"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Диққат, “Тараққиёт стратегияси” маркази эшитади...

 
Бугун 27 июнь – Матбуот ва Оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан “Ҳаракатлар стратегияси: таҳлил, таклиф ва натижа” мавзусида Пресс-ланч ташкил этилди.

Тадбир доирасида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ижроси ҳақида фуқароларнинг фикрларини ўрганишга қаратилган fikr.strategy.uz” портали ва бошқа лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Унда “Тараққиёт стратегияси” маркази Ижрочи директори Элдор Туляков, “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилотининг Ўзбекистондаги филиали раҳбари Петра Горьюп ҳамда юртимиздаги бир қатор етакчи ОАВ вакиллари қатнашди.

Тадбирни “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков кириш сўзи билан очиб берди. У ўз сўзида даставвал, ОАВ ходимларини 27 июнь – Матбуот ва ОАВ ходимлари куни муносабати билан табриклаб, соҳа ходимларининг фаолияти Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳияти, қолаверса, Давлат дастурларининг ижроси бўйича аҳоли хабардорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этишига урғу берди.

Таъкидландики, айнан Ҳаракатлар стратегияси ҳаётга татбиқ этила бошлангач, сўз эркинлиги, жамият ҳаётида қалам аҳлининг ўрни тамомила янги босқичга чиқди. Давлат бошқаруви органлари ва ташкилотлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги борасида ҳам ижобий натижалар кўзга ташланмоқда. Шу билан бирга, фуқароларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши, Давлат дастурлари ижросига муносабатини изчил ўрганиш мақсадида “fikr.strategy.uz” порталига асос солинганини маълум қилди.

Шундан сўнг, марказ Ахборот хизмати координатори томонидан ушбу порталнинг ўзига хос жиҳатлари, ундан кўзланган мақсад хусусида батафсил маълумот берилди. Таъкидландики, лойиҳанинг афзаллиги, ушбу сўров натижасида Давлат Дастурининг ижроси бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларга фақатгина қоғозда эмас, балки амалда баҳо бериш имконияти ортади. Бунда аҳоли фикри мунтазам ўрганилиб, мониторинг ва таҳлил қилинади ва керак бўлса, аниқланган муаммолар ёки оқсаётган соҳалар бўйича масъул идораларга тегишли тартибда мурожаат қилишнинг асослари мустаҳкамланади.

Порталда саволлар сони 34 тани ташкил этади. Улар оддий, халқчил ва тушунарли қилиб, тест шаклида тузилган. Яъни мамлакат тақдирига ўзини даҳлдор деб билган инсон ўртача  8-10 дақиқа ичида ўз фикрини билдириш имкониятига эга бўлади. Қолаверса, алоҳида таклиф ва мулоҳазалар учун сўровнома охирида алоҳида файл бириктириш имконияти ҳам яратилган.

Пресс-ланч давомида ушбу лойиҳа бўйича журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди. Хусусан, сўров натижалари ҳар ой якунига кўра таҳлил қилиниб, марказ расмий сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали ёритиб борилиши иштирокчилар қизиқишларига сабаб бўлди.

Эътироф этилдики, “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан эълон қилинган “Ҳаракатлар стратегияси – тараққиёт гарови” мавзусидаги таҳлилий материаллар танлови доирасида тайёрланадиган материаллар учун ҳам ушбу сўров натижалари муҳим манбаа вазифасини ўтайди. Энг асосийси, давлат ва жамият ривожи йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабат билдириш учун яна бир муҳим мулоқот майдони юзага келмоқда.

Шунингдек, мулоқотлар давомида “Тараққиёт стратегияси” марказида ОАВ ходимлари учун қўл урилаётган "Пресс-клуб" ва "Пресс-пуул" фаолиятини йўлга қўйиш масаласи бўйича ҳам фикр алмашилди. Шунингдек, Марказнинг телеграм ижтимоий тармоғидаги канали рус тилида ҳам ишга туширилаётгани ҳамда расмий сайт фаолияти фойдаланувчилар талабидан келиб чиқиб, такомиллаштирилаётгани ҳам маълум қилинди.

Норасмий тарзда ўтказилган мулоқот чоғида журналистлар марказ раҳбари билан бевосита фикр алмашиш, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш имкониятига эга бўлдилар. fikr.strategy.uz”ни янада такомиллаштиришга оид қатор таклифларни ўртага ташладилар. Билдирилган ҳар бир таклиф келгусида албатта инобатга олиниши, бу эса, ўзаро ахборот алмашинувига асосланган ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишига эътибор қаратилди. Шу тариқа, “fikr.strategy.uz” орқали юртдошларимизнинг амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан муносабатини билдиришлари учун яна бир имконият пайдо бўлди. “Тараққиёт стратегияси” маркази фуқаролардан ушбу сўровда фаол иштирок этишини кутиб қолади.
Тадбир сўнгида иштирокчиларга касб байрамлари муносабати билан, марказнинг эсдалик совғалари ва ташаккурномалар топширилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати