"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

МАЪМУРИЙ СУДЛАРДА ИШ ЮРИТИШГА ЗАМОНАВИЙ ЁНДАШУВ


Бугун Тошкент шаҳрида ўз ишини бошлаган “Ўзбекистон Республикасида маъмурий судларда иш юритилиши: замонавий ҳолати ва ривожланиш истиқболлари” мавзусидаги халқаро конференция соҳани замон талаблари асосида такомиллаштириш, ўзаро тажриба алмашиш имконини беради. Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташаббуси билан “Тараққиёт стратегияси” маркази, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари Координатори офиси, халқаро ривожланиш бўйича АҚШ Агентлиги ва Германия халқаро-ҳуқуқий ҳамкорлик фонди (IRZ) ҳамкорлигида бўлиб ўтаётган конференция 15 июнь куни якунланади.

Анжуман 2018 йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми якунларини амалиётга татбиқ этиш ва “Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси” қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган “Йўл харитаси” доирасида ташкил этилди.

Конференцияда Олий суд ҳамда қуйи судлар судьялари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, «Тараққиёт стратегияси» Маркази вакиллари, Адвокатлар палатаси, шунингдек Германия, Франция, АҚШ, Россия, Австрия, Арманистон, Беларусь Республикаси, Қозоғистон, Украина, Тожикистон ва Туркманистон каби қатор давлатлардан таклиф этилган экспертлар иштирок этишмоқда.

30 дан ортиқ хорижий ҳамда 150 га яқин маҳаллий соҳа экспертларини қамраб олган тадбирни “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков очиб берди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий Суди раиси Козимжон Комилов мамлакатимизда маъмурий судлар ташкил этилганидан бошлаб то ҳозирги кунга қадар эришилган натижаларга тўхталиб ўтди. Шунингдек, очилиш қисмида БМТ Тараққиёт дастурининг  Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовскаа, ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги лойиҳалар координатори в.б. Ханс Ульрих Им ҳамда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Гарри Роббинслар ҳам сўз олиб суд-ҳуқуқ тизимининг янги институти ҳисобланган Маъмурий судлар бўйича ўзаро тажриба алмашиш нафақат Ўзбекистон балки халқаро конференцияда иштирок этаётган кўплаб давлатлар вакиллари учун ҳам муҳим эканлигини таъкидлашди.

Тадбирда эътироф этилганидек, Ўзбекистонда миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига халқаро стандартларни босқичма-босқич ва тизимли равишда жорий этишнинг ўзига хос модели яратилди. Инсон эркинлиги ва конституциявий ҳуқуқларга риоя этилишини мониторинг қилиш миллий тизими шакллантирилди.

Бу борада Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва ғояси асосида ишлаб чиқилиб, мана учинчи йилдирки, изчил амалга оширилаётган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” бош дастуриламал ҳужжатга айланди. Хусусан, Ҳаракатлар стратегиясининг “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари” деб номланган иккинчи қисмида белгиланган суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш, маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда юридик ёрдам ва хизмат кўрсатиш тизимларини такомиллаштириш, суд-ҳуқуқ тизимида қонунийликни янада мустаҳкамлаш масалалари бўйича аниқ мақсадларга қаратилган саъй-ҳаракатларни жаҳон ҳамжамияти ҳам тан олаётганига эътибор қаратилди.

Суд-ҳуқуқ тизимидаги туб ислоҳотлар натижасида мамлакатда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш, маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини, юридик ёрдам ва хизмат кўрсатиш тизимларини такомиллаштириш, суд-ҳуқуқ тизимида қонунийликни янада мустаҳкамлашнинг ҳуқуқий асослари ислоҳ этилди.

Жумладан, Ўзбекистон Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонлари асосида 2017 йил 1 июндан эътиборан Олий суд ва Олий хўжалик суди бирлаштирилиб, фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги ҳамда "Фуқаролик процессуал ва Хўжалик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунларига мувофиқ, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низолар ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати янги ташкил этилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) маъмурий судларига берилди.

Конференция доирасида секцияларга бўлинган ҳолда ташкил этилган муҳокама жарёнида Ўзбекистоннинг маъмурий адлия идоралари тизимини ривожлантириш соҳасидаги ютуқлари атрофлича муҳокама қилинди, хориж тажрибасидан келиб чиққан ҳолда маъмурий ва маъмурий-процессуал қонунчиликни янада такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди. Хусусан, маъмурий адлия идоралари тизимини ташкил этиш масалалари бўйича хорижлик экспертлар билан ўзаро тажрибалар алмашилди. Ўз навбатида, Ўзбекистонни ривожлантиришнинг устувор жиҳатлари, маъмурий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари бўйича ташаббуслари ва тажрибасини ҳисобга олган ҳолда маъмурий суд ишларини юритиш тизимини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Эслатиб ўтамиз, шўъба йиғилишлари “Суд-ҳуқуқ ислоҳоти ва маъмурий ислоҳотлар: вазифалар, муносабатлар, муаммолар, истиқболлар ва кутилаётган натижалар”, “Маъмурий судлар тизими”, “Маъмурий судлар томонидан оммавий-ҳуқуқий низолар оқибатида келиб чиқадиган ишларни ҳал этиш” ва “Маъмурий судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш” каби мавзуларда бўлиб ўтди.

Конференция эртага ҳам ўз ишини давом эттиради.

Кун тартибига кўра, “Тараққиёт стратегияси” марказида ҳам “Суд ислоҳотининг ҳозирги босқичида суд тизими фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш” мавзусида халқаро давра суҳбати ўтказилади.

 

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати