"TARAQQIYOT STRATEGIYASI"
MARKAZI
TARAQQIYOT STRATEGIYASI MARKAZIYangiliklar2019АМАЛИЙ НАТИЖАЛАРГА БОЙ УЧРАШУВ
"Taraqqiyot Strategiyasi" markazi

АМАЛИЙ НАТИЖАЛАРГА БОЙ УЧРАШУВ

Маълумки, жорий йилнинг 11-17 май кунлари Ўзбекистон делегацияси ишчи ташриф билан Хитой Халқ Республикасида бўлди. Делегация таркибида “Тараққиёт стратегияси” маркази вакиллари Хитойнинг қатор илмий-тадқиқот муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва “ақл марказ”лари билан учрашувлар ўтказиб, муҳим келишувларга эришишди.

Жумладан, 17 май куни Марказ вакиллари Пекин шаҳрида Хитойнинг “Hi China International Youth Development Alliance” – “Салом, Хитой” ёшлар ривожланиши бўйича халқаро альянс Президенти Хи Лиу хоним билан учрашдилар.

Самимий мулоқот чоғида Хи Лиу хоним ўзи раҳбарлик қилаётган ташкилот ҳақида меҳмонларга батафсил сўзлаб берди. Таъкидланганидек, мазкур Альянс халқаро миқёсда манфаатдор ташкилотлар ва алоҳида шахсларга ёшларни ҳар томонлама етук, билимли ва интеллектуал салоҳиятли, комил шахслар қилиб тарбиялашда ўзаро тажриба алмашиш имкониятини беради, шунингдек, ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурлар ва лойиҳаларни амалга оширади, ёшларга оид сиёсат ҳақида тадқиқотлар ўтказиб, тегишли маълумотларни беради, умуман ёшлар ва уларнинг ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлайди.

Ўз навбатида, Марказ раҳбари ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси ва унинг доирасида ҳар йили амалга оширилаётган давлат дастурлари ижроси, шунингдек, айни вақтда барча соҳаларда шиддат билан амалга оширилаётган ислоҳотлар самаралари, бу жараёнларда “Тараққиёт стратегияси” марказининг тутган ўрни ва роли ҳақида хитойлик ҳамкорларни яқиндан таништириб ўтди.

Халқаро альянс Президенти Хи Лиу хоним бугун Ўзбекистонда кечаётган ўзгаришлар, халқ фаровонлиги йўлидаги дадил ислоҳотлар жараёнларини Хитой жамоатчилиги катта қизиқиш билан кузатаётганини ҳамда фаол қўллаб-қувватлаётганини, икки давлатнинг ўзаро муносабатлари янги даврга, сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтарилганини мамнуният билан изҳор этди.

Самимий эътироф учун миннатдорчилик билдирар экан, Элдор Туляков, ўз навбатида, Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари хусусида атрофлича тўхталди. Хусусан, шахсан давлат раҳбарининг ташаббуси билан яқинда эълон қилинган бешта ташаббуснинг мазмун-моҳияти ҳақида гапирар экан, турли манфаатлар тўқнашувлари оқибатида зиддиятлар кучайиб бораётган бугунги глобаллашув шароитида ёшларнинг маънавий иммунитети ҳамда фаол фуқаролик позициясини кучайтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб эканидан келиб чиқиб, ёш авлодга бўлган эътиборни ҳар қачонгидан ҳам ошириш мақсадида илгари сурилган бешта ташаббус ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш масалаларини қамраб олиши таъкидланди.

Учрашувда ўзаро ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари ҳақида ҳам мунозаралар олиб борилди.

Жумладан, Хи Лиу хоним “Тараққиёт стратегияси” маркази билан ҳамкорликда “Х-PRESIDENT” лойиҳасини амалга ошириш таклифини илгари сурди. Мазкур лойиҳанинг қисқача мақсад-вазифаси шундан иборатки, ўзбекистонлик энг илғор, фаол ва пешқадам ёшлар орасидан лидерлар танлаб олиниб, уларнинг бирон бир давлат президенти сифатидаги фаолиятлари ўрганилади, тадқиқ ва таҳлил этилади ҳамда тегишли хулосалар чиқарилади. Бу лойиҳа ёшларнинг келгусида ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, мустақил қарорлар қабул қилиш, қатъий позицияга эга бўлиш, раҳбарлик қобилиятини шакллантириш, энг асосийси, халқ билан мулоқот қилиш кўникмаси шаклланишида муҳим аҳамият касб этади.

Яна бир – “SHADOW” (“Соя”) деб номланган лойиҳа лидерларнинг иш фаолиятига бағишланган. Унда, айтайлик, бир нафар хитойлик талаба бир нафар ўзбекистонлик раҳбарга бириктирилиб, кун мобайнида унинг ишларини кузатади, яъни нималар қилди, ўзини қандай тутди, қандай муаммоларга ечим топди, умуман, ўз вазифасини бажариш мобайнида амалга оширган саъй-ҳаракатларини қайд этиб боради ҳамда ўз хулосаларини чиқариб, бу ҳақида оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда эълон қилади. Ушбу лойиҳанинг аҳамияти шундан иборатки, биринчидан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг шаффофлиги таъминланади, иккинчидан, раҳбар шахси ҳақида халқда муайян фикр пайдо бўлади, учинчидан, раҳбарнинг ўз ишига нисбатан масъулияти кучаяди, тўртинчидан, раҳбар қўл остидаги ташкилот ҳақида кенг жамоатчиликнинг хабардорлиги ортади.

Юзма юз мулоқот чоғида, шунингдек, яна бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш мумкинлиги ҳақида ўзаро фикр алмашилди. Мисол учун, хитойлик ва ўзбекистонлик ёшларнинг дўстлиги ва ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлаш, замонавий билимларни мукаммал эгаллаш мақсадида амалиёт ўрганиш, малака ошириш борасида талабалар алмашинувини йўлга қўйиш долзарб аҳамият касб этиши баён этилди. Бу борада Хи Лиу хоним Хитойнинг энг нуфузли Цинхуа университетининг имкониятларидан самарали фойдаланиш мумкинлигини эътироф этди.

Шу билан бирга, “Тараққиёт стратегияси” марказида хитойлик ёшларнинг амалиёт ўташларини йўлга қўйиш масаласида ҳам фикрлашилди. Бундан кўзланган асосий мақсад – хитойликларнинг Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурларини, амалга оширилаётган ислоҳотлардан хабардорлигини янада кенгайтириш, ўз навбатида, ўзбекистонликларнинг Хитой ҳақидаги билимларини мустаҳкамлашдан иборатдир.

Ўзаро мулоқот мобайнида Хи Лиу хоним, шунингдек, Марказ билан Хитойнинг Гарвард университети битирувчилари уюшмаси ҳамкорлигини йўлга қўйиш муҳимлигини қайд этди. Чунончи, дунёнинг энг етакчи бу билим даргоҳини битирган юзлаб хитойликлар бугунги кунда ўз соҳасининг йирик мутахассислари, моҳир ва тажрибали раҳбарлари сифатида фаолият юритишмоқда. Шу маънода, мазкур уюшма билан ҳамкорлик қилиш Марказ учун Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган чора-тадбирларни юқори самарадорлик билан амалга оширишда алоҳида аҳамиятга эга бўлиши муқаррар.

Учрашувда “Тараққиёт стратегияси” маркази раҳбари Элдор Туляков бугунги кунда Хитой Ўзбекистон иқтисодиётига энг кўп инвестиция киритаётган давлатлардан бири эканини, айни вақтда мамлакатда Хитой капитали иштирокида 700 дан зиёд компания ва корхона фаолият кўрсатаётгани, хитойлик сармоядорлар ўтган даврда 7,8 миллиард доллар миқдорида инвестиция киритишганини қайд этиб, хитойлик инвесторларни янада кўпроқ жалб этиш бўйича ҳамкорликдаги алоҳида лойиҳани амалга ошириш, биргаликда тадқиқотлар, тадбирлар ўтказиш ғоясини илгари сурди. У бу ҳамкорлик орқали хитойлик ишбилармонларни Ўзбекистондаги инвестициявий муҳит, кейинги вақтларда чет эллик сармоядорларга яратиб берилаётган ташкилий-ҳуқуқий имкониятлар ва кафолатлар, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлардан янада кенгроқ хабардор этиш мумкинлигини эътироф этди.

Таъкидлаш жоиз, Хи Лиу хоним ва Элдор Туляковнинг ўзаро суҳбатлари кутилганидан ҳам самарали бўлди. Томонлар жорий йилнинг июль-август ойларида “Hi China International Youth Development Aliance” ташкилоти лойиҳаси доирасида Хитой ишбилармонларининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида Тошкентда бўлиб ўтадиган тадбирларни ҳамкорликда ташкил этиш ҳақида бир қарорга келдилар. Бу эса юқорида хитойлик инвесторларни жалб қилиш бўйича билдирилган таклифнинг амалга ошиши юзасидан қўйиладиган дастлабки қадам бўлади.

Учрашув сўнгида икки ташкилот ўртасида Англашув меморандумини имзолашга ҳам келишиб олинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати