"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ” МАРКАЗИ – БУНДЕСТАГ ЭЪТИБОРИДА


Аввал хабар берилганидек, “Тараққиёт стратегияси” маркази делегацияси Европа давлатларида ишчи ташриф билан хизмат сафарида бўлди. Жумладан, жорий йилнинг 1-3 июль кунлари Марказ вакиллари Германия Федератив Республикасида бўлиб, энг аввало, Бундестагда фаолият олиб бораётган қатор партиялар вакиллари билан учрашувлар ўтказишди.

Дунё миқёсида катта нуфузга эга бўлган Бундестаг Германиянинг парламенти бўлиб, қонунлар қабул қилишдан ташқари халқаро шартномаларни ратификация қилиш, Федерал канцлер ва судьяларни сайлаш, Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини назорат қилиш, давлат бюджетини тасдиқлаш каби муҳим функцияларни ҳам бажаради.

Ана шундай улкан салоҳиятга эга бўлган Германия парламентида етакчи ўрин тутувчи бир нечта партиялар вакилларининг “Тараққиёт стратегияси” маркази делегацияси билан мулоқот қилишга бўлган қизиқишлари бу, биринчи навбатда, бугун Ўзбекистонда янги босқичда изчил кечаётган демократик ўзгаришлар ва жамият ҳаётида юз бераётган янгиланиш жараёнлари билан боғлиқ, албатта.

Жумладан, Германиянинг Христиан-демократик иттифоқи/Христиан-социал иттифоқи (ХДИ/ХСИ) партиялари альянсидан Бундестаг депутатлик бюроси раҳбари жаноб Филипп Шмидт, “Иттифоқ 90/Яшиллар” партиясидан депутат жаноб Отмар фон Хольтц, “Германия учун муқобил” партиясидан депутат жаноб Маркус Фронмайер, Бундестаг парламент маслаҳатчиси, Марказий Осиё бўйича эксперт жаноб Андреас Ян билан юзма юз мулоқотлар самимий ва конструктив руҳда кечди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ўз тақдимотлари орқали немис парламенти вакилларини бугунги кунда Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, жумладан, Ҳаракатлар стратегияси ҳамда жорий йилдаги “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури доирасида ҳаётга жорий этилаётган амалий саъй-ҳаракатларнинг натижалари билан яқиндан таништирди.

Бу ўринда қонун устуворлигини таъминлаш, парламент назорати, ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича тажриба алмашиш, шунингдек, туризм ва маданий алоқаларни ривожлантириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва бошқа соҳаларда парламентлараро икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувларда Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги ўзаро муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, қонунчилик, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш масалалари ҳамда немис ва ўзбек халқлари манфаатларини таъминлашда ҳар икки давлат парламентининг дўстона алоқалари долзарб аҳамиятга эга эканини томонлар якдиллик билан эътироф этдилар.

Германиялик парламентарийлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган янгиланишлар, хусусан, очиқлик сиёсати, ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш борасида рўй бераётган ўзгаришларни юқори баҳолашди ва ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда “Тараққиёт стратегияси” маркази билан доимий ҳамкорликка тайёр эканликларини баён этишди.

Ўз навбатида, Марказ раҳбари Ўзбекистон делегациясига кўрсатилган юксак эътибор ва самимий ҳурмат учун миннатдорчилик билдириб, жаҳон ҳамжамиятида энг юқори ўринлардан бирида турувчи Бундестаг билан ҳамкорлик тараққиётнинг стратегик мақсадларига эришида салмоқли ўрин тутишини таъкидлади.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон ва Германия парламентлари ўртасидаги ўзаро алоқалар тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Айни вақтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Бундестаг билан ҳамкорлик бўйича “Ўзбекистон – Германия” гуруҳи, Бундестагда эса “Германия Федератив Республикаси – Марказий Осиё” гуруҳи фаолият кўрсатмоқда. “Тараққиёт стратегияси” марказининг мазкур олиймақом парламент билан келгусидаги ҳамкорлиги эса, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да белгиланган вазифаларнинг сифатли ва самарали ижросига хизмат қилади.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати