"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ҲАМКОРЛИКДА ҲИКМАТ КЎП

 Жорий йилнинг апрели мамлакатимиз ҳаётида муҳим сиёсий воқелик юз берган ой сифатида тарих саҳифаларига муҳрланадиган бўлди. Дарҳақиқат, юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи кутилганидан ҳам самарали ва амалий натижаларга бой ўтди. Президентларнинг Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасида алоҳида стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларацияни имзолашгани ушбу фикримиз далилидир.

Икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 27 йил тўлди. Бироқ, бу дўстлик ришталари жуда қадим даврларга бориб тақалади. Бу Самарқанднинг Афросиёб музейидаги деворий суратларда акс эттирилган корейс элчилари ҳақидаги қадимий миниатюралардан бизга яхши маълум. Бинобарин, ўзбек ва корейс халқларининг маданияти, менталитети бир-бирига ниҳоятда яқин. Бағрикенглик, меҳнаткашлик, ватанпарварлик, меҳр-оқибат, хайр-саховат, каттага ҳурмат, кичикка иззат каби азалий қадриятларимиз жуда ўхшаш ва уйқаш.

Мамлакатларимиз ўртасида барча соҳалардаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари кейинги йилларда жадал ривожланиб бораётганига сабаб бўлаётган муҳим омиллардан бири ҳам шудир, эҳтимол.

Ўзбекистон ўз мустақиллигига эришганидан буён шу кунга қадар Корея билан имзоланган 170 га яқин ҳужжат икки томонлама ҳамкорликнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Айни вақтда юртимизда кореялик инвесторлар иштирокида 660 га яқин корхона фаолият кўрсатмоқда ва иқтисодиётимизга жалб этилган тўғридан-тўғри корейс инвестициялари ҳажми 7 миллиард доллардан ошди. Кореянинг 75 та компанияси Ўзбекистонда нефть-газ, нефть-кимё, кимё, кончилик, машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, логистика, туризм каби соҳаларда иш юритмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 22-25 ноябрь кунлари Корея Республикасига бўлган давлат ташрифи якунида Стратегик шерикликни ҳар томонлама чуқурлаштириш тўғрисида Қўшма баёнотнинг қабул қилиниши ўзаро ҳамкорлик алоқаларини яна бир янги босқичга кўтарди. Ушбу ташриф мобайнида давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро 20 дан ортиқ битим, шунингдек, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, технологик ва бошқа соҳаларда умумий қиймати 10 миллиард доллардан ортиқ бўлган 64 та ҳужжат имзоланди.

Корея Республикаси раҳбарининг куни кеча мамлакатимизга қилган жавоб ташрифи эса, икки томонлама ўзаро манфаатли алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш ва юксалтиришда алоҳида муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз. Олий даражадаги музокаралар чоғида умумий қиймати 12 миллиард доллардан зиёд бўлган муҳим келишувларга эришилгани ушбу фикримиз далилидир. Бу битимлар энергетика, нефть-газ, химия ва тоғ-кон, машинасозлик ва электр техникаси, транспорт ва логистика, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати, инфратузилмалар, ахборот-коммуникация технологиялари, рақамли тиббиёт каби устувор йўналишларни қамраб олгани билан диққатга сазовордир.

Шу ўринда, парламентлараро ҳамкорлик муносабатларимиз ҳақида ҳам илиқ фикрларни билдириш мумкин. Қарийб чорак аср муқаддам Корея Республикаси Миллий Ассамблеясида “Корея — Ўзбекистон” парламент дўстлик Ассоциацияси ташкил этилган бўлса, 2005 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Корея Миллий Ассамблеяси билан ўзаро ҳамкорлик бўйича парламентлараро дўстлик гуруҳи самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. 1994 йилдан бери эса, савдо-иқтисодий муносабатлар бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссия тузилган бўлиб, 2017 йилда икки мамлакат ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,19 миллиард долларни ташкил этди. Ўтган йили бу кўрсаткич 2 миллиард долларни ташкил этиб, ўсиш суръати 57 фоизга ортди.

Халқаро ташкилотлар доирасида ҳам БМТ Бош Ассамблеясидаги ташаббус ва резолюцияларни, БМТнинг турли органларига номзодларни ўзаро қўллаб-қувватлаш орқали, шунингдек, Осиё минтақавий гуруҳи доирасида самарали ҳамкорлик олиб борилмоқда. Кейинги йилларда БМТ Хавфсизлик кенгаши муваққат аъзолигига (2013-2014 йиллар), Инсон ҳуқуқлари Кенгашига (2013-2015 ва 2016-2018 йиллар), Халқаро ҳуқуқ Комиссиясига (2017-2021 йиллар), БМТнинг Ирқий камситишларни бартараф қилиш бўйича Қўмитасига (2018-2021 йиллар) Жанубий Кореянинг номзоди Ўзбекистон томонидан фаол қўллаб-қувватланди. Ўз навбатида, Жанубий Корея ҳам БМТ Бош Ассамблеясининг 69-сессиясида қабул қилинган, ҳар икки йилда бир марта кўриб чиқиладиган “Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд” тўғрисидаги резолюцияни изчил маъқуллаб келмоқда.

Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ҳам бўлиб, депутатлар ва Сенат аъзолари олдида сўзлаган тарихий нутқи биз парламент аъзоларида улкан таассурот қолдирди.

Олий мартабали меҳмон ўз чиқишида икки давлатнинг бундан 1400 йил аввал бошланган дўстлиги, буюк ўзбек алломаларининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида алоҳида тўхталиб, тарихий алоқаларни бугунги замон анъаналари билан уйғунлаштирган ҳолда икки давлат ўртасидаги парламентлараро муносабатлар, манфаатли ҳамкорлик истиқболларини янада мустаҳкамлаш устувор мақсад эканини таъкидлади.

— Ўзбекистон ва Корея ҳали бирорта давлат кўрмаган муҳим муносабатни ўрнатишга муваффақ бўлган, — деди Корея раҳбари жумладан. — Ўзбекистоннинг тараққиёти — Кореянинг тараққиётидир. Корея иқтисодий ривожланиш тажрибасини, албатта, Ўзбекистон билан ўртоқлашади. Алоқалар – бу инновация ва албатта тараққиёт демакдир. Ўзбекистоннинг тарихи бунга энг кучли асосдир. Мен Кореянинг эски дўст давлат – Ўзбекистон билан алоқалари XXI асрда инновация даражасига кўтарилиб, икки давлатнинг умумий тараққиётга эришишига қаттиқ ишонаман

Шу билан бирга, Мун Чжэ Ин парламентарийлар ҳузуридаги чиқишида икки давлатни боғлайдиган темирйўллар қуриш таклифини илгари сурди. Бу билан у Жанубий Корея Ўзбекистоннинг тараққиётида фаол иштирок этиши мумкинлигини, Ўзбекистон эса Корея орқали дунёнинг энг катта уммони – Тинч океанига чиқиш имконига эга бўлишини таъкидлади. Шунингдек, Корея томонидан мамлакатимизга космик тадқиқотлар бўйича ҳамкорлик қилиш, бу соҳада мутахассислар тайёрлаш, сунъий йўлдошлардан тўғридан-тўғри сигнал қабул қилувчи станция ташкил қилиш бўйича ёрдам кўрсатилиши ҳақида ҳам маълум қилинди.

Хулоса ўрнида айтганда, кейинги вақтларда 2017—2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар шиддати ва эришилаётган натижалар салмоғини бутун дунё ҳамжамияти эътироф эта бошлади. Жуда кўплаб ривожланган илғор давлатлар биз билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш истагида эканини изҳор этаётгани эса, яна қувонарли ҳолдир. Шубҳасизки, яқин ва ишончли дўстларимиз қаторида Корея Республикаси энг олдинги сафларда турибди. Зеро, Ўзбекистон ва Жанубий Корея муносабатлари алоҳида стратегик шериклик даражасига кўтарилган экан, бундан буён сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлигимиз янада барқарорлашиб, ўзбек ва корейс халқларининг фаровонлигига, давлатларимизнинг жадал тараққиётига хизмат қилаверади. Ўз навбатида, биз депутатлар ҳам Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ишларига муносиб ҳиссамизни қўшиш бўйича бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этаверамиз.

Элдор ТУЛЯКОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори