"TARAQQIYOT STRATEGIYASI"
MARKAZI
TARAQQIYOT STRATEGIYASI MARKAZIYangiliklar2019Икки томонлама манфаатли алоқалар мустаҳкамланмоқда
"Taraqqiyot Strategiyasi" markazi

Икки томонлама манфаатли алоқалар мустаҳкамланмоқда

Корея Республикаси ҳақли равишда мамлакатимизнинг асосий ҳамкорларидан бири, йирик инвестор, Ўзбекистон иқтисодиётини таркибий ўзгартириш ва модернизация қилиш, рақобатбардош ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва мамлакатнинг экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган дастурларда манфаатдор иштирокчи сифатида эътироф этилади.

Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси жорий йилда ўзаро дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 27 йиллигини нишонлашди. 2016 йилда икки мамлакат ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларация имзоланган эди. Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин 18-21 апрель кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлганида эса, давлатларимиз ўртасида алоҳида стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларация имзоланиб, ўзаро муносабатлар тарихида мутлақо янги босқич бошланди. Мазкур тамойилларга таянган ҳолда, томонлар мунтазам сиёсий мулоқот олиб бормоқда, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда тенг ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик ривожлантирилмоқда.

Бугун “Тараққиёт стратегияси” марказида Корея Республикаси Соғлиқни сақлашни ривожлантириш институти (XIDE) делегацияси билан бўлиб ўтган учрашувда ана шулар ҳақида атрофлича фикр алмашилди.

Учрашувда ижтимоий соҳадаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари, шунингдек, юқори малакали тиббиёт ходимларини тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди. Корея томони Тошкент шаҳрида барпо этилаётган замонавий тиббиёт мажмуасининг замонавий имкониятлари тўғрисида маълумот берди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори меҳмонларга сўнгги йилларда Ўзбекистонда бевосита давлат раҳбари даражасида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш масаласига қаратилаётган эътибор ва унинг амалий натижалари ҳақида сўзлаб берди. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси тузилгани, ушбу қўмита ва тегишли вазирлик ҳамда идоралар томонидан тиббиёт мажмуасини қуриш ва фаолиятини ташкил этишда имкон қадар кўмак кўрсатишга тайёр эканини билдирди. Шунингдек, марказ фаолиятининг устувор йўналишлари ҳақида батафсил сўзлаб берди.

Корея делегациясининг марказга ташрифи кўпқиррали муносабатларни изчиллик билан мустаҳкамлаш, соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича ҳамкорликнинг айни пайтдаги ва келгусидаги ҳолатини таҳлил қилиш ва давлатларимиз ўртасида фаол ривожланаётган алоҳида стратегик ҳамкорлик доирасида манфаатли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим қадам бўлди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати