• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ФРАНЦИЯДА ТАЪЛИМ ОЛИШ ИМКОНИЯТЛАРИ КЕНГАЙИШИ МУМКИН


“Тараққиёт стратегияси” маркази вакилларининг Франция Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтган учрашувида вазирликнинг континентал Европа бўлими директори Н.де Лакост мамлакатнинг ташқи сиёсат билан шуғулланувчи идоралари 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида юз бераётган муваффақиятли ислоҳотлардан хабардор эканлигини маълум қилди.

Н.де Лакост, шунингдек, француз томони Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган мақсад-вазифаларни амалга оширишга кўмаклашишга тайёр эканини, айниқса, кадрлар тайёрлаш соҳасида Ўзбекистон-Франция ҳамкорлигини янада кенгайтириш мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлади. Шу билан бирга, у бугунги кунда Францияда фаолият кўрсатаётган бир қатор халқаро миқёсдаги университетларда дунёнинг турли давлатларидан келиб таҳсил олаётган талабалар кўплиги, улар сафида ўзбекистонлик ёшларни ҳам кўришдан мамнун бўлишини маълум қилди. Ўзбекистон ёшлари, ёш олимлари ва ёш тадқиқотчиларини билим ва малакаларини ошириш мақсадида Франциянинг нуфузли олий ўқув юртлари, илмий муассасаларига юбориш таклифини берди.

Н.де Лакост, сўзида давом этиб, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашда Европа Иттифоқи дастурларининг муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб, бунда яна бир лойиҳа – Европа Иттифоқи ва Марказий Осиёда қонун устуворлиги платформаси ва унинг натижалари алоҳида эътиборга лойиқ эканига урғу берди. У Европа Иттифоқининг минтақада кўзлаган асосий сиёсий манфаатлари хавфсизлик, барқарорлик ва фаол иқтисодий алоқалар эканини эътироф этди.

Ўз навбатида, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Э.Туляков Ўзбекистон ташқи сиёсатида кейинги вақтларда юз бераётган очиқлик, шаффофлик натижасида эришилаётган натижаларга тўхталиб, хориж давлатлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари жадал суръатларда ўсиб бораётганини айтиб ўтди.

Н.де Лакост 2021 йилдан кейин Ўзбекистоннинг янги ривожланиш Стратегиясини ишлаб чиқиш, бу борада ҳужжатга киритиладиган устувор йўналишлар билан ҳам қизиқди. Ўзбекистон вакиллари бу борада ҳам батафсил маълумотлар беришди.

Учрашув сўнггида икки давлат ўртасидаги алоқаларни янада кенгайтириш бўйича барча таклиф ва ғояларни ўрганиб чиққан ҳолда, “Тараққиёт стратегияси” маркази билан ҳамкорликда иш олиб боришнинг истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати