• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ЎЗБЕКИСТОНДА КЕЧАЁТГАН ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЮКСАК САМАРА БЕРИШИГА ИШОНАМИЗ


СИРИЛ МЮЛЛЕР,

Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти

ЎЗБЕКИСТОНДА КЕЧАЁТГАН ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЮКСАК САМАРА БЕРИШИГА ИШОНАМИЗ

Юртингиздаги иқтисодий ислоҳотлар ҳақида сўз борганда, соҳада олиб борилаётган уч асосий жиҳатни алоҳида таъкидлашни истардим.

Биринчидан, Ўзбекистонда оқилона макроиқтисодий, бюджет ислоҳотлари амалга оширилмоқда. Сўнгги икки йилда бу соҳаларда олиб борилаётган ишлар Ўзбекистоннинг тараққиёт сари муваффақиятли йўлдан кетаётганига бўлган ишончни тобора мустаҳкамламоқда. Бунга бир нечта мисоллар келтириш мумкин. Мураккаб кечаётган ўзгаришларга қарамай, иқтисодий ўсиш суръати 5 фоиздан зиёдни ташкил этмоқда.

Иккинчидан, Ўзбекистон халқининг мамлакатдаги ўзгаришларга қизиқиши, тадбиркорлик билан шуғулланишга, янги бизнес ташкил этишга, мамлакатга сармоя киритишга иштиёқи тобора кучаймоқда. Ўзбекистоннинг келгусида ҳам ушбу пухта ўйланган иқтисодий сиёсатни молиявий ва бюджет нуқтаи назаридан қўллаб-қувватлашни давом эттириши муҳим. Чунки булар тараққиётнинг асоси.

Ўзбекистон илк марта Лондон биржасида евробондларни бозорга қўйди. Бу Ўзбекистон учун муваффақиятли қадамлардан яна бири, дейиш мумкин.

Шунингдек, иқтисодиёт тараққиётига сармоя киритишга алоҳида эътибор қаратилаётгани эътиборга молик. Биз яқинда хусусий сектор таҳлилини амалга оширдик. Иқтисодиётни янада ривожлантиришга улкан ҳисса қўшиши мумкин бўлган соҳаларни аниқладик. Шулардан бири, боғдорчилик тармоғидир. Ўзбекистон бу борада улкан салоҳиятга эга.

Логистика тизимини такомиллаштириш ҳам энг долзарб масала. Чунки, Ўзбекистон тўғридан-тўғри денгиз йўлига чиқиш имкониятига эга эмас. Бу, аввало, транспорт-коммуникация, логистика инфратузилмасини яхшилаш, Марказий Осиё минтақасида ушбу соҳалардаги алоқаларни ривожлантиришни тақозо этади.

Энергетика иқтисодиётнинг яна бир муҳим тармоғи. Ўзбекистонда ушбу соҳадаги инфратузилма янгиланиши ва ривожлантирилиши зарур. Соҳага сармоя жалб этишни изчиллик билан олиб бориш лозим.

Учинчидан, иқтисодий ўсиш инклюзив тарзда йўлга қўйилмоқда. Яъни янги иқтисодий жараёнларда халқ фаол иштирок этмоқда. Бундай амалиёт давлат маблағларининг ижтимоий соҳаларга мақсадли йўналтирилишини таъминлайди.

Жаҳон банки Ўзбекистонда аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди. Бу борада янги лойиҳани тасдиқлаш арафасидамиз. Лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистоннинг битта вилояти танлаб олинади. Мазкур дастур кутилган натижа берганда, уни мамлакатингизнинг барча ҳудудларига татбиқ этишни режалаштирганмиз.

Ўзбекистон билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳаларимиз энергетика, транспорт, шаҳар ва коммунал инфратузилмани модернизация қилиш, энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш, қишлоқ хўжалигини интенсив ривожлантириш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш каби соҳаларни қамраб олган.

Жаҳон банки турли давлатларда ўз лойиҳаларини амалга оширишда нафақат бир мамлакатнинг, балки минтақадаги бошқа давлатларнинг ҳам манфаатларини инобатга олади. Жаҳон банки Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга, лойиҳаларга, уларнинг юксак самаралар беришига алоҳида эътибор билан қарайди ва қўллаб-қувватлайди.

Манба: ЎзА