"TARAQQIYOT STRATEGIYASI"
MARKAZI
Muhokamalar
TARAQQIYOT STRATEGIYASI MARKAZIYangiliklar2019«ТАРАҚҚИЁТ» РЕСПУБЛИКА...
«ТАРАҚҚИЁТ» РЕСПУБЛИКА ТАНЛОВИНИ ЎТКАЗИШ ШАРТЛАРИГА ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИЛДИ
0 | 579 | 01 Mar. 2019 y.

  Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 майдаги “Истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3755-сон Қарори билан ҳар 3 йилда бир маротаба истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича «Тараққиёт» республика танловини ўтказиш белгиланган.

Танловни ўтказишдан мақсад – истиқболли бошқарув кадрларининг тизимли асосда танлаб олинишини таъминлаш, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа давлат органлари ва ташкилотлари тизимида уларнинг касбий малакасини узлуксиз ошириб боришга кўмаклашишдан иборатдир.

Ушбу танловда таянч олий маълумотга ва тегишли соҳада раҳбарлик лавозимида камида уч йил иш тажрибасига эга, 30 ёшдан 45 ёшгача бўлган (45 ёш ҳам қўшилган ҳолда) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирок этиши мумкин.Танлов натижалари бўйича давлат ва xўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимиятларнинг ва бошқа ташкилотларнинг юқори малакали кадрлари аниқланиб, рағбатлантирилади.

Танлов ғолибларига энг кам иш ҳақининг 50 баравари миқдорида, финал босқичининг қолган иштирокчиларига эса — энг кам иш ҳақининг 25 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти тўланади. Бунда финал босқичининг қолган иштирокчилари тегишли соҳанинг бошқарув кадрлари захирасига киритилади.

Давлат ташкилотларида меҳнат қилаётган иштирокчиларнинг танловда иштирок этиш даврида уларнинг эгаллаб турган лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади.

Танлов ғолиблари ривожланган хорижий мамлакатларнинг соҳага оид ташкилотларида танловнинг тегишли номинациялари юзасидан стажировка ўташни ўз ичига оладиган «Бошқарув кадрларини тайёрлаш бўйича Президент дастури»га мувофиқ уч ойлик курсларда ўқийди. Сўнг тегишли йўналишлар бўйича давлат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларига тайинланади.

Танлов тўрт босқичда ўтказилади:

ташкилий босқич (1-босқич);

онлайн танлов (2-босқич);

1-босқичдан ўтиш (3-босқич);

финал (4-босқич).

2019 йил 20 февралда “Истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарорига айрим ўзгартиришлар киритилди. Бундан кўзланган мақсад – мамлакатимизда давлат ҳокимиятини янада демократлаштиришнинг ҳуқуқий асосларини юқори малакали бошқарув кадрларини танлаб олиш ва тайёрлаш, уларнинг захирасини шакллантириш тизимини, жумладан, бу борада замонавий ёндашувни ишлаб чиқиш орқали такомиллаштиришдир.

Қарорга мувофиқ, қуйидаги ўзгаришлар киритилди:

танлов ғолиблари тегишли йўналишлар бўйича давлат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларига тайинланади ва ривожланган мамлакатларнинг соҳага оид ташкилотларида камида 3 ой стажировка ўтайди;

финал босқичининг бошқа иштирокчилари бошқарув кадрлари захирасига киритилади, шунингдек, иш билан таъминланганидан сўнг улар ҳам ривожланган мамлакатларда камида 1 ой стажировка ўтайди.

Стажировка ўтаган танлов ғолиблари ва финал босқичининг иштирокчилари зиммасига, уларни стажировка ўташ учун юборган ташкилот билан тузилган шартномада назарда тутилган муддатда ушбу ташкилотда ишлаб бериш мажбурияти юклатилади.

Танлов ғолибларини раҳбарлик лавозимига тайинлаш, ғолиблар ва финал босқичининг иштирокчиларини ривожланган мамлакатларга стажировка юбориш уларни раҳбар лавозимларга тайинлаш ишларини мониторинг қилиш Президент Администрациясининг умумий мувофиқлаштируви остида амалга оширилади.

Танловнинг 1-тур онлайн тест босқичи натижаларига кўра 2455 нафар,

2-тур онлайн тест босқичи натижаларига кўра эса 1356 нафар иштирокчи навбатдаги босқичга тавсия этилди.

2018 йилнинг 16 декабрь куни танловнинг ахборот-таҳлилий материал (доклад) тайёрлаш босқичи ўтказилди. Босқич натижаларига кўра, қарорга мувофиқ 300 нафар иштирокчи танлаб олинди ва навбатдаги босқичга тавсия этилди.

Танлаб олинган 300 нафар иштирокчиларнинг ташкилотчилик қобилияти ва бошқарув салоҳиятини аниқлаш бўйича ёзма тест синови ўтказилиши, унинг натижаси бўйича финал босқичида иштирок этадиган

150 нафар номзод танлаб олиниши белгиланган.

Танловнинг финал босқичи 2 босқичдан иборат бўлиб, 1-босқичда номзодлар гуруҳларда муаммоли вазиятларни ҳал қилиши, 2-босқичда эса номинациялар бўйича танлов комиссиялари аъзолари билан якка тартибда суҳбат ўтказилиши назарда тутилган. Танлов ғолиблари хар тур натижаларига кўра аниқланади.

Танловга оид барча маълумотлар билан www.taraqqiyot-tanlov.uz cайти орқали батафсил танишиш мумкин.

“Тараққиёт стратегияси” маркази.


18
Похожие новости