"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ПАРИЖДА ЯНА БИР ҲАМКОРЛИККА ТАМАЛ ТОШИ ҚЎЙИЛДИ


Аввал хабар берганимиздек, айни вақтда “Тараққиёт стратегияси” маркази вакилларидан иборат делегация ишчи ташриф билан Европа давлатларида бўлиб турибди.

Делегация аъзоларининг навбатдаги учрашуви Европа Иттифоқи хавфсизлик тадқиқотлари институтининг Марказий Осиё бўйича етакчи мутахассиси С.Саари хоним билан бўлиб ўтди. Музокаралар чоғида мазкур институт билан “Тараққиёт стратегияси” Маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди.

Дастлаб Марказ ижрочи директори Э.Туляков Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда 2019 йилги Давлат дастурида белгиланган чора-тадбирлар ва уларнинг ижроси ҳақида тақдимот ўтказди. Делегация аъзолари бу борада институт вакилларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар қайтаришди.

Шундан сўнг С.Саари хоним Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирларининг 15-қўшма учрашувида расман тақдим этиладиган Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича Янги стратегияси доирасида “Тараққиёт стратегияси” маркази билан ҳамкорликдан мамнун эканини изҳор қилди. Унинг таъкидлашича, 2019 йил 17 июнь куни Европа Кенгаши томонидан Европа Иттифоқининг Марказий Осиёга нисбатан Янги стратегияси ҳақидаги хулосалари қабул қилингани Европа Иттифоқи сиёсатини минтақада пайдо бўлган янги имкониятларга мувофиқлаштиради. Ўз навбатида, Европа Иттифоқи Марказий Осиёда ўз манфаатларини илгари суришда фаол иш олиб боришни мақсад қилган ва минтақани янада барқарор, хавфсиз, фаровон бўлиши, жадал тараққий этиши йўлида минтақа давлатлари, хусусан Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга интилмоқда.

С.Саари хонимнинг эътироф этишича, Европа Иттифоқи Янги стратегияга асосланган ҳолда, икки жиҳатга эътибор қаратишни режалаштирган. Булар, биринчидан, ушбу ҳамкорлик Марказий Осиё давлатларининг мавжуд салоҳиятини кучайтириш орқали барқарорликни таъминлайди. Иккинчидан, иқтисодий модернизацияни қўллаб-қувватлаш, ўзаро алоқалар барқарорлиги ва ёшларга инвестицияларни жалб қилиш бўйича кўмаклашишдан иборат.

Учрашув якунида самимий, конструктив ва ишчан руҳда ўтган мулоқот учун томонлар бир-бирларига миннатдорчилик билдиришди ва келгусида ҳамкорликда фаолият олиб боришга келишиб олишди.

Маълумот учун: Европа Иттифоқи хавфсизлик тадқиқотлари институти (EUISS) ташқи сиёсат, хавфсизлик ва мудофаа масалаларини таҳлил қилиш билан шуғулланувчи Европа Иттифоқи агентлиги ҳисобланади. Унинг асосий вазифаси Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатларга умумий ташқи ва хавфсизлик сиёсати (CFSP), жумладан, умумий хавфсизлик ва мудофаа сиёсати (CSDP) ва бошқа ташқи масалаларни ҳал этишда кўмаклашишдан иборат.

Институт 2002 йил январь ойида Европа Иттифоқи фаолиятининг ташқи тармоқларни таҳлил қилиш, прогноз қилиш ва яратиш қобилиятини мустаҳкамлаш учун Европа Иттифоқининг қўшма ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, алоҳида муассаса сифатида ташкил қилинган.

 “Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати