• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ЎЗБЕКИСТОН ТАРАҚҚИЁТИ – БУ КОРЕЯ РЕСПУБЛИКАСИ ТАРАҚҚИЁТИ ДЕМАК

Мун ЧЖЭ ИН,

Корея Республикаси Президенти:

Аввало, корейс халқи Ўзбекистондан жуда миннатдор эканини алоҳида таъкидламоқчиман. Ўзбек халқи бундан саксон йиллар олдин бошпанасидан айрилган корейс миллатига мансуб фуқароларни ўз бағрига олди. Ўша вақтда Ўзбекистон ва унинг аҳолиси Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан боғлиқ мураккаб даврни бошдан кечирганини ёдга оладиган бўлсак, миннатдорлик туйғуси янада ортади. Корея Республикаси машаққатли йилларда беминнат ёрдам қўлини чўзган ўзбек халқига чуқур ҳурмат-эҳтиром ва дўстлик туйғуси билан қарайди.

1992 йилда, Ўзбекистон ўз мустақиллигига эришганининг кейинги йили мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди. Икки давлатнинг бундай жадал яқинлашуви асосида дўстлик ва ўзаро ишонч муносабатлари мужассам эди. Мамлакатларимиз ўртасидаги алмашинувлар кенгайиб, энергетика, автомобилсозлик, тўқимачилик саноати, логистика, ахборот технологиялари ва молия соҳаларида жадал ривожланди. Ўтган йили ўзаро савдо ҳажми мамлакатларимизнинг алоқалари тарихидаги максимал кўрсаткич – 2,1 миллиард АҚШ долларига етди.

Шунингдек, давлат раҳбарлари даражасидаги мулоқотлар ҳам фаол ривожланмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев билан биргаликда халқ ва унинг манфаатлари ҳамма нарсадан устун бўлган давлат бошқаруви фалсафасига амал қиламиз, шахсий муносабатларимиз ҳам яқин дўстлик ва биродарлик руҳида мустаҳкамланиб бормоқда.

Мамлакатларимиз биргаликда яратаётган келажакка катта умид билан қарайман. Халқларимизнинг бир-бирига ишончи ва самимий туйғулари чуқур илдиз отади, амалдаги ҳамкорлик тажрибаси эса, унинг келгуси равнақига хизмат қилади. Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси Евроосиёнинг тинчлиги ва муштарак тараққиётини таъминлаш йўлида ҳамкорлик қилишига ишонаман.

Евроосиёнинг умумий тараққиётига доир якдил қарашга эга мамлакатларнинг иқтисодий ҳамкорлик борасидаги салоҳияти беқиёс. Истиқболга йўналтирилган иқтисодий ҳамкорлик учун, аввало, институционал асосларни мустаҳкамлаш жоиз. Мазкур давлат ташрифи асносида лойиҳалар ва инвестиция шароитларини янада яхшилаш йўлларини кенг муҳокама қилишни режалаштирмоқдамиз. Мамлакатларимиз компаниялари ҳамкор давлат бозорига дадил кириб бориши ҳамда икки томонлама савдо ва инвестициялар ҳажми янада ошишига ишонамиз.

Икки томонлама ҳамкорликка оид лойиҳаларни амалга оширишнинг янги имкониятларини излаш, жумладан, газ конларини топиш ва электр станциялари қуришни давом эттирган ҳолда, ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ), 5G мобиль алоқасининг бешинчи авлод технологиялари, космик технологиялар, саноатнинг янги тармоқлари, хусусан, тиббиёт ва биоиндустрия сингари илм талаб қилувчи илғор соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш ўта муҳим. Ўзбекистон тараққиёти – бу Корея Республикаси тараққиёти демак. Бизнинг мамлакатимиз иқтисодий ривожланишга оид тажриба билан бажонидил ўртоқлашиш ва турли соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр. Умид қиламизки, халқларимиз ҳаётида ўз аксини топадиган ижобий ўзгариш ва тараққиётга эришамиз.

Сўнгги пайтларда Корея Республикасида Буюк Ипак йўли тамаддуни ўчоғи бўлган Ўзбекистонга қизиқиш тобора ортмоқда. Ўйлайманки, ўтган йили жорий этилган визасиз тартиб ва бу йилдан авиарейслар сони оширилгани туфайли келажакда фуқароларимиз ўртасида борди-келди янада кўпаяди. Бундан ташқари, мамлакатларимиз қадим анъана ва маданиятга эга. Умид қиламизки, бу ўзаро алмашинувлар ва мулоқотни янада ривожлантиришга хизмат қилади. Бу нафақат икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш, балки инсоният маданий меросини келажак авлодларга етказишда ҳам улкан аҳамият касб этади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасининг фаол саъй-ҳаракатлари туфайли Марказий Осиёда ҳамкорлик муҳити қарор топмоқда. Кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш Марказий Осиёнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётига хизмат қилади.

Корея Республикаси 2007 йилдан буён Марказий Осиё минтақасида ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги ишларни амалга оширмоқда. “Корея Республикаси – Марказий Осиё” ҳамкорлик форуми доирасида ҳар йили Марказий Осиёнинг беш мамлакати ҳукумати, ишбилармон ва илмий доираларининг масъул вакиллари, маданият арбоблари билан алмашинув ва алоқалар, шунингдек, давлат компаниялари ва хусусий бизнес иштирокида қўшма ҳамкорлик лойиҳалари татбиқ этилмоқда. 2017 йил июль ойида Сеулда “Корея Республикаси – Марказий Осиё” ҳамкорлик форуми котибияти ташкил этилган эди. Айни пайтда бизнинг мамлакатимиз ва Марказий Осиё давлатлари вакиллари томонидан транспорт, логистика, энергетика ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича фаол иш олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг иккинчи ярмида Корея Республикаси ва Марказий Осиё мамлакатлари ҳамкорлигига доир XII форум бўлиб ўтади. Мазкур форум вазирлар даражасида ўтказилаётгани унинг аҳамиятини янада оширади. У ядродан холи ҳудуд барпо этиш ва Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишига хизмат қилган Марказий Осиёнинг билим ва тажриба алмашиш майдончасига айланишига умид қиламиз. “Корея Республикаси – Марказий Осиё” ҳамкорлик форуми минтақадаги алоқаларни янада мустаҳкамлаши ва Евроосиёда тинчлик ва тараққиёт концепциясини амалга оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилишини истаб қолардик.

Манба: ЎзА