"TARAQQIYOT STRATEGIYASI"
MARKAZI
TARAQQIYOT STRATEGIYASI MARKAZIYangiliklar2019ШВЕЙЦАРИЯ ФОНДИ МАРКАЗ БИЛАН ҲАМКОРЛИКНИ ДАВОМ ЭТТИРМОҚЧИ
"Taraqqiyot Strategiyasi" markazi

ШВЕЙЦАРИЯ ФОНДИ МАРКАЗ БИЛАН ҲАМКОРЛИКНИ ДАВОМ ЭТТИРМОҚЧИ

“Тараққиёт стратегияси” марказида Швейцариянинг “Peace Nexus” фонди вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Марказ раҳбари Элдор Туляков фонднинг Марказий Осиё бўйича минтақавий маслаҳатчиси Чинара Эсенгул хоним ва Марказий Осиёдаги дастури мутахассиси Назгул Аксариевани илиқ қарши олиб, уларга самимий тилакларини изҳор этди.

Учрашувда 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда шу асосда қабул қилинган «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастурини амалга ошириш бўйича ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Э.Туляков ҳар икки ҳужжатнинг мазмун-моҳияти, уларда белгиланган чора-тадбирлар, уларни ижро этиш механизмлари, кутилаётган натижалар, бу борада “Тараққиёт стратегияси” марказининг тутган ўрни ва роли ҳақида меҳмонларга батафсил маълумот бериб, мазкур соҳада амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

Ўз навбатида, Чинара Эсенгул хоним ҳам “Peace Nexus” фондининг мақсад-вазифалари, фаолияти, халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан турли лойиҳаларни амалга оширишдаги ўзаро ҳамкорлик ҳақида атрофлича гапириб, Ўзбекистоннинг эркин иқтисодий зоналар фаолияти тадқиқоти бўйича “Тараққиёт стратегияси” маркази билан ҳамкорликда аввал амалга оширилган лойиҳа муваффақиятли чиққанини алоҳида қайд этди. У ушбу ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлаб, изчил давом эттириш лозимлигини маълум қилди.

Учрашувда бугунги кунда долзарб ҳисобланган масалалар, хусусан, Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш, мамлакат ривожида хуфёна иқтисодиёт ҳолатларининг олдини олиш, давлатнинг халқаро рейтинглардаги нуфузини юксалтириш мезонлари юзасидан услубий қўлланма

яратиш сингари мавзуларда ўзаро фикр алмашилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати