• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ПЕКИНГА АМАЛГА ОШИРИЛГАН ТАШРИФ МЕВАСИ


Маълумки, жорий йилнинг 11-17 май кунлари Ўзбекистон делегацияси ишчи ташриф билан Хитой Халқ Республикасида бўлган эди. Мазкур делегация таркибида “Тараққиёт стратегияси” маркази вакиллари Хитойнинг қатор илмий-тадқиқот муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва “ақл марказ”лари билан учрашувлар ўтказиб, муҳим келишувларга эришганлиги ҳақида сайтимиз орқали хабар берилган эди.

Сафар давомида, Марказ ижрочи директори Элдор Туляков Пекин шаҳрида Хитойнинг “Hi China International Youth Development Alliance” – “Салом, Хитой” ёшлар ривожланиши бўйича халқаро альянс Президенти Хи Лиу хоним билан учрашиб, қатор йўналишлар бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича умумий келишувга эришди.

Ушбу мулоқот натижасида, ҳамкорлик янада кенгайиб, аниқ мақсадларга йўналтирилган қатор лойиҳалар бўйича ишлар бошлаб юборилди.  “Тараққиёт стратегияси” маркази “Hi China International Youth Development Alliance” Президенти Хи Лиу хонимни Хитойда келишилган лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида мамлакатимизга таклиф этди. Хитойлик тадбиркорлар ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши вакиллари иштирок этган суҳбат чоғида “Hi-China” ассоциацияси ва “Тараққиёт стратегияси” Маркази ўртасидаги ҳамкорлик, хусусан, “President-x” лойиҳаси, хитойлик ёшлар учун ўқув семинарларини ташкил қилиш масаласи муҳокама этилди. Меҳмонларга Ҳаракатлар стратегияси асосида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва иқтисодий кўрсаткичлар бўйича атрофлича маълумот берилди.

Меҳмонларнинг қайд этишича, хитойлик ёшлардан иборат делегация аъзолари Ўзбекистондаги ислоҳотлар билан яқиндан танишиш мақсадида турли вазирликлар, ташкилот ва идоралар, институтлар, “ақл марказлари”га ташриф буюриши режалаштирган. Улар учун семинар машғулотлари жорий йилнинг 20-30 июль ва 1-11 август кунлари ўтказилиши кўзда тутилмоқда. Суҳбат асносида, Хитой томони “Тараққиёт стратегияси” маркази Ижрочи директори Элдор Туляковни семинарларда академик-маслаҳатчи сифатида иштирок этишга таклиф қилди. Шунингдек, Марказнинг матбуот залида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бугунги кунда катта эътибор қаратилаётган соҳаларга бағишланган семинарни ўтказишда кўмаклашишидан умидворлигини билдирди. Қолаверса, мазкур семинар якунида Марказ директори билан 30 дақиқа давомида очиқ мулоқот ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.

Бундан ташқари, Хитой томони Ўзбекистондаги “ақл марказлари” билан Хитой университетлари ўртасида кўприк вазифасини бажаришга тайёр эканлигини алоҳида таъкидлади.

Учрашувда меҳмонлар “President-x” лойиҳаси таркибидаги “Shadow-x” лойиҳасини муҳокама қилиш чоғида Хи Лиу хоним Марказ директори Элдор Туляковни мазкур лойиҳада иштирок этишга таклиф этди.

Мулоқот давомида энг кўп эътибор қаратилган масалалардан бири - мамлакатимиздаги қулай инвестицион муҳит бўлди. Хитой делегацияси таркибидаги инвесторлар сармоя киритиш бўйича алоҳида “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш, шунингдек, кейинги беш йил давомида истиқболли инвестицион йўналишларга эътибор қаратишга оид таклифларини илгари сурдилар.

Учрашув сўнгида Хи Лиу хоним самимий қабул учун ўз миннатдорчилигини билдирди ва икки томонлама ҳамкорликни янада самарали ривожлантириш учун Меморандум имзолашга тайёр эканлигини маълум қилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати