"TARAQQIYOT STRATEGIYASI"
MARKAZI
TARAQQIYOT STRATEGIYASI MARKAZIYangiliklarIqtisodiyotni rivojlantirish va liberallashtirishning ustuvor yo`nalishlari2019ЎЗБЕКИСТОНГА КОРЕЙС КОМПАНИЯЛАРИ ЯНАДА КЎПРОҚ КИРИБ КЕЛАДИ
"Taraqqiyot Strategiyasi" markazi

ЎЗБЕКИСТОНГА КОРЕЙС КОМПАНИЯЛАРИ ЯНАДА КЎПРОҚ КИРИБ КЕЛАДИ

Квон ЁН У,

Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

Замонавий давлатчилигимиз тарихида Корея Республикаси билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида 1992 йил 29 январда дипломатик муносабатлар ўрнатилган. Ўтган 27 йил мобайнида ҳурмат ва ишончга асосланган ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари ривожланди ва мустаҳкамланди.

Дипломатик муносабатлар ўрнатилгандан шу кунга қадар ташкил этилган олий даражадаги учрашувлар, улар натижасида имзоланган манфаатли лойиҳалар туфайли икки томонлама муносабатларнинг мустаҳкам асоси яратилди. Бугунги кунда мамлакатларимиз инвестициялар, саноат, савдо, соғлиқни сақлаш ва таълим, давлат бошқаруви каби соҳалар, шунингдек, узоқ муддатли тараққиётни таъминлашнинг устувор йўналишлари бўйича фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланган вақтдан бошлаб мамлакатнинг янгиланган ташқи ва ички сиёсатидаги муҳим йўналишлар қайта белгилаб олинди. Давлатнинг рақобатбардошлигини таъминлайдиган мустаҳкам асос барпо этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда 2019 йил – Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили, деб эълон қилинди. Бу, ўз навбатида, иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш ўртасидаги манфаатли, шу билан бирга, мутаносиб даврийликни яратиш имконини берди. Ушбу саъй-ҳаракатлар мамлакатни ўрта ва узоқ муддатли ривожлантириш учун зарур бўлган оқилона қадамдир.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистондаги ислоҳотлар сиёсати хорижий инвестициялар, хусусан, корейс сармоядорларини мамлакатингизга жалб қилишга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Аксарият корейс тадбиркорлари амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, давлат бошқарувидаги, валюта сиёсати ва виза тартибидаги ўзгаришлар натижасида юртингизда ишбилармонлик муҳити яхшиланаётганини алоҳида эътироф этмоқда. Мазкур чора-тадбирлар Корея Республикаси компанияларининг Ўзбекистонга янада кўпроқ кириб келишига туртки беришига ишонаман.

Мамлакатларимиз ўртасида иқтисодиёт соҳадаги ҳамкорлик муносабатлари янада ривожланмоқда. Ҳамкорлик, айниқса, автомобилсозлик, энергетика, шаҳарсозлик соҳаларида янада фаоллашди. 2018 йилда мамлакатларимиз ўртасида ўзаро товар айланмаси ҳажми 2 миллиард АҚШ долларидан ортди. Бунда Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритаётган 600 та корейс компаниясининг ҳам муносиб ўрни бор. Рақамларда айтганда, Ўзбекистонга 2018 йилда инвестиция киритган хорижий компаниялар орасида кореялик ишбилармонлар 4-ўринни қайд этди.

Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг Ўзбекистонга бошланаётган давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик ҳамкорликни, энергетика, транспорт, АКТ, соғлиқни сақлаш, таълим каби муҳим соҳалардаги шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Миллий сиёсат фалсафаси борасида ҳамфикр бўлган икки давлат раҳбарлари ўртасидаги ишонч ва дўстлик ришталари ўзаро манфаатли бўлган соҳалардаги муносабатларни ҳар томонлама тараққий эттириш учун асос бўлади.

Ушбу ташриф халқларимиз ўртасида қарор топган ҳурмат ва ўзаро ишончни маданий алмашинувлар орқали мустаҳкамлаш учун ҳам муҳим пойдевор яратиш имконини беради.

Манба: ЎзА