"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ТАДБИРКОРЛАР, ҲУҚУҚШУНОСЛАР, АДВОКАТЛАР, АУДИТОРЛАР БИЛАН УЧРАШУВ


Жорий йилнинг 21 февраль куни “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Жаҳон банкининг Doing Business (Бизнес юритиш) тадқиқоти бўйича респондентлар ҳисобланмиш тадбиркорлар, ҳуқуқшунослар, адвокатлар, аудиторлар билан давлат органлари мутасаддиларининг учрашуви ташкил этилди.

Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури ижросини таъминлаш, хусусан, «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида мамлакат рейтингини яхшилашга доир белгиланган чоралар самарадорлигини таҳлил қилишдан иборат бўлди.

Учрашувда таъкидланганидек, кейинги вақтларда Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, қисқа вақт ичида Ўзбекистон Республикаси Президентининг инвестицион муҳитни янада яхшилаш, ишбилармонликни давлат томонидан фаол қўллаб-қувватлашга қаратилган 20 та Фармони, 35 та Қарори қабул қилиниб, бир қатор қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Натижада тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш, лицензиялар ва рухсатномалар бериш тартиб-таомиллари такомиллаштирилиб, бизнес юритиш учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлаш, корпоратив бошқарувни ривожлантириш, чет эл инвестицияларини фаол жалб этиш ва инвесторларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларида қилинаётган ишлар ўз самарасини кўрсата бошлади. Натижада охирги 5 йил давомида Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» рейтингида Ўзбекистон жаҳоннинг 190 та мамлакати орасида 146 ўриндан 76 ўринга кўтарилди. Давлатимиз бизнес юритиш учун энг қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш кўрсаткичи бўйича ислоҳотчи мамлакатларнинг биринчи ўнталигидан жой олди.

Ўз навбатида, мамлакатимизда бизнес юритиш шарт-шароитларини халқаро нормалар ва стандартлар талабларига мослаштириш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш бўйича ислоҳотлар ижросини тўлиқ таъминлашда давлат органларининг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш долзарб вазифа ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 13 июлдаги “Жаҳон банки ва халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2019 йил 5 февралдаги “Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорлари тадбиркорликни тараққий эттиришда навбатдаги янги босқични бошлаб берди.

Жорий йил 5 февралдаги ПҚ-4160-сон Қарор билан Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада яхшилаш бўйича «Йўл харитаси» ва 2022 йилга келиб республиканинг 20-ўринга эришишини назарда тутувчи Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикаси рейтингини яхшилашнинг «Бизнес юритишни яхшилаш — 2022» мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, 2019 йил 1 мартдан эътиборан тадбиркорлик шарт-шароитларини янада либераллаштиришни назарда тутувчи янги тартиб жорий этилмоқда. Хусусан:

Ўзбекистон Республикаси резидентлари ҳисобланган юридик шахсларга ва якка тартибдаги тадбиркорларга уларни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида банк ҳисоб рақамларини масофадан туриб очиш;

ер участкасида қурилиши тақиқланган ёки рухсат этилган объектлар турларининг тўлиқ рўйхатини мажбурий тарзда кўрсатиб, «E-IJRO AUKSION» электрон савдо майдончасига аукцион орқали қўйилганда, ер участкаларидан мақсадли фойдаланиш тартибини бекор қилиш;

истеъмолчиларни электр таъминотидан рухсатсиз узганлик учун иқтисодий санкциялар қўллаш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нотариал идоралар томонидан давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органга ахборот-коммуникация тизимлари орқали бепул асосда юбориш;

кўчмас мулк объектининг кадастр йиғмажилди ва кадастр ҳужжатларини тайёрлаш учун электрон шаклда мурожаат қилиш ва тайёрлаш механизмини жорий этиш орқали қоғоз шаклида мурожаат қилиш ва кадастр йиғмажилдини бериш тўғрисидаги талабни бекор қилиш;

акциялар бўйича ҳисобланган дивидендларни Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси ёки инвестиция воситачилари орқали тўлаш механизмини жорий этиш;

товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатни беришни ташқи иқтисодий фаолият иштирокчисининг ариза-декларацияси асосида, ариза топширилган вақтдан бошлаб бир иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда Савдо-саноат палатаси томонидан ҳам амалга ошириш;

иқтисодий судда низоларни ҳал қилиш усули сифатида судгача мажлис ўтказиш имконини берувчи тартибни жорий этиш;

жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича судларда, маъмурий ва иқтисодий судларда фуқаролар томонидан амалга ошириладиган барча тўловларни, шу жумладан давлат божини ҳисобга олиш ва тўлашнинг ягона электрон тизими жорий этиш шулар жумласидандир.

Шунингдек, жорий йил 1 мартдан бошлаб давлат органлари томонидан тадбиркорлик субъектларидан ҳужжатларга муҳр босилишини талаб қилиш, қурилиш-монтаж ишларини бошланиши ҳақида хабардор қилиш механизмини жорий этиш орқали уларни амалга ошириш учун рухсатнома олиш, қурилиш соҳасини назорат қилувчи ҳудудий инспекциялар томонидан шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги техник жиҳатдан тартибга солиш бўйича норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши, тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ қурилиш-монтаж ишларининг сифати ва тўлиқлиги устидан назорат функцияларини бажариш юзасидан шартномалар тузиш тартиблари бекор қилинмоқда.

Шу билан бирга, 2020 йил 1 январдан бошлаб Тошкент шаҳрида шаҳарсозлик фаолияти объектини қуришни лойиҳалаштириш учун меъморий-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқишда ер участкасини «E-IJRO AUKSION» электрон савдо майдончасида аукцион орқали реализация қилиш учун материаллар тайёрланаётганда амалга ошириш ва аукцион ғолибига бепул асосда бериш юзасидан эксперимент ўтказилади.

Яқин вақт ичида Интернет тармоғида Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботи сўровномалари асосида 10 та индикатор кесимида қатъий белгиланган ахборотларни ўз ичига олган, шунингдек респондентлар — тадбиркорлик субъектлари томонидан қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар бериш имконини таъминловчи «Ўзбекистонда бизнес юритиш» веб-сайти фаолиятини бошлаш ҳам назарда тутилмоқда.

Учрашувда иштирок этган Жаҳон банкининг Бизнес юритиш тадқиқоти бўйича респондентлари мазкур масалалардаги мавжуд муаммолар, тадбиркорлик фаолиятида ҳали ҳамон учраб турган айрим тўсиқлар, бюрократик ҳолатларни бартараф этиш ва бошқа ҳал этилиши лозим бўлган масалалар юзасидан ўзларининг таклиф-мулоҳазаларини баён этишди. Ўз навбатида, давлат органлари мутасаддиларининг бу борада белгиланган чора-тадбирлар ҳақидаги ахборотлари эшитилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази