"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“Тараққиёт стратегияси” маркази раҳбарининг Хитойдаги навбатдаги муваффақиятли келишуви ҳақида


Мамлакат тараққиётини таъминлаш ва стратегик мақсадларига эришишда ақл марказлари муҳим ўрин тутишини ривожланган ва ривожланаётган давлатлар тажрибасидан яққол кўриш, кузатиш мумкин. Жумладан, Хитойнинг бугунги иқтисодий салоҳияти, эришган ва қўлга киритаётган ижобий кўрсаткичлари замирида ҳам, шубҳасиз, кучли таҳлил ва ёндашувларга асосланган илмий хулосалар мавжуд. Бу жараёнда CASN – Хитой ижтимоий фанлар академиясининг Глобал стратегия миллий институтининг алоҳида ўрни мавжуд.Бинобарин, ушбу институт 2015 йилга қадар Хитой ҳукумати томонидан тузилган 25 та энг яхши таҳлил марказларидан бири, деган эътирофга лойиқ топилган.

Институт тажриба-таҳлил маркази сифатида халқаро сиёсий тадқиқотлар билан шуғулланади. Унинг тадқиқот йўналишлари Хитойнинг глобал стратегияси, Хитой атроф-муҳит хавфсизлиги ва “Бир макон, бир йўл” каби муҳим соҳаларларни қамраб олган. Таҳлил натижалари ва хулосалар дунёнинг энг йирик мамлакати ривожланиш йўналишларига асос бўлиб хизмат қилаётган ушбу нуфузли марказ билан эндиликда “Тараққиёт стратегияси” маркази қатор йўналишларда ҳамкорлик олиб боради.

Ушбу ҳамкорлик йўналишлари ва биргаликда амалга ошириладиган лойиҳалар хусусида икки томонлама манфаатли келишувга эришилган учрашувда батафсил фикр алмашилди.

Мулоқот мобайнида, дастлаб “Тараққиёт стратегияси” маркази раҳбари томонидан Ўзбекистон Республикасида шаҳсан Президент ташаббуси ва раҳнамолигида илмий-тадқиқот билан боғлиқ фаолиятни янада самарали, замон талаблари асосида ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор хусусида батафисл маълумот берилди. Хусусан, илмий фаолият олиб борувчи мутахассислар, олим ва таҳлилчилар учун барча зарур шароитлар яратилмоқда, уларнинг малака оширишлари учун барча шароитлар мавжуд. Ўз навбатида, мамлакатни ривожлантиришга қаратилган алоҳида вазифларни амалга оширишга масъул бўлган ишчи гуруҳлар сафига ҳам етук мутахассислар, олимлар мунтазам жалб этилмоқда. Уларнинг илмий изланиш ва таҳлилларга асосланган хулосалари лойиҳаларни амалга оширишда албатта инобатга олинмоқда.

Шу ўринда, марказ раҳбари Элдор Туляков бир масалага алоҳида эътибор қаратди. Яъни, мутахассислар хулосалари қанчалик илмий асосланган, тажрибадан келиб чиқиб таҳлил қилинган бўлмасин, илғор хорижий тажрибани инобатга олмаса, аҳамияти ва натижаси кутилганидек бўлмаслигига эътибор қаратди. Шундан келиб чиқиб, марказ фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳам маҳаллий истиқболли кадрларни, тадқиқотчи ва таҳлилчиларни аниқлаб, уларнинг етакчи хорижий муассасаларда малака оширишларини ташкил қилиш эканини билдирди. Бу борада Глобал стратегия миллий институти билан ҳамкорликка тайёрлигини маълум қилди. Шундан сўнг, ушбу таклиф асосида томонлар Хитой ижтимоий фанлар академиясида икки давлатнинг етук олимлари, профессор ўқитувчилар ўртасида ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш масаласини атрофлича муҳокама қилдилар. Унга кўра, Ўзбекистондан келган олимлар Академияда маъруза қилишлари ва ўз навбатида, хитойлик олимларнинг Ўзбекистонда машғулотлар ўтиши бўйича ўзаро ҳамкорлик қилишга келишиб олинди. Бундан ташқари, шаҳарсозлик ва урбанизация масалалари бўйича биргаликда изланишлар қилишга келишиб олинди.

Хитой томонига юртимизда амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ва улар доирасида амалга оширилган ўзгаришлар хусусида маълумот берилди. Муҳокамаларнинг яна бир муҳим йўналиши турли даражадаги тадбирлар, конференцияларни ташкил этиш ва ўтказишда ўзаро делегациялар алмашинувини мунтазам йўлга қўйиш бўйича келишиб олинди.

Эришилган келишувлар учрашув якунлари бўйича имзоланган меморандумда белгилаб қўйилди.

“Тараққиёт стратегияси” марказининг

Ахборот хизмати