"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

СТРАТЕГИК МАҚСАДЛАРНИ КЎЗЛАГАН ФАРМОН

Президентимизнинг жорий йил 27 майдаги “Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини янада ошириш, энг юқори даражадаги қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий имижини ошириш ва мустаҳкамлашга қаратилган.

Мазкур Фармон билан 2019—2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури қабул қилиниб, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг янгиланган таркиби тасдиқланди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва унинг асосида қабул қилинаётган ҳар йилги Давлат дастурларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш жараёнида ҳам ушбу Фармон ижросини таъминлаш муҳим ўрин тутади. Жумладан, жорий йилги Давлат дастурида “Мамлакатни 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан комплекс ривожлантириш концепцияси”, “Иқтисодиёт ривожига жиддий туртки берадиган соҳаларни ривожлантириш стратегияси”, “Рақамли Ўзбекистон – 2030 миллий стратегияси” каби қатор ҳужжатлар ишлаб чиқилиши ва изчил амалга оширилиши режалаштирилган. Шу нуқтаи назардан тегишли вазирлик ва идоралар шу каби ҳужжатларни ишлаб чиқишда албатта Фармонда белгиланган талаблардан келиб чиқиб, ишлаб чиқилаётган стратегик ҳужжатларга ҳам ушбу талаблар сингдирилиши лозим бўлади. Чунки ушбу чора-тадбирларни ўз вақтида ва самарали ҳаётга татбиқ этилиши, коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига барҳам бериш билан бевосита боғлиқдир.

2019—2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш Давлат дастури ижросини таъминлашда барча давлат органлари фаолиятига рақамли иқтисодиётни кенг жорий этиш мақсадга мувофиқдир. Иқтисодиёт соҳасига бу илғор замонавий технологиянинг кириб келиши давлатнинг аҳоли ва бизнес вакиллари билан самарали ҳамкорлигини таъминлайди, қолаверса, яширин иқтсодиётга барҳам беради. Яъни, иқтисодиёт соҳасидаги барча маълумот ва ахборотлар ҳамма учун очиқ бўлади. Шунингдек, ривожланган давлатлардагидек нақд пулсиз иқтисодиётга ўтишимиз келгусида коррупция ҳолатларининг олдини олишга замин яратади.

Бунинг учун албатта давлат ахборот тизимларини ривожлантиришнинг ягона принципларини ишлаб чиқиш, ушбу соҳадаги ҳар қандай ахборот тизимлари билан узвий боғланишни йўлга қўйиш, давлат хизматларини кўрсатиш кўламини кенгайтириш ва идоралараро электрон ҳамкорлик қилишда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан янада унумли фойдаланиш даркор.

Шу билан бирга, “Электрон ҳукумат” тизими рақамли иқтисодиётнинг ажралмас таркибий қисми эканидан келиб чиқиб, таълим, соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, коммунал хизмат кўрсатиш, туризм ва бошқа соҳаларда замонавий ахборот тизимлари, дастурий маҳсулотлар ва маълумотлар базаларини жорий этиш, шаҳар ва ҳудудий инфратузилмани самарали бошқариш мақсадида «ақлли шаҳар» тизимини йўлга қўйиш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига электрон давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада кенгайтириш давлат идораларининг очиқлиги ва шаффофлигини юқори даражада таъминлаш имконини ҳам беради. Бу каби чора-тадбирлар мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотни камида 30 фоизга оширган ҳолда, коррупциянинг кескин камайишига сабаб бўлишини халқаро нуфузли ташкилотлар ва экспертлар ўтказган қатор тадқиқотлар тасдиқлаган.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, Фармонга мувофиқ, жорий йил 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида коррупция ҳолатларига кўпроқ мойил бўлган капитал қурилиш ва олий таълим соҳаларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга оширишга киришилади.

Албатта, бу лойиҳа доирасида идоралараро комиссия томонидан аниқ мақсад ва натижаларни кўзлаган тизимли ишлар амалга ошириб борилади. Яъни, ҳар икки соҳада коррупцияга мойилликни келтириб чиқариши мумкин бўлган барча элементлар эътибордан четда қолмайди. Айтайлик, капитал қурилиш соҳасида ер ажратишдан тортиб хориждан кириб келувчи қурилиш материаллари (уларни сотиб олишдан тортиб, мамлакат ҳудудига кириб келишигача) ҳамда тайёр уйларни ижтимоий адолат тамойилларига таянган ҳолда ажратишгача, ёки таълимда мактабгача таълимга қабул қилишдан бошлаб таълимнинг турли босқичларида сифат даражасигача бўлган барча жиҳатлар қамраб олинади. Мисол учун, халқаро амалиётга назар ташлайдиган бўлсак, ҳар бир ўқувчи ёхуд талабага эгаллаган билимига қараб таълим муассасаси битирувчиси сифатида турли даражалардаги диплом, ҳеч бўлмаганда сертификат берилади. Яъни, бирон бир олий ўқув юртини тамомлаган битирувчи интеллектуал салоҳиятига қараб турли тоифалардаги (юқори, ўрта, паст) дипломни қўлга киритади. Шунингдек, ихтисослигига тааллуқли бўлмаган фанлар бўйича сунъий имтиҳонлар жорий этилмайди, ўз соҳасини мукаммал билса бас. Демак, коррупция иллатининг олдини олишда шу каби омилларга ҳам алоҳида диққатни жалб этиш лозим, пировардида, фақат оқибатга қараб эмас, туб илдизлар, сабаб, шароит ва моҳиятни ҳам атрофлича таҳлил этган ҳолда фаолият олиб бориш биз кутган натижани бериши мумкин.

Элдор ТУЛЯКОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори,
Коррупцияга қарши курашиш бўйича
республика идоралараро комиссияси аъзоси