"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ФРАНЦИЯНИНГ НУФУЗЛИ СТРАТЕГИЯ МАРКАЗИ БИЛАН АЛОҚА ЎРНАТИЛДИ


1973 йилда Франция Ташқи ишлар вазири Мишел Жобер томонидан Таҳлил, прогнозлаш ва стратегия Маркази (CAPS)ташкил этилган.

Марказ бевосита вазирга бўйсунади, аммо минтақавий ва тематик нуқтаи назардан халқаро муҳитда ўрта ва узоқ муддатли ўзгаришларнинг ўзаро интизомий ва истиқболли томонларини таҳлил қилиш, халқаро алоқалар доирасида тадқиқотларни рағбатлантириш каби қатор вазифаларни амалга оширишда мустақил фаолият юритиш ҳуқуқига ҳам эга.

Европа мамлкатларидаги ташқи ишлар вазирликлари ходимлари, шунингдек, бошқа вазирликлар, хусусий сектор ёки тадқиқот марказлари мутахассисларини ўз сафида бирлаштиради. Қолаверса, алоҳида маслаҳатчилар, хусусан, тадқиқот марказларига (марказ фаолияти билан боғлиқ иш юзасидан) буюртма бериши ҳам мумкин.

Бундан ташқари, 1989 йилда ушбу Марказга шахсларни келажакка таклиф қилиш дастури (PIPA) ишониб топширилган. Ушбу дастур орқали ҳар йили сиёсий соҳа ёки фуқаролик жамиятининг бошқа институтларида фаолият юритаётган ёш хорижлик мутахассислар билан ҳамкорлик йўлга қўйилади.

“Тараққиёт стратегияси” Маркази раҳбари Францияга ташрифи доирасида ушбу йирик ташкилот директори А.Эскорсия билан учрашди. Дастлаб, Элдор Туляков, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси бўйича мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётида юз бераётган муваффақиятли ислоҳотлар хусусида мезбонларга батафсил маълумот берди.

Мулоқот чоғида А.Эскорсия 2017 йилнинг апрель ойида Франция Ташқи ишлар вазири Ж.М.Эро бошчилигидаги делегация таркибида Ўзбекистонга ташриф буюрганини маълум қилди. У ўз сўзида Франция ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни юксак даражада баҳолаб, 2018 йил 8-9 октябрь кунлари Ўзбекистон Президентининг Францияга ташрифи икки томонлама муносабатлар ривожига янгича руҳ берганини қайд этди.

Шунингдек, А.Эскорсия Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатига урғу бериб, француз томони Ўзбекистоннинг минтақада ўсиб бораётган ролини қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Таъкидландики, Тошкентнинг Марказий Осиё мамлакатлари хавфсизлиги, тинчлиги ва ҳамкорлигини мустаҳкамлашда олиб бораётган фаол сиёсати мамлакатнинг халқаро ҳамжамиятда нуфузининг ортишига сабаб бўлмоқда.

А.Эскорсия мамлакатда ижтимоий-иқтисодий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб, ижтимоий фикрни ҳисобга олган ҳолда тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича тажриба алмашишга тайёр эканини билдирди. Франция Бош вазири ҳузурида “France Strategy” тадқиқот маркази бўлиб, у асосан, ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўрганиш, уларнинг таҳлили, шунингдек, ҳисобот ҳамда таҳлилий материалларни нашр этиш билан шуғулланади. Шунингдек, Марказ ижро этувчи ҳокимиятга тавсиялар беради, мунозара ва муҳокамалар ташкил қилади. Уларда билдирилган таклифлар асосида зарур тавсиялар ишлаб чиқади. Шу билан бирга, давлат сиёсатини баҳолашда иштирок этади. Шу муносабат билан, А.Эскорсия “Тараққиёт стратегияси” маркази ва “France Strategy” тадқиқот Маркази ўртасида ўзаро алоқа ўрнатиш, ахборот ва тажриба алмашиш, муносабатларни мустаҳкамлаш таклифини ўртага ташлади.

Таҳлил, прогнозлаш ва стратегия Маркази раҳбарининг таъкидлашича, демократик жамиятни фуқаролик жамияти ва унинг иштироксиз тасаввур қилиб бўлмайди. Франция жамоатчилик фикрини ўрганиш соҳасида катта тажрибага эга. Шундан келиб чиқиб, иккала Марказ ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ўзаро тажриба алмашиш ва бу борада янада самарали лойиҳалар ишлаб чиқишга туртки бўлиши алоҳида қайд этилди.

Учрашув якунида “Тараққиёт стратегияси” маркази ва Таҳлил, прогнозлаш ва стратегия Маркази ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш, ахборот ва тажриба алмашиш бўйича келишувга эришилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати