"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Халқаро ҳамкорлик ўзаро очиқ мулоқотлар орқали янада мустаҳкамланди


Жорий йилнинг 15 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури (БМТТД) миссияси вакилларининг ташаббуси билан “Тараққиёт стратегияси” марказида учрашув бўлиб ўтди.

Миссиянинг ташрифдан мақсади, 2016-2020 йилларга мўлжалланиб тузилган ҳамкорлик дастури доирасида мамлакатимизда амалга оширилган ишларни баҳолаш ва эришилган натижаларни муҳокама қилишдир.

Учрашувда “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Лойиҳалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Шерзод Ата-Мирзаев ҳамда лойиҳа раҳбарлари Шуҳрат Иргашев, Фурқат Юнусов ва Бош координатор Азамат Фатхуллаевлар иштирок этишди.

Шерзод Ата-Мирзаев меҳмонларга “Тараққиёт стратегияси” марказининг асосий фаолият йўналишлари ва вазифалари ҳақида атрофлича маълумот берди. Шунингдек, марказ ва Тараққиёт дастури ҳамкорлигида амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар тўғрисида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

Ўз навбатида, меҳмонлар илиқ қабул учун миннатдорчилик билдиришди. Суҳбат чоғида тарафлар ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва қашшоқликка қарши кураш, қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш, хусусий сектор ва микро-молиялаш, шунингдек, ахборот-коммуникация технологияларини такомиллаштириш соҳаларидаги қўшма дастур ва лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилганини эътироф этишди.

Ўзаро мулоқот давомида иккитомонлама амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Асосий эътибор атроф-муҳит, табиатни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш ва энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасидаги истиқболли лойиҳаларни самарали реализация қилишга қаратилди.

“Тараққиёт стратегияси” марказининг

Ахборот хизмати