"TARAQQIYOT STRATEGIYASI"
MARKAZI
TARAQQIYOT STRATEGIYASI MARKAZIYangiliklar2019Ҳуқуқий соҳада фаолият юритувчи аёллар муаммолари
"Taraqqiyot Strategiyasi" markazi

Ҳуқуқий соҳада фаолият юритувчи аёллар муаммолари

 Пойтахтимизда икки кун давом этган семинарда айнан шу мавзу хусусида атрофлича фикр алмашилди. Семинар якунлари бўйича “Тараққиёт стратегияси” Марказида жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтди. Тадбир “Ҳуқуқий соҳада фаолият юритувчи аёллар муаммоларини бартараф этиш” мавзусида “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратура, Судьялар олий мактаби, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази, Тошкент давлат юридик университетида фаолият юритаётган хотин-қизлар, адвокат аёллар ҳамда “Тараққиёт стратегияси” Маркази ва “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти вакиллари, қатор хорижий ташкилотлардан таклиф этилган экспертлар, ОАВ ходимлари иштирок этди.

 “Тараққиёт стратегияси” Маркази раҳбари Элдор Туляков тадбирни очар экан, сўнгги йилларда изчиллик билан ҳаётга татбиқ этиб келинаётган Ҳаракатлар стратегияси инсон манфаатларини муҳофаза қилиш ва фуқаролар турмушини янада яхшилаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоялашнинг мустаҳкам кафолатига айланганига эътибор қаратди.

-Айнан қонун олдида барча баробар экани, бу тушунча гендер масаласини ҳам тўла қамраб олгани хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар натижаларида тўла акс этади. Хусусан, давлат раҳбари қарори ижроси доирасида ишлаб чиқилаётган “Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси бунинг яна бир тасдиғи, деди марказ раҳбари.

Сўз олганлар томонидан бу борадаги миллий қонунчиликнинг такомиллаштирилиши, умумэътироф этилган нормаларни ўзида акс эттириши бошқа соҳалар қатори юриспруденцияга ҳаётини бағишлаган аёллар учун ҳам муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди.

Муҳокамаларда шунингдек, Бостон муниципиал судининг Дорчестер бўлими судяси Лиза Грант, истеъфодаги округ бош прокурори Пем Андерсен(АҚШ), оила ва никоҳ масалалари бўйича эксперт, “Family Recources of Greater Nebraska” ташкилоти асосчиси Шон Эмертон ҳамда “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилотининг ҳуқуқ бўйича мутахассиси Анна Гуарданолар ҳам қатнашиб, мавзу юзасидан ўз фикрларини билдиришди.

Муҳокамалар давомида юридик соҳада меҳнат қилувчи аёллар муаммолари бўйича халқаро ва маҳалий даражада олиб борилган ўрганишлар натижаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ҳуқуқшунос аёлларнинг малакасини ошириш масаласи ҳам иштирокчилар диққат марказида бўлди.

Сўзга чиққан соҳа ходимлари сўнгги йилларда юриспруденция соҳасида етук ва малакали мутахассисларни тайёрлаш йўналишида ҳаётга татбиқ этилаётган ўзгариш ва янгиланишлар фонида иқтидорли ёшларни танлаб олиш ва касбга ўқитишнинг янги, замонавий механизмлари жорий этилганини алоҳида таъкидлашди. Яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланаётган ёшлар орасида эса, қизлар улуши ҳам ошиб бораётгани эътиборга молик. Бундан ташқари, соҳада ўзининг узоқ йиллик меҳнати билан муносиб ўринни эгаллаган аёллар ҳам йўқ эмас. Шундан келиб чиққан ҳолда, икки авлод тажриба ва салоҳиятини, интилишини уйғунлаштириш лозимлиги қайд этилди.

Ўтказилган семинар ва жамоатчилик муҳокамаси бу борадаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва ҳуқуқ соҳасини танлаган хотин-қизлар ўртасида мавзу юзасидан тажриба алмашишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

 

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати