"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ЗЎРАВОН ЭКСТРЕМИЗМНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ

Шу кунларда пойтахтимизда муҳим тадбир – “Марказий Осиёда зўравон экстремизм ва радикаллашувнинг олдини олиш ва унга қарши курашишда диний бағрикенглик тарғиботи” мавзуида халқаро семинар бўлиб ўтмоқда. “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков мазкур тадбирда маъруза қилди.

Зўравон экстремизм муаммоси Марказий Осиё минтақаси учун муҳим ўрин тутади. Минтақа террористик мақсадларда одамларни ёллаш ва радикаллаштириш орқали тинчликни бузиш, шунингдек, бошқа давлатларда террорчилик чиқишларини уюштириш учун ёлланган одамларни бегона юртларга олиб чиқаётган айрим шаҳслар ва гуруҳлар томонидан уюштирилаётган таҳдидларга қарши ҳимоясиздир.

Зўравон экстремизмнинг олдини олиш ва унга қарши самарали курашиш, шунингдек, турли шаҳсларни ундаш ва ёллаш, ҳамда хорижий террорчи жангчиларни ҳам жалб қилиш билан боғлиқ муаммолар ушбу масалаларга халқаро эътиборнинг кучайишига олиб келди. Ушбу вазият давлатларнинг бу таҳдидларга қарши курашиш учун қўшимча комплекс стратегиялар ва усулларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш зарурлигини намоён этди.

Шу нуқтаи назардан, минтақада зўравон экстремизм таҳдидларига қарши туриш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида, хорижий ҳамкорлар – “Минтақавий мулоқот” нодавлат ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва АҚШнинг Тинчлик институти Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан ҳамкорликда халқаро семинар ташкил этилди. Ундан мақсад, ҳукумат вакиллари, фуқаролик жамияти ва ташкилотлар, илмий доиралар, шунингдек, АҚШ, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистондан таклиф этилган халқаро тоифадаги экспертлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.

Семинар доирасида ўтказилган муҳокамалар давомида “Тараққиёт стратегияси” маркази вакиллари терроризм ва зўравон экстремизмга қарши курашиш учун минтақа салоҳиятини мустаҳкамлашда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш тамойилларига риоя қилган ҳолда мулоқот яратиш ва алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида қатор тадбирлар, жумладан, семинарлар ўтказиш орқали маълумотлар алмашинувини ташкил қилиш ғоясини илгари сурдилар.

“Тараққиёт стратегияси” маркази матбуот хизмати