• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ЎЗБЕКИСТОН ФАОЛ ТАШАББУСЛАРНИ ИЛГАРИ СУРМОҚДА

Залмай ҲАЛИЛЗОД,

АҚШнинг Афғонистондаги ярашиш масалалари бўйича махсус вакили:

– Аввало Ўзбекистонга яна келганим ва Президент Шавкат Мирзиёев билан Афғонистонда барқарорликни таъминлаш масалалари юзасидан музокара ўтказганимдан ғоят мамнунман. Бугунги кунда Афғонистонда тинчлик ўрнатиш борасида сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ушбу мамлакатни тиклаш бўйича ҳукуматлараро ва Толибонлар вакиллари билан бир қатор учрашувлар ўтказилди. Ушбу мулоқотларда Афғонистон бундан буён АҚШ ва бошқа давлатларга таҳдид соладиган халқаро терроризмга замин бўлишига йўл қўймаслик борасида самарали мулоқотлар олиб борилди. Энг асосийси, музокаралар афғонларнинг ўзи иштирокида ўтказилмоқда.

Апрель ойида Доҳада ўтадиган учрашув ҳам Афғонистонда тинчликка эришишда навбатдаги муҳим қадам бўлади. Ушбу юртда тинч сиёсий жараённи бошлашда Афғонистон ҳукумати ва Толибонлар билан бирга янги Афғонистон вакиллари деб аталаётган ёшлар ва хотин-қизлар ҳам иштирок этади.

Ўзбекистон қўшни мамлакатда тинчлик ўрнатиш масаласида фаол ташаббусларни илгари сурмоқда. Жумладан, Доҳа учрашувидан сўнг Самарқандда ўтказилиши кутилаётган навбатдаги музокара шундан далолатдир.

Биз Президент билан афғон диёрида вазиятни барқарорлаштириш ва иқтисодиётни қайта тиклашда халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини самарали мувофиқлаштириш масалалари бўйича ҳам фикр алмашдик.

Афғонистонда барқарорликни таъминлаш нафақат минтақа, балки бутун жаҳон ҳамжамияти учун жуда муҳим. Чунки уруш ҳаракатларининг тўхтатилиши халқаро терроризм ва экстремизмнинг олдини олишга, Афғон диёрининг бошқа мамлакатлар учун ўз эшикларини очишига замин яратади. Бу, ўз навбатида, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, Марказий Осиёни Жанубий Осиё мамлакатларига интеграциялаштиришда янги имкониятлар очади.

Манба: ЎзА