"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик ришталари янада мустаҳкамланмоқда


Шу кунларда Хитойнинг Цзинань шаҳрида “Бир макон, бир йўл қурилиши, ҳамкорлик натижаларини биргаликда қўллаш” мавзуида IV Хитой ва Марказий Осиё ҳамкорлик форуми бўлиб ўтмоқда. Тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этмоқда.

Хитой ва Марказий Осиё ҳамкорлик форуми Хитойнинг хорижий давлатлар билан дўстлик жамғармасининг Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва манфаатдор ташкилотлар, шунингдек минтақавий маъмуриялар билан дўстона муносабатлар ва минтақавий ҳамкорлик асосида ишлаб чиқилган кўп томонлама халқаро анжумандир.

Таъкидланишича, минтақавий ҳамкорлик мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришнинг муҳим таркибий қисми ҳамда турли соҳаларда амалий ҳамкорликни чуқурлаштиришда муҳим канал ва асосий омил саналади. Қардош шаҳарлар ўртасидаги алоқалар ҳам минтақавий ҳамкорликнинг ривожланишида муҳим роль ўйнайди.  

Форумнинг ўтказилиши нафақат юқори даражадаги “Бир макон, бир йўл” II халқаро ҳамкорлик саммити мақсадлари билан ҳамоҳанг, балки Саммит натижалари ҳамда Хитой ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ўртасида эришилган келишувни амалга оширишда муҳим тадбир ҳисобланади. Форум Хитой ва Марказий Осиёдаги бешта давлат ўртасида кўпгина соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришга замин яратиши муқаррар. Жумладан, минтақавий ва тармоқлараро ҳамкорлик, таълим ва ёшлар алмашинуви, оммавий ахборот воситалари платформасидан биргаликда фойдаланиш ва бошқалар.

Бундан ташқари, Форум Хитой ва Марказий Осиёнинг беш мамлакати ўртасидаги ўзаро англашув ва ишончнинг ортиши ҳамда халқлар ва минтақалар ўртасида дўстона ҳамкорлик даражасининг ошишига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Мазкур форум доирасида очилиш маросими, ялпи учрашув, шунингдек “Таълим ва ёшлар”, “ОАВ ўртасида алмашинув”, “Цзинань ва Марказий Осиё иқтисодиёти” мавзуида давра суҳбатлари ва тантанали қабул бўлиб ўтди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази вакиллари Ганьсу провинцияси Ижтимоий фанлар академияси раҳбарияти билан икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар. Хусусан, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, илмий анжуманлар ўтказиш, ва бошқалар.

Форум давомида “Тараққиёт стратегияси” маркази раҳбари Элдор Туляков “Ўзбекистон ёшлар сиёсати” мавзуига бағишланган тақдимот ўтказди. У ўз тақдимотида давлат томонидан олиб борилаётган ёшлар сиёсатининг асосий тамойилларига эътибор қаратди. Хусусан, очиқлик ва ошкоралик, ёшлар сиёсатини амалга оширишда ёшлар иштироки, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, маънавий, ахлоқий ва маданий қадрияларнинг устуворлиги ҳамда ёшларнинг камситилишига йўл қўймаслик масалаларига тўхталди.

Элдор Туляковнинг таъкидлашича, бевосита Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистонда ёшларга алоҳида эътибор қаратилмоқда, ёшлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, уларнинг касбий йўналиши ва бандилиги таъминлаш ҳамда ташаббусларини рағбатлантириш бўйича фаол ишлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда, Тошкентда ёшлар сиёсатини такомиллаштириш масалаларига бағишланган турли тадбирлар мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.

Ўзбекистон Президентининг Нью-Йоркга ташрифи чоғидаги БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи муҳим воқелик бўлди. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида жаҳон ҳамжамиятига нафақат янги Ўзбекистоннинг замонавий ҳақиқатларини тақдим этди, балки жаҳон миқёсидаги ташаббусларни, жумладан, ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича конвенция ишлаб чиқишни таклиф этди. Бу давлат раҳбарининг мамлакатни ривожлантириш истиқболларига оид стратегиясида принципиал ёндашувни ифодалайди.

Форум натижаларига кўра, “Тараққиёт стратегияси” маркази ва Хитой Халқ Республикасининг Ганьсу провинциясидаги Ижтимоий фанлар академияси ўртасида Ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Ушбу хужжат иккитомонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида қўшма лойиҳалар ва тадқиқотларни амалга оширишда кенг имкониятлар яратади.

“Тараққиёт стратегияси” маркази матбуот хизмати