"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

НОСТРИФИКАЦИЯ ЖАРАЁНИДА ЯНГИЛИКЛАР КУТИЛМОҚДА

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ташаббуси билан “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамкорлигида Россиянинг “Главэкспертцентр” ташкилоти бош эксперти Вера Скоробогатова билан очиқ мулоқот ташкил этилди.

Унда ҳамкор ташкилотлар мутасаддилари ҳамда Россиядаги олий таълим муассасаларини тамомлаган ёшлар вакиллари иштирок этди.

Статистик маълумотларга кўра, айни вақтда 6 миллион нафардан ортиқ ўзбекистонлик ёшлар дунёнинг турли хорижий давлатларида таҳсил олмоқда. Уларнинг аксарияти турли соҳаларда илмий тадқиқот ишларини ҳам олиб боряпти.

Таъкидлаш жоиз, кейинги пайтларда хорижий давлатларда олий таълим олиб, муайян мутахассисликка эга бўлган ёшларнинг дипломларини Ўзбекистонда нострификация қилиш, яъни тан олиш бўйича қулай имкониятларни яратиш юзасидан халқаро амалиётни чуқур ўрганиб, таҳлил қилиш асносида диққатга сазовор ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу масалада Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим инспекцияси ваколатли орган ҳисобланади.

Маълум бўлишича, ўтган 2018 йилнинг ўзида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига 2,5 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Мурожаат қилганларнинг аксариятини қўшни Қирғизистон, Тожикистон Республикаларида таълим олиб келган ёшлар ташкил этган. Вазирлар Маҳкамасининг Қарорида белгиланган тартиб ва Низомга кўра, маълум синовларни ўтказиш орқали уларнинг дипломларини нострификация қилиш назарда тутилган.

Тадбирда, шунингдек, 2018 йилнинг декабрь ойида Таълим инспекцияси вакилларидан иборат делегация Россия Федерациясига бориб, Фан ва таълим соҳасини назорат қилиш федерал хизмати мутахассислари билан биргаликда “Таълим ҳужжатларини, малакавий ва илмий даражаларни ўзаро тан олиш бўйича ҳукуматлараро Битим” лойиҳасини ишлаб чиқишгани ҳақида батафсил ахборот берилди.

Ушбу битим Вазирлар Маҳкамасига киритилган бўлиб, Ҳукумат томонидан тасдиқланганидан сўнг амалиётга татбиқ этилади. Натижада бир қатор муаммоларга барҳам берилади. Яъни, мазкур Битимнинг имзоланиши икки давлат ўртасида таълим ҳужжатларини тўғридан-тўғри тан олинишига замин яратади. Ўзбекистонлик ёшлар мактабни битирганлик ҳақидаги шаҳодатнома билан Россиядаги олий таълим муассасаларида тўғридан тўғри ўқишини давом эттириши мумкин бўлади. 

Тадбирда ёшларга ушбу Битимнинг мазмун-моҳияти, шунингдек, хориж давлатларида таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификация қилиш бўйича амалдаги тартиб-қоидалар ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.

Очиқ мулоқот сўнгида Россиянинг “Главэкспертцентр” ташкилоти бош эксперти Вера Скоробогатова томонидан тадбир қатнашчиларини қизиқтирган ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали йўлланган саволларга жавоблар қайтарилди.

 

“Тараққиёт стратегияси” маркази