"TARAQQIYOT STRATEGIYASI"
MARKAZI
Muhokamalar
TARAQQIYOT STRATEGIYASI MARKAZIYangiliklar2019ХАЛҚАРО ЮРИДИК ФОРУМ ҚАНДАЙ ЎТАДИ?
ХАЛҚАРО ЮРИДИК ФОРУМ ҚАНДАЙ ЎТАДИ?
0 | 87 | 05 Mar. 2019 y.

Маълумки, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг иккинчи – Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари қисмида жорий йилнинг апрель ойида пойтахтимизда «Tashkent Law Spring» («Тошкент ҳуқуқ баҳори») биринчи халқаро юридик форумини ўтказиш белгиланган.

Адлия вазирлиги томонидан “Тараққиёт стратегияси” маркази, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва бошқа бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этиладиган мазкур нуфузли анжуманга айни кунларда қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Жорий йилнинг 4 март куни “Тараққиёт стратегияси” марказида мазкур масалага бағишланган пресс-брифинг бўлиб ўтди. Унда таъкидланганидек, Ўзбекистон тарихида илк бор ўтказилиши режалаштирилаётган Форумда мамлакатимиз ҳамда бир қатор хорижий давлатларнинг адлия вазирлари, суд, прокуратура ва бошқа давлат органлари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар, дунёнинг етакчи юридик ва консалтинг фирмалари вакиллари, адвокатлар, юриспруденция соҳасидаги таниқли олимлар, мутахассислар ва экспертлар қатнашадилар.

Форум қатнашчилари «Сифатли давлат бошқаруви», «Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-хуқуқ тизимини ислоҳ қилиш», «Фаол инвестицион сиёсат» йўналишлари бўйича мунозара сессиялари, давра суҳбатлари, мастер-класс ва тақдимотларда иштирок этишлари, халқаро даражадаги ва миллий экспертлар лекцияларини тинглашлари, муҳокамаларда қатнашишлари мумкин бўлади. Халқаро амалиётдан келиб чиқиб, ушбу тадбирда қатнашиш пулли бўлиши пресс-брифингда маълум қилинди.

Ўзбек, рус, инглиз тилларида олиб бориладиган анжуман «Йилнинг энг яхши адвокати», «Йилнинг энг яхши адвокатлик тузилмаси», «Йилнинг энг яхши корпоратив ҳуқуқшуноси» номинациялари бўйича тақдирлаш маросими билан якунланади.

Форумда иштирок этиш истагида бўлганлар tashkentlawspring.uz сайти орқали рўйхатдан ўтишлари лозим.

Шуни алоҳида қайд этиш ўринлики, Ҳаракатлар стратегияси ва Дастур доирасида амалга ошириладиган тадбирлар бўйича илғор хорижий тажриба, халқаро стандартлар, шунингдек халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг баҳолари, фикр-мулоҳазаларини ўрганиш, халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий-тадқиқот, ахборот-таҳлилий ҳамда таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш устувор мақсади саналган “Тарақиёт стратегияси” маркази ҳам ушбу халқаро Форумни ташкил этиш ишларига фаол кўмаклашмоқда. Зеро, бу каби тадбирлар мамлакатимизнинг халқаро рейтинглар ва индекслардаги мавқеи мустаҳкамланишида, пировардида, Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятда муносиб ўрин эгаллашида муҳим аҳамият касб этади.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати


1
Похожие новости