"TARAQQIYOT STRATEGIYASI"
MARKAZI
TARAQQIYOT STRATEGIYASI MARKAZIYangiliklar2019ГЕНДЕР ТЕНГЛИГИНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ МУСТАҲКАМЛАНАДИ
"Taraqqiyot Strategiyasi" markazi

ГЕНДЕР ТЕНГЛИГИНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ МУСТАҲКАМЛАНАДИ

Бугун “Тараққиёт стратегияси” маркази ташаббуси асосида ЮСАИД (USAID)нинг Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари Дастури билан ҳамкорликда “Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасига таклифлар ишлаб чиқиш бўйича учрашув бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Адлия вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, ЮСАИД (USAID)нинг Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари Дастури экспертлари ҳамда қатор давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари қонун лойиҳасига таклиф ва тавсиялар билан иштирок этди.

 

Маълумки, жорий йилнинг 7 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Қонун лойиҳаси ушбу Қарор ижроси доирасида ишлаб чиқилмоқда.

Тадбирни очиб берар экан, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Элдор Туляков юртимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида сўнгги йилларда тамомила янги давр бошланганини таъкидлади. Шунингдек, республика аҳолисининг қарийб 50 фоизини аёллар ташкил этаётгани, бугунги кунда турли давлат ва жамоат ташкилотларида раҳбарлик қилаётган аёллар сони 1 400 нафар, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаси ходимларининг 82 фоиздан ортиғи ҳамда таълим-тарбия, санъат ва маданият соҳасида 72 фоиз, қишлоқ хўжалигида 45, саноатда 38 фоиз хотин-қизлар фаолият юритаётганига эътибор қаратди. Ўз навбатида, депутатлик корпусининг ҳам 30 фоизи хотин-қизлар экани қайд этилди. Уларнинг имкониятлари, билим ва салоҳиятларини тўлиқ ишга солишлари, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, фарзанд тарбияси билан банд ёки оғир шароитларда истиқомат қилаётган, боқувчисини йўқотган, қарамоғида ногирон болалари бор аёлларга кўмак кўрсатиш билан боғлиқ вазифаларни ҳал этиш эса, муҳим ижтимоий аҳамиятга эга вазифа эканини таъкидлади. Шундан келиб чиқиб, ишлаб чиқилаётган мазкур қонун лойиҳаси ниҳоятда долзарблиги, иштирокчилар томонидан билдириладиган ҳар бир таклиф унинг пухта ва мукаммал бўлишида алоҳида ўрин тутиши таъкидланди.

Сўзга чиққанлар томонидан мамлакатимизда юзлаб хотин-қизлар “Ўзбекистон Қаҳрамони”, “Ўзбекистон фан арбоби”, “Ўзбекистон халқ ўқитувчиси”, “Ўзбекистон халқ шоири”, “Ўзбекистон халқ артисти” сингари юксак фахрий унвонларга, орден ва медалларга сазовор бўлаётгани, илм-фан ривожида ҳам уларнинг салмоқли ҳиссаси борлиги, хусусан, 500 нафардан зиёд фан докторлари ва академиклар, минглаб фан номзодлари юртимиз тараққиёти йўлида сидқидил хизмат қилаётгани алоҳида эътироф этилди. Бу натижани янада яхшилаш учун зарур шароитлар яратилаётган бир пайтда, айнан хотин-қизларни қўллаб-қувватлашнинг замонавий ҳуқуқий асосини яратиш ҳал қилувчи аҳамиятга эгалиги айтиб ўтилди.

Экспертлар томонидан билдирилишича, ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳасида гендер тенглик тушунчаси ва турлари, ваколатли органларнинг вазифалари ва функциялари,давлат бошқарувида иштирок этиш, ишга қабул қилиш ёки ёллаш, кредит олиш ва тадбиркорлик билан шуғулланишда гендер тенглигини таъминлашга оид нормалар акс эттирилаётгани мамлакатда хотин-қизлар манфаатини ҳимоя қилишда янги саҳифа очади. Шу боис, ушбу ҳужжатнинг ҳар бир бандига замон талаби ва маҳаллий шароитларни бирдек инобатга олган ҳолда пухта таклифлар ишлаб чиқиш лозим. Зеро, лойиҳа нафақат амалий, балки тарихий аҳамиятга ҳам эгадир. Бинобарин, бу йўналишда илк бор яхлит қонун қабул қилишга киришилмоқда. Қизғин муҳокамалар давомида иштирокчилар томонидан билдирилган кўплаб таклифларда ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.

Айни пайтда иштирокчилар томонидан илгари сурилган таклифлар умумлаштирилмоқда. Улар тегишли тартибда қонун лойиҳасини тайёрлашга масъул ишчи гуруҳга юборилади.

 

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати