини янада такомиллаштиришга, туризм маҳсулотлари ва хизматларини диверсификация қилишга, машҳур халқаро меҳмонхона тармоқларини жалб этишга, шунингдек меҳмонхоналар қурилишининг узоқ муддатга мўлжалланган дастурини амалга оширишга, туризм тармоғи учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини ривожлантиришга қаратилган.

Тадбирда таъкидланганидек, Дастурда давлат органлари фаолияти очиқлигини таъминлашга, улар ишининг самарадорлигини оширишга, қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга, мазкур йўналишдаги нуқсонларни бартараф этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уй-жойга муҳтож инсонларга кўмаклашиш, кам таъминланган кишиларга моддий ёрдам кўрсатиш, жумладан имтиёзли уй-жой ажратиш, аҳоли саломатлигини асраш чора-тадбирлари режалаштирилган.

Тадбир иштирокчилари томонидан хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш соҳасидаги устувор йўналишларни ҳар томонлама муҳокама қилдилар. Мамлакатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, Қуролли Кучларнинг жанговар қудратини ошириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва Интернет тармоғида миллий контентни ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар қўллаб-қувватланиши билдирилди.

Шунингдек, қайд этилганидек, Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, Оролбўйи минтақасида янги муҳофаза этиладиган, жумладан трансчегаравий табиий ҳудудларни ташкил этиш 2019 йилги Давлат дастурининг муҳим йўналиши ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги Қонуннинг ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши халқаро майдонда мамлакатимиз сиёсий-иқтисодий манфаатларини илгари суришга, давлатимизнинг ташқи иқтисодий ва сиёсий фаолиятини такомиллаштиришга шубҳасиз хизмат қилиши таъкидланди.  

Давра суҳбати иштирокчилари муҳокама этилган Давлат дастури лойиҳасининг барча бандлари бўйича ўз фикрларини билдирдилар. Шунингдек, экспертлар томонидан 2019.strategy.uz ва regulation.gov.uz веб-сайтлари орқали фуқаролардан тушган амалий таклифлар кўриб чиқилди.

Тадбир якунлари бўйича лойиҳани такомиллаштириш ва қабул қилиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

 


0
Похожие новости