"TARAQQIYOT STRATEGIYASI"
MARKAZI
TARAQQIYOT STRATEGIYASI MARKAZIYangiliklar2019“ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ”...
"Taraqqiyot Strategiyasi" markazi

“ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ” МАРКАЗИ ВАКИЛЛАРИ ХИТОЙДА МУҲИМ КЕЛИШУВГА ЭРИШИШДИ

Айни вақтда Ўзбекистон делегацияси таркибида Хитой Халқ Республикасида ишчи ташриф билан бўлиб турган “Тараққиёт стратегияси” маркази вакиллари Хитойнинг қатор илмий-тадқиқот муассасалари, нодавлат ташкилотлари ва марказлари билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан қатор учрашувлар ўтказишмоқда.

Навбатдаги учрашув Хитойнинг “Бир макон – бир йўл” маркази ҳамда Хитой ривожланиш банки вакиллари билан ташкил этилди. “Бир макон – бир йўл” маркази Хитой парламенти қошида тузилган ва Парламент ҳамда Хитой ривожланиш банки томонидан қўллаб-қувватланади.

“Бир макон – бир йўл” марказининг фаолияти Марказий Осиё, Европа ва Африка минтақасида жойлашган 60 дан ортиқ мамлакатни ўзаро боғловчи мавжуд иқтисодий йўлакларни янада такомиллаштириш ҳамда янги транспорт ва савдо йўлларини яратишга қаратилган. Ушбу ҳудуддаги давлатлар жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 55 фоизини, глобал энергия захираларининг 75 фоизини ўзида жамлаган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилда Пекин шаҳрида бўлиб ўтган “Бир макон, бир йўл” форумида мазкур ташаббус ҳар бир давлатнинг ўз имкониятларидан тўла фойдаланиш, иқтисодий жиҳатдан бир-бирини тўлдириш, савдо ҳамда инвестицияларни рағбатлантириш, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш учун кенг йўл очишини қайд этганди. Дарҳақиқат, мазкур лойиҳанинг рўёбга чиқарилиши дунё тамаддунида Марказий Осиёнинг тарихий мавқеини қайта тиклашга замин яратади.

Жорий йилда “Бир макон – бир йўл” ташаббуси эълон қилинганига олти йил тўлади. Бугунги кунга келиб унинг ҳаётга татбиқ этилиши бўйича муҳим натижаларга эришилди. Мазкур лойиҳага дунёнинг 100 дан ортиқ давлати ҳамда халқаро ташкилотлари жалб қилинган.

Хорижий мамлакатлар билан дўстлик Хитой халқ жамияти раиси ўринбосари Синь Цзинъу раҳбарлигидаги хитойлик ҳамкорлар билан кечган самимий мулоқот чоғида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков Ўзбекистонда жадал суръатларда амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар ҳақида тўлиқ маълумот берди.

Хусусан, мамлакатимизда амалга оширилаётган урбанизация жараёнлари хусусида тўхталар экан, Э.Туляков жорий йилнинг бошида давлатимиз раҳбари томонидан “Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон қабул қилиниб, мазкур ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасида урбанизацияни тартибга солишни таъминлаш бўйича «Йўл харитаси» қабул қилинганини таъкидлади.

Фармонга мувофиқ, 2019 йил 1 июлдан бошлаб юридик шахсларга бино ва иншоотлари, саноат инфратузилмаси объектлари жойлашган ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқи берилаётгани, жисмоний шахслар эса, якка тартибда уй-жой қуриш ва турар жойга хизмат кўрсатиш учун ажратилган ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқига эга бўлиши, жисмоний ва юридик шахслар томонидан хусусийлаштирилган ер участкалари хусусий мулк ҳисобланиб, дахлсизлиги давлат томонидан ҳимоя қилиниши таъминланаётгани тўғрисида хитойлик ҳамкорларга маълум қилинди. Шунингдек, бу жараёнларда яқин уч йилдан буён амалга ошириб келинаётган “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари юқори самараларни кўрсатаётгани, натижада нафақат шаҳарлар, балки чекка қишлоқ ҳудудларида ҳам инфратузилма яхшиланиб, аҳолининг турмуш даражаси юксалаётгани қайд этилди.

Учрашувда, шунингдек, “Тараққиёт стратегияси” маркази раҳбари Ўзбекистонда янги Мактабгача таълим вазирлиги тузилгани, куни кеча Президент қарори билан “Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси” тасдиқланганини эътироф этди. Концепция доирасида мактабгача ёшдаги болаларнинг ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожланиши учун шарт-шароитлар яратилиши, болаларнинг сифатли мактабгача таълим билан қамрови оширилиши, умуман, яқин йиллар ичида болаларни тўлиқ 100 фоиз мактабгача таълим билан қамраб олиш назарда тутилаётгани устувор мақсад экани айтиб ўтилди. Бу борада тадбиркор ва инвесторларга барча қулай шарт-шароитлар ва имтиёзлар яратиб берилмоқда, уларга хусусий мактабгача таълим муассасалари қуришлари учун ҳеч қандай монеликсиз ерлар ажратилмоқда, бу борада давлат томонидан қўйилаётган фақат биргина талаб – улар болаларни боғчаларга қамраб олишга устувор аҳамият қаратишлари лозим, холос.

Ана шу омилларнинг ҳуқуқий кафолатларини жорий йилнинг 10 май куни Президент томонидан имзоланган “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни янада мустаҳкамлаганини Э.Туляков алоҳида таъкидлади.

Қонунга мувофиқ, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги давлат-хусусий шериклик соҳасида давлат сиёсатини амалга оширади. Мазкур ҳужжат билан давлат-хусусий шериклик тарафларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгилаб берилди. Ўз навбатида, давлат-хусусий шериклик лойиҳаси давлат органи ва якка тартибдаги тадбиркор ёхуд юридик шахс томонидан ташаббус қилиниши мумкинлиги, давлат шериги тендер ёки тўғридан-тўғри музокаралар натижалари бўйича аниқланадиган хусусий шерик билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузиши, тендер мезонлари аниқ бўлиши ва унда камситувчи қоидалар бўлмаслиги кераклиги Қонун билан қатъий мустаҳкамлаб қўйилди.

– Мазкур Қонун Ўзбекистонда амалга оширилаётган урбанизация жараёнларини такомиллаштириш ишларига ҳам ўз ижобий таъсирини кўрсатади, - деди жумладан “Тараққиёт стратегияси” маркази раҳбари хитойлик ҳамкорларга. – Хусусан, аҳоли учун шаҳар ва қишлоқларда шинам ва арзон уй-жойлар, коттежларни қуриш, мавжуд инфратузилмани яхшилаш масалаларида хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш нафақат мамлакатимизнинг ички сиёсати, балки дунё миқёсидаги имижига ҳам бевосита дахлдор, чунки чет эллик инвесторлар ҳам ҳар қандай давлатда хусусий мулк қай даражада ҳимоя қилинганига қараб инвестиция олиб киради.

Элдор Туляков, сўзи якунида юқорида қайд этилган масалаларда Хитой давлати катта ва бой тажрибага эга эканини, уни чуқур ўрганиш ва мақбул жиҳатларини қўллаш Ўзбекистон учун муҳим аҳамият касб этишини, шу мақсадда соҳа мутахассисларидан иборат Ўзбекистон делегациясининг Хитойга ташрифларини ташкил этиш ва халқни рози қилиш борасидаги ишларни ўрганиш таклифини билдирди. Шу билан бирга, айнан урбанизация жараёнлари бўйича “Тараққиёт стратегияси” маркази ва Хитойнинг “Бир макон – бир йўл” маркази ҳамкорлигида тадқиқотлар ўтказиш ҳамда ҳар икки давлатнинг бу борадаги нуқтаи назарини мувофиқлаштириш мақсадга мувофиқ бўлишини баён этди.

Учрашувда Хорижий мамлакатлар билан дўстлик Хитой халқ жамияти раиси ўринбосари Синь Цзинъу сўз олар экан, Хитой Халқ Республикаси билан Ўзбекистон ўртасида тобора мустаҳкамланиб ва кенгайиб бораётган ҳамкорлик алоқалари икки давлат халқлари учун бирдек манфаатли эканини изҳор этди. Ўз навбатида, у “Тараққиёт стратегияси” маркази билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканликлари, халқларимиз манфаатлари йўлидаги бундай эзгу ишга ҳисса қўшишдан фақат мамнун бўлишларини таъкидлаб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлиги йўлида биргаликда саъй-ҳаракатлар қилишга тайёр эканликларини билдирди.

Учрашув очиқ-ошкора, дўстона, креатив ва самимий руҳда ўтди. Томонлар келгусида икки томонлама ҳамкорлик қилишга ва бу ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш ҳақида келишиб олдилар.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати