"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ” – ТАЛАБАЛАР ҲУЗУРИДА

Жорий йилнинг 25 февраль куни “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Элдор Туляков Тошкент давлат аграр университетининг бир гуруҳ талабалари ва профессор-ўқитувчилари билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил якунида Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатида мамлакатимизни ҳар томонлама тараққий эттириш бўйича белгилаб берилган устувор йўналишлар, шунингдек, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг мазмун-моҳияти, унда белгиланган мақсад-вазифаларни амалга оширишда “Тараққиёт стратегияси” марказининг ўрни ва роли ҳақида атрофлича фикр юритилди

– Давлат дастурида 274 банддан иборат бешта йўналиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ижроси учун жами 16,9 триллион сўм ва 8,1 миллиард АҚШ доллари йўналтирилишининг ўзиёқ жорий йил юртимиз миқёсида нақадар улкан ҳажмдаги ишлар бажарилишидан далолатдир, – деди Элдор Туляков ўз сўзида. – Буларнинг бари давлатимиз раҳбари олиб бораётган истиқболли сиёсат ва шиддатли ислоҳотларнинг узвий давоми бўлиб, унинг замирида, биринчи навбатда, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш ва одамларнинг муносиб ҳаёт кечириши учун барча зарур ижтимоий-иқтисодий шароитларни яратиб бериш, халқимизни рози қилиш, қолаверса, Ўзбекистонни энг ривожланган илғор давлатлар қаторига қўшиш, юртимизнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашдан масалалари мужассам.

Учрашувда 2019 йилги Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳам тегишли давлат ва нодавлат органлари билан ҳамкорликда муайян ишларни амалга ошираётгани алоҳида эътироф этилди. Хусусан, Давлат дастури амалга оширилишининг боришини тизимли мониторинг қилиш, унинг доирасида режалаштирилган тадбирлар бўйича илғор хорижий тажриба, халқаро стандартлар, шунингдек халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг баҳолари, фикр-мулоҳазаларини ўрганиш, уни сифатли ва ўз вақтида бажариш учун қўшимча чоралар кўриш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, бу борадаги эришилган аниқ кўрсаткичлар ва ижобий натижаларни маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари орқали республикамиз аҳолиси ва халқаро ҳамжамиятга мунтазам етказиб бориш марказ фаолиятида устувор аҳамият касб этиши таъкидланди. Шу билан бирга, “Тараққиёт стратегияси” маркази олдида турган яна бир муҳим вазифа бу Давлат дастурини амалга ошириш якунларига бағишланган ахборот-таҳлилий шарҳларни тайёрлаш, уларни хорижий тилларда эълон қилиш ва кенг тарқатишни таъминлаш экани қайд этилди.

Учрашувда талабаларнинг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва тавсиялари тингланиб, уларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар қайтарилди.

 

“Тараққиёт стратегияси” маркази.