"TARAQQIYOT STRATEGIYASI"
MARKAZI
TARAQQIYOT STRATEGIYASI MARKAZIYangiliklarIjtimoiy sohani rivojlantirishning ustuvor yo`nalishlari2019САМАРҚАНДЛИК ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШУВ
"Taraqqiyot Strategiyasi" markazi

САМАРҚАНДЛИК ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШУВ


Аввал хабар берганимиздек,
“Тараққиёт стратегияси” маркази Самарқанд шаҳрида “Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказди.

Марказ раҳбари Элдор Туляков ушбу ташриф давомида Самарқанд вилоятидаги бир гуруҳ фаол ва етакчи ёшлар билан учрашди.

Давлат раҳбари томонидан илгари сурилган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мазмун-моҳиятини тушунтириш ва ушбу тарихий хужжат доирасида сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида ёшларнинг билимларини янада бойитиш, Ҳаракатлар стратегияси билан боғлиқ вазиятларни ўзаро самимий суҳбат асосида ўрганиш, таҳлил қилиш, ёшларнинг мавзу юзасидан саволларига атрофлича жавоб бериш тадбирдан кўзланган бош мақсад бўлди.

Элдор Туляков ўз маърузасида Ҳаракатлар стратегиясини биргина “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинган 2018 йилда амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида мамлакатимизда иқтисодиёт, ижтимоий соҳа ва давлат бошқарувига замонавий илм-фан ютуқлари, инновацион ғоя ва технологияларни жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар бажарилгани ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.

Хусусан, 21 триллион сўм ва 1 миллиард АҚШ долларига тенг 76 мингта лойиҳа ҳаётга татбиқ этилгани, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига мувофиқ, 400 дан ортиқ қишлоқ ва маҳаллаларда муносиб турмуш шароитларини яратишга қаратилган қурилиш ва ободонлаштириш ишларига 3 триллион сўм маблағ йўналтирилганини маълум қилди.

Шунингдек, “Ҳар бир оила – тадбиркор” ва “Yoshlar – kelajagimiz” дастурлари доирасида 2 трлн сўмга яқин маблағ ажратилиб, жойларда 2 минг 600 дан ортиқ бизнес лойиҳалар амалга оширилди.

Ижтимоий соҳани ривожлантириш, жумладан ижтимоий ҳимояни кучайтириш ва меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди ва бу аҳолининг реал даромадларини 2017 йилга нисбатан 12 фоизга ошириш имконини берди.

Ушбу натижалар Ҳаракатлар стратегияси том маънода янгича қиёфа касб этиб бораётган мамлакатимиз ва фуқароларимиз ҳаёти янада фаровон бўлишининг мустаҳкам асосига айланиб улгурганидан далолат беради, деди маърузачи.

Шунингдек, учрашувда Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосарлари Гавҳар Алимова ҳамда Рустам Қобиловлар ҳам сўзга чиқиб, юртимизда ёшлар учун яратилаётган шароит ва имкониятлар, улардан фойдаланишнинг аҳамияти, етакчи сифатида эътибор қаратиш зарур бўлган жиҳатлар хусусида ўз фикрларини билдиришди.

Тадбир доирасида Ҳаракатлар стратегиясини 2019 йилда амалга оширишга доир Давлат дастурининг дастлабки чорак натижалари хусусида ҳам иштирокчиларга маълумот берилди. Мавзу юзасидан уларнинг барча саволларига жавоб қайтарилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати