"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Навбатдаги муҳим масала муҳокамаси

Бугун “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти ҳамда Америка тинчлик институти билан ҳамкорликда “Маҳаллий даражада зўравон экстремизмга қарши туриш: турфа ёндашувлар, узвийлик ва синергиялар” мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди.

Пойтахтимиз ва Самарқанд шаҳрида икки кун давом этган семинар якуни сифатида ташкил этилган тадбирда “Тараққиёт стратегияси” Маркази ва “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти, Америка тинчлик институти вакиллари, қатор хорижий ташкилотлар ҳамда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондан таклиф этилган экспертлар, ОАВ ходимлари иштирок этди.

 Элдор Туляков, “Тараққиёт стратегияси” маркази раҳбари:
- Бағрикенглик ўзбек халқи маънавияти ва маданиятининг ажралмас қисми. Юртимизда истиқомат қилиб келаётган турли миллат ва элатлар ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг бешинчи йўналиши айнан диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласига бағишланган. Бу борада кўрилаётган амалий чоралар эса, ижтимоий барқарорлик кафолатига айланмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли махсус резолюцияни қабул қилиш тўғрисидаги ташаббус кенг жамоатчилик томонидан ижобий баҳоланди. Буни мазкур ташаббус асосида БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюцияси қабул қилингани ҳам яна бир бор тасдиқлади. Ушбу ташаббуснинг асосий мақсадларидан бири, бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларни камситишга йўл қўймасликка ёрдам бериш ҳисобланади. Ўзбекистон томонидан кўрилаётган чоралар халқаро майдонда мамлакатнинг дин ва эътиқод эркинлиги, бағрикенглик ва ўзаро ҳамжиҳатлик, маърифат ва барқарорлик, тинчлик ва тараққиётни таъминлашга қаратилган ташаббусларнинг самаралари эътироф этилмоқда. Бугунги мулоқотлар давомида мавзу юзасидан Ўзбекистон тажрибаси иштирокчиларнинг алоҳида диққат марказида бўлди.