"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ТАДБИРКОРЛАР МУАММОЛАРИГА ЕЧИМ ИЗЛАНДИ

Жорий йилнинг 29 март куни “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурининг “Иқтисодиётни ривожлантириш ва фаол инвестиция жалб этишнинг устувор йўналишлари”ни амалга оширишда давлат органлари ва тадбиркорлик субъектларининг ҳамкорлиги: муаммо ва ечимлар” мавзуидаги учрашув ташкил қилинди.

Учрашувда Давлат божхона қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо, Иқтисодиёт ва саноат, Молия, Қишлоқ хўжалиги вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банк, Бош прокуратура, илмий – тадқиқот институтлари, мустақил экспертлар ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этишди.

Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш ҳамда Давлат дастурининг  “Иқтисодиётни ривожлантириш ва фаол инвестиция жалб этишнинг устувор йўналишлари” доирасидаги амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан жамоатчилик, тадбиркорлар фикрини ўрганиб таклифлар ишлаб чиқишдан иборат бўлди.

Сўзга чиққанлар эътироф этишганидек, Давлат дастурининг ушбу устувор йўналиши доирасида жорий йилда барча соҳаларда тадбиркорларнинг эркин фаолият юритиши имкониятларини кенгайтириш юзасидан бир қатор аниқ вазифаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Албатта, ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳар томонлама кўриб чиқилиб, мутахассисис – экспертлар, қолаверса жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилиниши ва такомиллаштирилиши лозим.

“Тараққиёт стратегияси” марказининг асосий вазифаларидан бири ҳам, Ҳаракатлар стратегияси доирасидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ва натижаларини изчил муҳокама қилиш, давлат органлари ва халқ ўртасидаги очиқ мулоқотни таъминлаш, жамоатчилик назоратини самарали ташкил этиш ҳисобланади.

Учрашувда таъкидланганидек, сўнгги йилларда республикада тадбиркорлик фаолиятига кенг имкониятлар яратиш, иқтисодиётда давлат аралашувини янада камайтириш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, биргина тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолияти мисолида оладиган бўлсак, экспорт операцияларини янада қўллаб-қувватлаш, ушбу йўналишдаги асоссиз тўсиқларни буткул бартараф этиш мақсадида бир қатор Фармон ва қарорлар қабул қилинди, қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, барча экспортёрларга чет эл валютасидаги тушумни мажбурий сотиш бўйича қўйилган талабнинг бекор қилиниши, мева-сабзавотларни божхона кўригини амалга оширмаган ҳолда экспорт қилишга рухсат берилиши, барча товарларни, шу жумладан, мева-сабзавот маҳсулотларини олдиндан тўловсиз, аккредитивсиз, банк кафолатисиз ва суғурта полисисиз экспорт қилишга рухсат берилиши, мева-сабзавот маҳсулотларини “Ўзагроэкспорт“ АЖнинг расмий веб-сайтида эълон қилинаётган нархлардан паст бўлмаган нархларда экспорт қилиш бўйича талаб бекор қилиниши, экспорт контрактларини давлат божхона хизмати органларида ҳисобга қўйиш борасидаги талаб бекор қилиниши ва бошқалар.

Бироқ, республикамизда яратилган имкониятдан қинғир йўлда фойдаланувчи “ноҳалол” тадбиркорлар ҳам йўқ эмас. “Ноҳалол“ тадбиркорлар томонидан товарларни бу каби асоссиз паст нархларда экспорт қилиниши ҳалол тадбиркорларнинг фаолиятига ҳам ўз салбий таъсирини кўрсатмай қолмайди. Сабаби, импортёрлар давлатларда Ўзбекистоннинг барча товарларини хавф гуруҳига киритилишига ва божхона расмийлаштирувида назоратни янада кучайтирилишига, ташқи бозорларда Ўзбекистон брендини тушиб кетишига олиб келиши мумкин.

Учрашувда иштирок этган тадбиркорлар мазкур масалалардаги мавжуд муаммолар, тадбиркорлик фаолиятида ҳали ҳамон учраб турган айрим тўсиқлар, бюрократик ҳолатларни бартараф этиш ва бошқа ҳал этилиши лозим бўлган масалалар юзасидан ўзларининг таклиф-мулоҳазаларини баён этишди. Ўз навбатида, давлат органлари мутасаддиларининг бу борада белгиланган чора-тадбирлар ҳақидаги ахборотлари эшитилди.

Тадбир очиқ-ошкора, креатив руҳда ўтди ва унинг якунлари бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, мутасадди идоралар эътиборига ҳавола этиладиган бўлди.

 “Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати