"TARAQQIYOT STRATEGIYASI"
MARKAZI
TARAQQIYOT STRATEGIYASI MARKAZIYangiliklar2019ОМБУДСМАН САЛОҲИЯТИ ҚАНДАЙ БАҲОЛАНДИ?
"Taraqqiyot Strategiyasi" markazi

ОМБУДСМАН САЛОҲИЯТИ ҚАНДАЙ БАҲОЛАНДИ?

Жорий йилнинг 14 март куни “Тараққиёт стратегияси” марказида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) салоҳиятии баҳолаш тўғрисида”ги якуний ҳисоботнинг тақдимоти ўтказилди.

             

Омбудсман томонидан БМТнинг Тараққиёт дастури ва Марказий Осиёдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг Осиё-Тинч океани форуми ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда депутатлар, сенаторлар, давлат ва жамоат ташкилотлари, қатор халқаро ташкилотлар, мамлакатимиздаги хориж давлатлари элчихоналари ва дипломатик корпуслар вакиллари иштирок этишди.

Анжуманда эътироф этилганидек, Омбудсман томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар Глобал альянсига аъзо бўлиш ва БМТнинг Париж тамойилларига мувофиқ ҳолда аккредитациядан ўтиш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий чоралар кўрилмоқда. Жумладан, 2018 йил 25 сентябрь - 4 октябрь кунлари Осиё-Тинч океани форуми, Глобал альянс, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ва БМТ Тараққиёт дастури вакилларидан иборат мустақил халқаро экспертлар гуруҳи Ўзбекистонга ташриф буюриб, Омбудсманнинг салоҳиятини баҳолаш мақсадида индивидуал интервью ва сўровлар ўтказди. Ушбу тадқиқотлар натижаларига кўра, экспертлар гуруҳи “Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг салоҳиятини баҳолаш тўғрисида”ги якуний ҳисоботини тақдим этди.

Тадбирда сўзга чиққан миллий ва хорижий экспертлар, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳақиқатан ҳам, кейинги вақтларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялаш ва таъминлаш борасида мутлақо янгича сиёсий муҳит шакллантирилганини таъкидлашди. Бу борада энг аввало, ҳуқуқий механизмлар мустаҳкамлангани, хусусан, 2017 йилда Омбудсман фаолиятига оид Қонун янги таҳрирда қабул қилингани, жорий йилнинг 28 февраль куни Сенат томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга Омбудсманнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи норма киритиш таклифи маъқуллангани қайд этилди. Умуман, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилга Қонун билан доимий равишда қамоқда сақлаш жойларига кириш, қамоқда сақланаётган шахслар ва ушбу жойлар маъмурияти ходимлари билан холи учрашиш орқали қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазо турларининг олдини олишга қаратилган чораларни кўриш, тегишли органларга таклиф-тавсияларни киритиш ва бошқа кенг ваколатлар берилаётгани Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш тизимидаги ислоҳотлар халқаро стандартлар даражасига олиб чиқилаётганидан далолатдир.

Тақдимотда Янги Зеландия пойтахти Веллингтон шаҳрида туриб онлайн иштирок этган Осиё-Тинч океани форумининг салоҳиятини баҳолаш услубиёти бўйича вакили Рослин Нунан Ўзбекистонда бўлиб, Омбудсман фаолияти, инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлардан қониқиш ҳосил қилганини мамнуният билан таъкидлади.

Тақдимот якунида иштирокчилар томонидан Омбудсман институти фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар билдирилди, савол-жавоблар, баҳс-мунозараларга кенг ўрин берилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати