"TARAQQIYOT STRATEGIYASI"
MARKAZI
Muhokamalar
TARAQQIYOT STRATEGIYASI MARKAZIYangiliklar2019ДУНЁ РЕЙТИНГЛАРИДА МАВҚЕИМИЗ ЯНАДА ЮКСАЛАДИ
ДУНЁ РЕЙТИНГЛАРИДА МАВҚЕИМИЗ ЯНАДА ЮКСАЛАДИ
0 | 180 | 04 Mar. 2019 y.

Элдор ТУЛЯКОВ,

“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев олиб бораётган узоқ истиқболни кўзловчи прагматик сиёсат натижасида кейинги қисқа давр мобайнида мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори анча мустаҳкамланди. Дадил ислоҳотлар, креатив ёндашувлар, кутилмаган қарорлар ва шиддатли одимлар туфайли Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати жаҳон ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлди. Хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли алоқаларимиз кескин кенгайиб, юртимизнинг дунё миқёсидаги ижобий имижи шаклланди.

Давлатимиз раҳбарининг ўтган йил охирида Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ҳам ташқи сиёсат борасида эришилган ютуқлар таъкидланиб, бу борада галдаги вазифалар сифатида дунё ҳамжамиятида Ўзбекистонга бўлган қизиқишни ошириш, унинг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлаш масаласига алоҳида урғу берилди.

Таъкидлаш жоиз, бу ўринда Ўзбекистоннинг халқаро рейтинг ва индексларда юқори ўринларни эгаллашига эришиш муҳим аҳамият касб этади. Чунки халқаро рейтинг ва индекслар дунёдаги институционал муҳитнинг сифатини баҳолаш – иқтисодий ривожланишнинг асосий шарти сифатида дунёда умум қабул қилинган восита ҳисобланади.

Бугунга келиб бу каби рейтинг ва индекслар нафақат экспертлар, балки давлатлар даражасида ҳам ислоҳотлар ва иқтисодий сиёсатнинг муваффақияти мезонлари сифатида қўлланила бошланди. БМТнинг Инсон камолоти индекси (Human Development Index), Жаҳон иқтисодий форумининг Глобал рақобатбардошлик индекси (Global Competitiveness Index), Жаҳон банкининг бизнес юритиш рейтинги (Doing Business) ва шу сингари бошқа қатор омиллар бўйича натижалар давлатларда, шу жумладан Ўзбекистонда турли даражадаги дастурлар ишлаб чиқилишида мақсадли йўналиш сифатида хизмат қилмоқда.

Жаҳон миқёсидаги халқаро ижтимоий-иқтисодий рейтинглар орасида, биринчи навбатда, Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” рейтингини қайд этиш лозим. “Бизнес юритиш” рейтинги ҳисоботи Жаҳон банкининг ҳар йили ўтказадиган тадқиқотлари натижаси ҳисобланиб, унга кўра, 190 мамлакатда 10 кўрсаткич бўйича бизнес юритиш қулайлиги баҳоланади. Ҳисобот кичик ва ўрта бизнеснинг ҳаётий фаолияти давомида уни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни баҳолашга, амалиётда қўллаш тартибига йўналтирилган. Ушбу ҳисобот Жаҳон банки томонидан 2003 йилдан бери тайёрланиб келинади ва ҳар йили кузда эълон қилинади.

Қувонарлиси шундаки, кейинги 5 йил давомида “Бизнес юритиш” рейтингида Ўзбекистон жаҳоннинг 190 мамлакати орасида 2012 йилдаги 166-ўриндан 2017 йилда 74-ўринга кўтарилиб, бизнес юритиш учун энг қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш кўрсаткичи бўйича ислоҳотчи мамлакатларнинг биринчи ўнталигидан жой олди. Ўзбекистон 2022 йилгача Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” ҳисоботидаги жаҳон мамлакатларининг биринчи йигирматалиги даражасига мос келадиган энг қулай шарт-шароитларни яратишга интилмоқда. Бу мақсад Президентимизнинг 2018 йил 13 июлдаги “Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида ўз ифодасини топган.

Бироқ, шу кунга қадар бизда тегишли йўналишлар бўйича миллий рейтингларни юритишга ёрдам берадиган, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг халқаро мезонлар ва стандартларга мувофиқлигини баҳолашнинг яхлит тизими яратилмагани сабабли мамлакатимиз халқаро рейтингларда пастки ўринларни эгаллаб келаётганини ҳам ёдда тутишимиз лозим.

Мисол учун, БМТ томонидан ишлаб чиқилган, инсон салоҳиятининг асосий хусусиятлари сифатида турмуш даражасини, саводхонликни, таълимни ва узоқ умр кўришни ўзаро таққослаш ва баҳолашни ўз ичига олувчи Инсон камолоти индексида Ўзбекистон ўтган йили 189 давлат орасида 105-ўринга муносиб топилган. Ваҳоланки, бу ҳисоботда Россия Федерацияси – 49, Қозоғистон – 59-поғонада турибди. Ёки Мерос жамғармасининг Иқтисодий эркинлик индекси бўйича 2016 йилги ҳисоботида Ўзбекистон 178 давлат ичида 166-ўринни банд қилиб, эркин иқтисодиётга эга бўлмаган давлат сифатида баҳоланган. Жаҳон иқтисодий форумининг Глобал рақобатбардошлик индексида эса, Ўзбекистон мавжуд эмас.

Шундай экан, мамлакатимизда иқтисодий ўсишнинг ишончли базасини яратиш ва аҳоли фаровонлигини ошириш биз учун, ҳозирги кундаги жаҳон иқтисодиётидаги замонавий жараёнлар фонида, айниқса, долзарб аҳамиятга эга. Бинобарин, инвестициялар оқимини сезиларли даражада ошириш, институционал ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасидаги муаммоларни ҳал қилишнинг самарали усулларидан бири бу юртимизнинг умумэътироф этилган халқаро рейтингларда фаол иштирокини таъминлаш ва ушбу тадқиқотларда муайян натижаларни қўлга киритишдир. Бу, ўз навбатида, нафақат Ўзбекистонга бўлган ишончнинг ортишига, балки долзарб масалаларни аниқ белгилаб олиб, энг мақбул халқаро амалиётга асосланган бизнес ва инновацион фаолият шароитларини шакллантириш борасида ҳам муваффақият омили бўлади.

Шунинг учун ҳам 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида “Ўзбекистон Республикасининг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида жаҳон ҳамжамиятига холис ахборот етказиш” назарда тутилган.

Президентимиз томонидан куни кеча имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглар ва индекслардаги ўрнини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарор бу йўналишдаги ислоҳотларнинг яна бир янги босқичини бошлаб берди.

Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги ўрнини мониторинг қилиш ва баҳолаш миллий тизими яратилади. Миллий мониторинг тизимини ташкил этишнинг дастлабки босқичи сифатида тадқиқот институтларига халқаро рейтинглар бириктирилиб, улар зиммасига халқаро рейтингларнинг методологик ва бошқа таркибий қисмларини аниқлаш, уларни амалдаги қонунчиликка имплементация қилиш, Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги паст кўрсаткичларига сабаб бўлаётган асосий омилларни аниқлаш вазифаси юклатилди.

Шунингдек, жорий йил 1 апрелига қадар интернет тармоғида “Ўзбекистон Республикаси халқаро рейтингларда” ягона портали ишга туширилади. Мазкур порталда халқаро рейтинглар бўйича йиллик ҳисоботлар, шунингдек, ҳисоботларни ўрганиш ва эълон қилиш муддатларини кўрсатган ҳолда тегишли йўналишлар бўйича ишлар аҳволини яхшилашга қаратилган халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг тавсиялари ёритиб борилади. Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда хорижий давлатларнинг ижобий тажрибасига асосланган рейтинглар методологияси тасдиқланиб, мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини, шу жумладан, тадқиқот институтларининг маълумотлари ва ўрганиш натижаларини ҳисобга олган ҳолда яхшилаш бўйича ҳар йили «Йўл хариталари» ишлаб чиқилади.

Албатта, ушбу Қарор ижросини таъминлашда “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳам фаол иштирок этади. Яъни, марказнинг дастурий мақсад-вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимизнинг жаҳон рейтингларидаги ривожланиш жараёни тўғрисидаги ахборотларни, шунингдек, баҳоланаётган йўналишлар бўйича тавсиялар ва хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини ўз ичига олган ахборот-маълумотлар базасини яратиш, устувор халқаро рейтинглардаги ўрнимизни яхшилашга тўсқинлик қилаётган мавжуд муаммоларнинг тизимли таҳлилини олиб бориш, уларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш бу йўналишда устувор вазифамиз ҳисобланади. Шу билан бирга, халқаро ташкилотлар, рейтинг агентликлари ва илмий муассасаларнинг экспертлари билан ҳамкорлик ўрнатиш ва конструктив мулоқотни йўлга қўйиш, тегишли тармоқлардаги муаммоларни аниқлаш ва аҳволни ўрганиш учун ижтимоий сўровлар ўтказиш, кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш доирасида турли соҳаларда юз бераётган туб ўзгаришлар тўғрисида жамоатчилик ва халқаро рейтинг агентликларини хабардор қилиш ишларига ўз ҳиссамизни қўшамиз.

Албатта, ушбу Қарорда белгиланган вазифаларни тўлиқ бажарилишида қуйидаги омилларни эътиборга олиш мақсадга мувофиқ:

– Қарорда қайд этилган халқаро рейтинг ва индексларда етишмаётган ва мавжуд бўлмаган кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистонда статистик ҳисоботлар (маълумотлар) базасини шакллантириш ва жорий қилиш;

– халқаро рейтингларнинг омиллари ва кўрсаткичларини таҳлил қилиш асосида иқтисодий жараёнларни прогнозлаштириш ва тартибга солишда фойдаланиладиган мезонлар тизимини аниқлаштириш;

– мамлакатимиз ҳар бир халқаро рейтинг ёки индексда аниқ рақам кўрсаткичлари кўринишида кўзлаётган манзилли мақсадларни белгилаш;

– устувор халқаро рейтинглар ва индекслар, уларнинг таркибий қисмларини, шу жумладан, тартибга солиш таъсирини баҳолашнинг умумий принциплари доирасида бошқариш амалиётида таҳлил қилиш ва ҳисобга олишни таъминлайдиган усулларни ишлаб чиқиш;

– рейтинг ташкилотчилари билан конструктив алоқаларни ўрнатиш, шу жумладан, методологик масалалар, таҳлилий ахборот алмашиш, шунингдек, тавсиялар олиш.

Яна шуни ҳам қайд этиш лозим, мамлакатимизда халқаро рейтинг ва индексларда илдамлаш мақсадида, ушбу рейтинг ва индекслар доирасидаги индикаторлар билан чекланиб қолмай, балки параллел равишда Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган барча соҳалардаги вазифаларни амалга ошириш бўйича аниқ мақсадли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш, хусусий секторнинг ролини кучайтириш, суд-ҳуқуқ тизимини янада либераллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш ва бошқа масалаларда қатор чор-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга тадбиқ қилиниб келинмоқда. Айниқса, кичик бизнес субъектларининг муаммоларини ҳал этишда судлар томонидан адолат ўрнатиш, иқтисодий судлар фаолиятини такомиллаштириш, умуман, аҳолининг суд-ҳуқуқ тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш давлат фаолиятида устувор аҳамият касб этмоқда.

Хулоса ўрнида алоҳида таъкидлаш керакки, биргина ўтган йилнинг ўзида давлатимиз раҳбарининг ўндан ортиқ муҳим халқаро ташаббуси тўлиқ амалга оширилди. Масалан, АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни “Диний эркинликни тизимли, давомий ва жиддий равишда бузишда иштирок этувчи мамлакатлар рўйхатидан” чиқарди. Ёхуд 2018 йил охирида БМТ Бош ассамблеясининг ялпи сессиясида «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциянинг қабул қилиниши Президентимиз томонидан илгари сурилган халқаро ташаббуснинг дунё ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланганлигининг яққол исботидир.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда савдо-иқтисодий, инвестициявий, ижтимоий соҳаларни ривожлантириш моделларини ишлаб чиқиш, дунёнинг етакчи халқаро таҳлил ва илмий-тадқиқот, ишлаб чиқариш муассасалари билан алоқаларни мустаҳкамлаш орқали Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижини янада юксалтириш долзарб масаладир. Бу борада самарали ва кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишларини йўлга қўйиш, миллий туристик брендни яратиш, хорижий нодавлат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари билан ўзаро манфаатли келишувларга эришиш, халқаро ташкилотлар вакилларини юртимизга таклиф қилиш ва уларни юз бераётган ўзгаришлар билан таништириш каби жиҳатлар алоҳида ўрин тутади. Зеро, Ўзбекистонни дунёга кўрсатиш, халқаро рейтинглар ва индекслардаги ўрнини юксалтириш фақат ва фақат халқимиз фаровонлиги, мамлакатимизнинг барқарор тараққиёти ҳамда давлатимиз куч-қудратининг мустаҳкамланишига хизмат қилади.

 


0
Похожие новости