"TARAQQIYOT STRATEGIYASI"
MARKAZI
TARAQQIYOT STRATEGIYASI MARKAZIYangiliklarQonun ustuvorligini ta`minlash va sud-huquq tizimini yanada isloh qilishning ustuvor yo`nalishlari2019ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ – КЕНГ МУҲОКАМАДА
"Taraqqiyot Strategiyasi" markazi

ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ – КЕНГ МУҲОКАМАДА


Жорий йилнинг 4 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси ва “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамкорлигида “Ўзбекистон Республикасининг «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнидаги муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда депутатлар, мустақил экспертлар, тадбиркорлар, тижорат банклари вакиллари иштирок этишди. Эътиборлиси, тадбирга Жаҳон банкининг мутахассислари ҳам фаол жалб этилди.

Йиғилганлар томонидан таъкидланганидек, ушбу Қонуннинг асосий мақсади банк фойдаланувчилари, хусусан, омонатчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари устуворлигини таъминлаган ҳолда банкларнинг барқарорлиги ва улар ўртасидаги самарадор соғлом рақобатни юзага чиқаришдан иборат. Шу мақсадда мазкур ҳужжат билан банк фаолиятига рухсат бериш шартлари, мамлакат ҳудудида ушбу фаолиятни амалга ошириш, банкларни қайта ташкил этиш ва тугатиш, Марказий банкнинг банкларни пруденциал назорат қилишда пруденциал талаблар, қўлланадиган восита ва тартиб-таомилларни белгилаш борасидаги ваколатларини аниқлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мезонлари белгиланмоқда.

Янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси билан давлат ва бошқарув органларининг банкларнинг бевосита фаолиятига аралашуви илк бор қонун даражасида тақиқланмоқда. Шунингдек, банкларнинг бошқа банклар устав капиталида иштирок этиши, банк холдинглари ташкил этилиши, банкларга ўз маблағларини мустақил инкассация қилишга рухсат берилиши ҳамда банкларнинг устав капиталининг 25 фоизидан ортиқ қисмига эгалик қилиш бўйича амалдаги чекловлар бекор қилиниши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, Марказий банк томонидан бериладиган рухсатномалар, банкларни рўйхатга олиш, лицензия бериш қоидалари, Марказий банк томонидан қонунчилик талаблари асосида банклар фаолияти устидан назоратни амалга ошириш ҳамда банк фаолиятига боғлиқ бўлган бошқа масалаларнинг ҳуқуқий асослари лойиҳада аниқ акс эттирилган.

Ушбу қонун лойиҳасини тайёрлашда Жаҳон банки ва бошқа халқаро молия ташкилотлари мутахассислари яқиндан ёрдам беришгани, халқаро амалиёт ва илғор хорижий тажриба чуқур ўрганилиб, мақбул жиҳатлари жорий этилгани, мустақил экспертларнинг таклифлари инобатга олингани таъкидлаб ўтилди.

Йиғилиш иштирокчилари мазкур қонун лойиҳасини моддама модда бирма бир муҳокамадан ўтказдилар. Қизғин фикр-мулоҳазалар, баҳс-мунозаралар асосида лойиҳа янада такомиллаштирилди.

Тадбир сўнггида айтиб ўтилганидек, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши Ҳаракатлар стратегиясининг иқтисодиётни ривожлантириш бўйича устувор йўналишларида белгиланган чора-тадбирлар ижросини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, илғор хорижий тажрибада қўлланиладиган инструментлардан фойдаланган ҳолда мамлакатимизда пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш, ўз навбатида, банк тизимидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш, банкларнинг капиталлашув даражаси ва депозит базасини ошириш, истиқболли инвестиция лойиҳалари ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини кредитлашни кенгайтириш, халқаро иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, хорижий инвестицияларни жалб этишни кучайтириш масалаларида, аввало, банк соҳасига оид қонунчиликни мустаҳкамлаш лозимлигини бугунги шиддаткор даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Йиғилиш ишчан ва конструктив, сўз ва фикр эркинлигига кенг ўрин берилган ҳолда ташаббускор руҳда ўтди. Қонун лойиҳаси юзасидан ишлаб чиқилган таклифлар умумлаштирилиб, тегишли Ишчи гуруҳига тақдим этилиши ҳақида келишиб олинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати