"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“Тараққиёт стратегияси” Маркази – замонавий мулоқот майдони


Бугун “Тараққиёт стратегияси” Марказида “2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишдаги фуқаролик жамияти институтларининг роли” мавзусида тақдимот тадбири ўтказилди.

“Тараққиёт стратегияси” Маркази ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Инсон ҳуқулари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Республика маънавият ва маърифат маркази, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази, “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази, Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ўзбекистонда фаолият юритаётган халқаро ташкилотлар, хорижий мамлакатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирни “Тараққиёт стратегияси” Маркази ижрочи директори Элдор Туляков очди ва олиб борди. У ўз сўзида сўнгги йилларда ННТлар сони ва кўлами кенгайиб бораётгани, уларга берилаётган имкониятлар ва олдига қўйилган вазифалар доираси ошиши, хусусан, жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш ва мониторинг юритиш билан боғлиқ вазифалар изчиллик билан жорий этилаётгани, шунингдек, жамият мафкурасини шакллантириб, халқ ишончи ва эътиқодига айлантириш жараёнларида уларнинг ўрни ва роли юксалиши, ижтимоий шериклик муносабатларининг мустаҳкамланиши ННТлар фаолиятини янада такомиллаштириш заруратини юзага келтираётганига алоҳида эътибор қаратди.

Сўзга чиққанлар томонидан айни пайтда ННТларни қўллаб-қувватлаш, уларга замон талаблари асосида зарур шароитлар яратиш хусусан, давлат органлари ва ННТлар ва бошқа жамоат тузилмалари ўртасида ҳамкорлик тизимини такомиллаштириш, фуқаролик ташаббускорлигини ўстиришга шароит яратиш, давлат ижтимоий буюртмалари орқали ННТлар ва бошқа жамоат тузилмаларининг ижтимоий йўналишдаги дастурларини молиялаштириш каби қатор муҳим масалаларга давлат даражасида эътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидланди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ННТлар фаолиятини янада эркинлаштириш, соҳада мавжуд тўсиқларни олиб ташлаш, бу ташкилотларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида Адлия вазирлигининг 15 та қонун ҳужжати қабул қилингани қайд этилди.

Иштирокчилар ўз фаолиятининг асосий жиҳатлари ва истиқболда амалга ошириш лозим бўлган долзарб вазифаларни бажариш учун мавжуд имкониятлари ҳақида тақдимотлар ўтказишди.

Мутахассилар томонидан ушбу тадбирнинг муҳимлигига юқори баҳо берилди.  Дарҳақиқат, тадбир орқали ННТлар фаолиятини такомиллаштиришда миллий ва хорижий тажрибани қиёсий таҳлил қилиш;

-хорижий давлатлар элчихоналари ҳамда халқаро ташкилотларнинг муайян йўналишлар бўйича режалаштираётган лойиҳаларини амалга ошириш учун шериклар билан яқиндан танишиш;

-истиқболда молиялаштириш учун мўлжалланган маблағларни манзилли равишда йўналтириш, яъни талаб этиладиган имкониятга эга ННТлар билан элчихоналар ҳамда халқаро ташкилотларни яқиндан таништириш;

-ўз навбатида, миллий ННТлар томонидан амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳаларни молиялаштириш борасида янги келишувларга эришиш имкони туғилди.

Тадбир ушбу йўналишлар бўйича иштирокчилар учун ўзига хос мулоқот майдони вазифасини ўтади.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати