"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“Тараққиёт” республика танлови ғолиблари аниқланди


Мамлакатимизда истиқболли бошқарув кадрларининг тизимли асосда танлаб олинишини таъминлаш, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа давлат органлари ва ташкилотлари тизимида уларнинг касбий малакасини узлуксиз ошириб боришга кўмаклашиш мақсадида 2018 йил 30 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиган бўлиб, унга мувофиқ “Тараққиёт” республика танловини эълон қилиш ва ўтказиш бўйича бир қатор ишлар олиб борилди. Хусусан:

Танловда иштирок этиш учун махсус веб-порталда (www.taraqqiyot-tanlov.uz) Республикамиз бўйича 8334 нафар талабгор  танловда қатнашиш учун рўйхатдан ўтди ва сўровнома тўлдирди. Сўровномалар танлов номинациялари бўйича шакллантирилган ишчи гуруҳлар томонидан ўрганиб чиқилди. 4509 нафар иштирокчи танловда қатнашиш учун белгиланган талабларга жавоб бермаслиги аниқланди, 3825 нафар иштирокчи эса, танловда иштирок этишга тавсия этилди.

Танловнинг 1-тур онлайн тест босқичи натижаларига кўра 2455 нафар, 2-тур онлайн тест босқичи натижаларига кўра эса 1356 нафар иштирокчи навбатдаги босқичга тавсия этилди.

2018 йилнинг 16 декабрь куни танловнинг ахборот-таҳлилий материал (доклад) тайёрлаш босқичи ўтказилди. Босқич натижаларига кўра, қарорга мувофиқ 300 нафар иштирокчи танлаб олинди. Улар навбатдаги босқичга тавсия этилди.

Жорий йилнинг 2 март куни иштирокчилар учун ташкилотчилик қобилияти ва бошқарув салоҳиятини аниқлаш бўйича ёзма тест синови ўтказилди. Мазкур босқич натижасига кўра, қарор асосида 150 нафар иштирокчи танловнинг финал босқичида иштирок этишга тавсия қилинди.

Танловнинг финал босқичи 2 кичик босқичдан иборат бўлиб, 1-кичик босқичида номзодлар гуруҳларда муаммоли вазият (кейс)ларни муҳокама қилиб ҳал этиши, 2-кичик босқичида эса ҳар бир номинация бўйича Танлов комиссиялари билан якка тартибда суҳбат ўтказилиши назарда тутилган.

Жорий йилнинг 9-16 март кунлари танловнинг финал босқичи ўтказилди. Танловнинг финал босқичида баҳолаш мезонлари сифатида қуйидаги компетенциялар белгиланди: бошқарув профессионализми, лидерлик қобилияти, тизимли фикрлаш салоҳияти, ўзгаришларга мослашувчанлик.

Ғолибларни аниқлашда танлов комиссиялари таркибида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Администрацияси масъул ходимлари, Давлат бошқаруви академияси профессор-ўқитувчилари ҳам иштирок этди. Танловнинг якуний босқичи натижасига кўра, 50 нафар ғолиб ва 100 нафар финалчи аниқланди.

Танловнинг 50 нафар ғолибларига энг кам иш ҳақининг 50 баравари миқдорида, финал босқичида иштирок этган 100 нафар иштирокчиларга энг кам иш ҳақининг 25 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади. Шунингдек, танлов ғолиблари тегишли йўналишлар бўйича давлат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларига тайинланади. Шунингдек, улар эндиликда танловнинг тегишли номинациялари бўйича ривожланган хорижий мамлакатларнинг соҳага оид ташкилотларида малака оширади. Финал босқичининг қолган иштирокчилари тегишли давлат ташкилотларининг бошқарув кадрлари захирасига киритилади. Қолаверса, иш билан таъминланганидан сўнг, танловнинг тегишли номинациялари бўйича ривожланган хорижий мамлакатларнинг соҳага оид ташкилотларида малака оширади.

Қўшимча маълумотлар ва янгиликлар билан махсус веб-портал (taraqqiyot-tanlov.uz)нинг “Янгиликлар” қисмида танишиб бориш мумкин.